Линклар

Жанггарилар жирға йиғинини бузмоқчи бўлди



Президент Ҳамид Карзай Кобулда бошланган “Тинчлик жирғаси” иштирокчилари олдида нутқ сўзлаётган маҳал пойтахтда иккита портлаш содир этилди ва ўқ овозлари эшитилди.

Афғон полициясига кўра, йиғин ўтказилаётган жойга ўтишга уринган икки жангари хавфсизлик кучлари томонидан отиб ўлдирилган, бир нафари эса қўлга олинган. Бир худкуш шахс эса йиғин ўтказилаётган жойга яқин ҳудудда ўзини портлатиб юборган.

Ҳозирча талофатлар тўғрисида ҳеч қандай маълумот ошкор қилинмади. Бугунги ҳужум учун масъулиятни толибон жангарилари ўз зиммасга олди.

Портлаш овозларини эшитган президент Ҳамид Карзай “Тинчлик жирғаси” иштирокчиларини осойишталикка чақириб, ўз нутқини давом эттирди.

- Мен толиб биродарларимизга яна бир бор мурожаат қилмоқчиман. Бу замин ҳам сизники. Тўғри йўлга қайтинглар, агар мен хато қилган бўлсам, мен уни тан оламан. Агар сиз хато қилаётган бўлсангиз, сиз ёмон йўлдан қайтишингиз лозим. Илтимос фарзандларимизни ўлдирманглар, тинчлик чақириғимизни қабул қилинглар. Хорижликлардан озод бўлинглар. Бугун улар сизларга қурол бериб, эртага сизни қамоққа тиқадилар. Бу қанақа жиҳод? деди Ҳамид Карзай ўз нутқида.

Жирға қатнашчилари президент Карзай таклиф қилаётган Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик ўрнатиш дастури¸ ҳамда тинчлик музокараларида ким қатнашиши мумкинлигига оид масалаларни муҳокама қилади.

Мазкур тадбир Карзай ҳукуматининг афғон халқи, жумладан, Толибон ҳаракати таянчини қозониш уринишларининг навбатдагисидир.

Ушбу йирик йиғин жорий йил ёзида Афғонистон ва хорижий қўшинларнинг Қандаҳорда кенг кўламли ҳарбий амалиётларни бошлаши ва келаси йилдан бошлаб халқаро қўшинлар сонининг камайтирилиши арафасида ўтказилмоқда.
XS
SM
MD
LG