Линклар

logo-print

Исроил фаолларни депортация қила бошлади


Исроилдан Иорданияга ўтказилган фаоллар хушнудлик билан қарши олинди.

Исроилдан Иорданияга ўтказилган фаоллар хушнудлик билан қарши олинди.

Исроил ҳукумати Ғазо минтақасига инсонпарварлик ёрдами олиб кетаётган кемаларда қўлга олинган 700 га яқин фаолни мамлакатдан депортация қила бошлади.


Денгиздаги қонли воқеадан сўнг қўлга олинган фаолларнинг дастлабки қисми эрта тонгда автобусларда Иордания чегарасига етиб келдилар. Исроил ҳукумати келаси 48 соат ичида барча фаолларни мамлакат ҳудудидан чиқариб юборишини маълум қилди.

“Озодлик флотилияси” билан рўй берган қонли воқеалар қизғин муҳокама қилинаётган бир пайтда Исроил ҳукумати кемаларда ўтказилган рейд чоғида қўлга олинган фаолларни бирин-кетин мамлакатдан депортация қила бошлади.

Фаолларнинг биринчи қисми, тахминан 120 киши бешта автобусда Алленби кўприги орқали Иорданияга етиб келдилар.

Исроил қамоқ хизмати матбуот вакили сўзларига кўра, фаолларнинг бир қисми Бен Гурион аэропорти орқали мамлакат ҳудудидан чиқариб юборилмоқда.

Мамлакат Бош вазири Бенямин Нетаняҳу маъмурияти тарқатган баёнотда айтилишича, Исроил ҳукумати жами 35 давлатдан бўлган 630дан ортиқ фаолни келаси икки кун ичида депортация қилишни режалаган.

-Флотилия таркибида қўлга олинган шахсларни мамлакатда ушлаб туришдан Исроил манфаатдор эмас. Уларнинг бу ерга келишига ҳожат йўқ эди, бироқ улар келди ва биз имкон қадар тез фурсатда уларни мамлакатдан чиқариб юбормоқчимиз, деди Исроил Ташқи ишлар вазирлиги матбуот вакили.

Бироқ расмийларга кўра, Исроил хавфсизлик кучларига қаршилик кўрсатган 50дан ортиқ фаол ушбу воқеа ташфтиш қилингунга қадар ҳибсда сақланади.

Душанба куни Ғазо минтақасига инсонпарварлик ёрдами олиб кетаётган кемаларда Исроил хавфсизлик кучлари ўтказган амалиёт чоғида тўққиз киши нобуд бўлди, ўнлаб киши тан жароҳати олди.

Исроилдан депортация қилинган қувайтлик фаоллардан бири душанба кунги қонли воқеани тасвирлай туриб:

-Улар шафқатсизларча ҳужум қилди. Улар қонуний¸ балким ноқонуний равишда қурол ишлатдилар. Улар резина ва ҳақиқий ўқлар, шовқин гранаталари ва кўздан ёш оқизувчи газдан фойдаландилар. Улар кемада назорат ўрнатиш мақсадида у ерда бўлганларни резина таёқлар билан ҳам калтаклади, дейди.

Исроил томони эса¸ кемага тушган ҳарбийлар ўзларини ҳимоя қилишга мажбур қолиб ўт очганини таъкидламоқда.

Халқаро майдонда эса мазкур воқеа кескин эътирозларга сабаб бўлди. Исроил ҳаракатларини биринчилардан бўлиб Туркия ҳукумати қоралаб чиқди. Ғазога инсонпарварлик ёки олиб кетаётган кемалар ўз сафарини айнан Туркия портидан бошлаган ва кемалардаги фаоллардан аксари Туркия фуқаролари бўлган. Кемадаги рейд чоғида нобуд бўлган тўққиз шахснинг аксари ҳам Туркия фуқароларидир.

Айни пайтда¸ расмий Анқара АҚШдан Ғазога инсонпарварлик ёрдамини олиб кетаётган флотилияга ҳужум қилиб, тўққиз нафар фаолни ўлдирган Исроилни қоралашни талаб қилмоқда.

Туркия Ташқи ишлар вазири Аҳмат Довутўғли АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон билан учрашувдан аввал журналистлар билан мулоқоти чоғида Обама маъмурияти воқеага билдирган муносабатидан расмий Анқаранинг ҳафсаласи пир бўлганини баён қилди.

Туркия Бош вазири Ражаб Тоййиб Эрдўғон Исроилнинг Туркияга қарашли кемага қилган ҳужумини “қонли қатлиом”, дея атади.

Туркия Хавфсизлик кенгашининг фавқулодда мажлисида Эрдўғон Исроилнинг инсонпарварлик ёрдамини олиб кетаётган кемаларга қилган ҳужуми “ҳар томонлама лаънатланишга лойиқ”, дея таъкидлади. Бу мажлисда Туркия Мудофаа вазири, разведка хизмати бошлиғи ва ҳарбий штаб бошлиғининг ўринбосари қатнашди. Эрдўғоннинг чоршанба куни Туркия парламенти олдида воқеа юзасидан чиқиш қилиши кутилмоқда.

Айни пайтда, БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши ўтказиши кутилаётган фавқулодда йиғинда Исроилнинг Ғазога ёрдам олиб кетаётган флотилияга қилган ҳужуми юзасидан халқаро тергов ўтказилиши масаласини муҳокама қилинади.

Сешанба куни эса БМТ Хавфсизлик кенгаши Исроил ҳаракатларини қоралаб, воқеа юзасидан “холис ва шаффоф тергов” ўтказишга чақирди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG