Линклар

logo-print

Қўқон ҳокимлиги суддаги адолатсизликни тузатмоқчи...

  • Сарвар Усмон

Оддий халқ¸ Ўзбекистон судлари чиқараëтган аксар ҳукмларни адолатсиз¸ деб баҳолайди.

Оддий халқ¸ Ўзбекистон судлари чиқараëтган аксар ҳукмларни адолатсиз¸ деб баҳолайди.

Қўқонлик Одилжон Юсупов маҳаллий Фуқаролик ишлари бўйича Қўқон шаҳар суди чиқарган ажримдан норозилик билдириб 1 июн куни очлик эълон қилди. Аммо ҳокимият ва прокуратура вакиллари берган ваъда асосида бу норозилик кечга бориб тўхтатилди.


Аввалига очлик эълон қилган Одилжон акани биладиганларни излаб топдик.

Улардан бири қўқонлик Адҳам ака ҳамшаҳри тўғрисида мана буларни айтиб берди:

- Одилжон Юсупов ўзи юрист бола. Жуда одамларга савоб иш қилиб юрадиган бола. Бирлик пайдо бўлганда¸ биринчи бирликчилардан бўлган. Мустақиллик учун курашган болалардан. Афғонда хизмат қилиб битта қўлини йўқотган. Битта қўли йўқ. яхши юрист. Бизга ҳар томонлама қонуний йўллар билан маслаҳат бериб¸ керакли жойларда бизга ëрдам бериб юрган бола¸ дейди Адҳам ака.

Одилжон акани биладиган бошқа қўқонликларнинг айтишича, у киши Афғонистонда хизмат қилган аскарлар Қўқон шаҳар уюшмаси раҳбари ҳамдир.

Одилжон ака Юсупов оилали, турмушга чиққан бир қизи, вояга етган икки ўғли бор – бири Москвада ўқийди, иккинчиси ўша ерда ишлайди. Рисоладагидай бир оила.

Бир қўли йўқ, ёши 50 ка чиққан Одилжон ака ҳам тирикчилик кўйида уч-тўрт йил Россияга кетиб¸ ўша ëқларда ишлаб юрди.

Мана бир йилдирки, Одилжон ака яна Қўқонда.

Бошига тушган иш ўша – Россияда юргани даврда бошланган.

Одилжон ака очлик акциясини 1 июн куни кечга яқин бошлади.

- Кечки 17 да.

Озодлик: Нима учун очлик эълон қилдингиз?

- Сабаби суд органларида талабларимнинг ўз вақтида бажарилмаганлиги. Қўқон шаҳар фуқаролик судяси Аҳмедова Гулнорани 4 майда менинг иштирокимсиз уйдан кўчириш тўғрисидаги чиқарган ноқонуний ажрими сабаб бўлди¸ дейди Одилжон ака.

Судя Гулнора Аҳмедованинг, Одилжон аканинг фикрича¸ адолатсиз ажрими, ижро этилди.

Одилжон ака оиласи билан ўзининг Қўқон шаҳар Навоий мавзеида жойлашган 67-уйдаги 42- квартирасидан суд ижрочилари томонидан мажбуран чиқариб юборилди.

Одилжон ака ўз квартираси билан боғлиқ судлов тарихини батафсил айтиб берди. Биз ўша тафсилотларга тўхталиб ўтирмоқчи эмасмиз.

Фақат шуни айтмоқчимизки, Одилжон аканинг оиласини уйидан чиқариб юборишга асос бўлган ажримдан олдин бошқа бир ажрим чиқарилган ва ўшандан сўнг бу чигал иш Олий Судгача етиб борган.

- Олий суд ишни кўргунга қадар суд ижрочиси тўхтатилган эди. Ижрочилар бизнинг уйга келишга ҳақли эмас эди. Айнан Олий судда иш ҳал бўлмасдан туриб Аҳмедова Гулнора яна ўзининг ташаббуси билан суд қарорининг қарор қисмининг ўзини ўзгартириб¸ даъвогарга нисбатан чиқартириб берган¸ дейди Одилжон ака.

“Ажримни судя даъвогар фойдасига чиқарган”, деяпти Одилжон ака.

Унинг 67-уйдаги 42- квартирасига суд ижрочилари даъвогарни киритиб қўйишгаям улгурди. Ҳар ҳолда Одилжон ака шундай деяпти.

Одилжон ака Юсуповнинг айтишича, хотини шу кунда уйини эгаллаб олган шахсдан уйни гаровга қўйиш эвазига қарз кўтарган. Қарзни проценти билан қайтариб ҳам беришган.

Одилжон ака: Тўла қайтариб олганлигини ҳам тан олади ўзи. Аслида 10 фоизга берган бўлган. 10 фоизи билан қайтариб берилган бўлишига қарамасдан улар фоизини кўпайтириб¸ 30 фоиз талаб қилган. 15 миллион сўм эвазига фоизи билан 37 миллион 500 минг пул олган.

Озодлик: 15 миллион 37 миллион бўлиб кетганми?

- 37 миллион 500 минг олган. Қўлига теккан пул. Ўзлари тан олади шуни. “Ҳақиқатан олганмиз” дейди. Энди ҳозир булар фоизни 30 фоиздан ҳисоблаб яна 20 фоиз устама қўшиб 15 миллионни ҳисоблаб чиқиб туриб 20 миллион ҳаққим бор¸ деган маънода судга берган. Уйни сотиб олдим мен деб. Аслида уйга пул бермаган¸ дейди Одилжон ака.

Хуллас, ана шунақа чигал иш, битта радиомақолада учини топиш маҳол калавадир Одилжон аканинг иши.

Лекин у киши очлик эълон қилиш даражасига етган экан, демак, судя чиндан ҳам адолатсизлик қилган бўлиши мумкин.

Шунинг учун судя Гулнора Аҳмедовага қўнғироқ қилдик.

Биринчи гал ўзини “Гулнора опанинг котибиман”, деб таништирган йигит судянинг тушликда эканлигини айтди.

Тушлик тугагандир, деган тахмин билан яна боғландик. Бу сафар телефонни аёл киши кўтарди ва “Гулнора опа процессга кириб кетди, қачон чиқари номаълум”, деди.

Шундан сўнг воқеа тўғрисида биринчи бўлиб хабар тарқатган "Эзгулик" билан боғланиб, жамият вакили Абдураҳмон Ташановдан сўрадик:

Озодлик: Қўқонлик Одилжон ака Юсуповнинг айтишича¸ суд ғайриқонуний ажрим чиқарган. Агар у кишининг гапи рост бўлгудай бўлса¸ бу фавқулодда ҳодисами ëки шундай ғайриқонуний ажримлар бўлиб турадими?

- Умуман фуқаролик судлари фаолиятига назар ташлайдиган бўлсак¸ жуда кўп ҳолатларда адолатсиз қарорлар чиқариши одатий нормаларга кириб бораëтганини кузатамиз. Масалан¸ Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари Эзгулик жамиятига тушадиган шикоятлар¸ мурожаатларнинг асосий қисми фуқаролик судларининг адолатсиз қарорлари орқали келиб тушади. Буни ҳукумат ҳам жуда яхши билади. Масалан¸ ўтган йили фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судининг бешта судяси бир пайтнинг ўзида президент фармони билан лавозимидан четлатилиб¸ жиноий жавобгарликка тортилган эди¸ дейди Абдураҳмон Ташанов.

Очлик эълон қилган Одилжон ака Юсупов ишига оид мақоламиз битмай туриб Қўқондан бир умидбахш хабар ҳам олдик.

Гап шундаки, куннинг биринчи ярмида Одилжон ака билан гаплашар эканмиз, у киши тушдан кейин прокуратура вакиллари келиши мумкинлиги тўғрисида айтган эди.

Шунинг учун Одилжон ака билан кечга яқин яна боғландик.

Озодлик: Прокуратура вакили келади¸ деган эдингиз? Келдими?

Одилжон ака: Уч яримларда келди. Тўртга яқин келишди.

Озодлик: Нима дейишди?

Одилжон ака: Ҳокимият вакили билан келиб қонуний ҳал қилиб беришни айтиб кетишди. Ҳал қилиб беришни ваъда қилишди.

Озодлик: Қандай қарорга келдингизлар? Сиз очликни тўхтатадиган бўлдингизми?

Одилжон ака: Ҳа. Мен юрагимнинг мазаси бўлмаганлиги учун ҳозир докторга келдим.

Озодлик: Масалангизни неча кунда ҳал қилиб беришга ваъда беришди?

- Эртага обедгача¸ дейди Одилжон ака.

Буни қаранг, одатда ойларга чўзиладиган суд ишини прокуратура ва ҳокимият вакиллари “эртага обедгача” ҳал қилиб беришга ваъда берворишибди.

“Ишонмай дейману ишонмай бўлмас”, дейиш ўта қийин бу ҳолатда. Ҳай, майли, қани кўрайлик-чи, қандай ҳал бўлар экан бу иш.

Демак, бу мавзуга яна қайтамиз.
XS
SM
MD
LG