Линклар

logo-print

Тошкентда хусусий таксилар йўқотилиши мумкин

  • Барно Анвар

“Тошшаҳартрансхизмат” ассоциациясининг пойтахт кўчаларига чиқарилган биринчи таксиси.

“Тошшаҳартрансхизмат” ассоциациясининг пойтахт кўчаларига чиқарилган биринчи таксиси.

Ўзбекистоннинг аксар шаҳарларида бўлгани каби пойтахт Тошкентда ҳам минглаб оилалар қозонини бозор ва хусусий таксичилик қайнатиб турган айни кунларда¸ ҳокимиятдагилар оддий пойтахтликларни бу даромад манбаидан ажратишга киришган кўринади.


Тошкент шаҳар ҳокимияти пойтахтдаги киракаш таксиларни “Тошшаҳартрансхизмат” ассоциацияси таксилари билан алмаштириб, транспортнинг шу тури бўйича хизматдан қўшимча солиқ йиғмоқчи.

Ахборот воситаларининг шаҳар ҳокимияти вакилларига таяниб хабар қилишича, ноқонуний такси фаолияти боис шаҳар бюжетига солиқдан йилига 12 миллиард сўм, ойига йиғиладиган нақд пул тушумида эса 9 миллирад сўм камомад бўлади.

Аммо айни вақтда бу камомадни қоплашга эришиш ҳам осон кўринмайди. Боиси баъзи манбаларга кўра, шу кунларда Тошкент шаҳрида кира қилиб юрган автомобиллар сони 25 мингдан ошиқроқ.

Тошкент шаҳрида 5 йилдан буён киракашлик қилаётган Хайрулло сўнгги беш йил ичида ўз автомобилида таксичилик қилаётган ҳайдовчилар сони 4–5 барорбарга кўпайиб кетди, деб ҳисоблайди.

Хайрулло: Ҳозир машинаси бор одам¸ даже иномаркаси бор одам ҳам кечки пайт ишдан чиқишда кира қилади. Нексиялар 100 фоиз киракаш бўлиб кетди ҳозир. Матиз¸ Тиколар 100 фоиз. Бойвачча бўлсин¸ катта жойда ишласин по пути одам олиб кетади. Ўзининг машинаси. Хоҳласа одам ташийди¸ хоҳласа юк ташийди. Бир хиллaр шунинг орқасидан тирикчилик қилади¸ бир хиллар пенсионер. Арендага олганлар ҳам бор. 400-500 доллар тўлайдиган одамлар бор.

Озодлик: Ойига-а?

- Ҳа. Олган болалар бор. 400-500 доллар дейишди. “Бола-чақамни боқаман¸ келажакда машина ўзимга қолади” деб олган¸ дейди Хайрулло.

Шаҳарда киракаш автомобиллар кўпайгани боис, бундан келадиган тушум ҳам 5 йил аввалгидекмас, дейди Хайрулло. Мисол учун, пойтахтлик яна бир киракаш Қобил ака шу иш билан рўзғор тебратади.

- Ўртача 30 мингда. Гоҳида 10 минг¸ гоҳида 40-50 минг ҳам қолади. Обед¸ бензиндан ташқари 30 минг қоладида¸ дейди Қобил ака.

Кун давомида ёҳуд ишга бориш ва қайтишда ишлаб топиладиган ўртача 30 минг ўзбек сўми ҳар ҳолда ёмон пул эмас, аммо, бундан солиқ тўлашга тўғри келса, у ҳолда таксичилик қилишдан фойда йўқ, дейди Қобил ака Тошкент шаҳар ҳокимиятининг янги ташаббусини эшитиб.

Шу кунларда Тошкент шаҳар ҳокимияти шаҳар бюжетига тушадиган нақд пул тушуми ва солиқдаги камомадни қоплаш мақсадида шаҳардаги ноқонуний такси фаолиятини тартибга солиш йўлидаги режасини маълум қилди.

Оммавий ахборот воситалари берган хабарга кўра, Тошкент шаҳар ҳокимияти GM Uzbekistan компанияси билан ҳамкорликда замонавий шаҳар таксопарклари тизимини яратиш устида иш олиб бормоқда.

“Тошшаҳартрансхизмат” ассоциацияси қошида халқаро талабларга жавоб берадиган такси хизмати тизимини яратиш учун GM Uzbekistan компаниясига буюртма берган.

Компания эса куни-кеча шаҳар ҳокимияти буюртмаси асосида ишлаб чиқарилган иккита — Nexia ва Lacetti автомобиллари тақдимотини ўтказди.

Агар буюртмачига бу маъқул бўлса, компания исталган миқдорда айнан такси учун мўлжалланган, жумладан, заводнинг ўзида таксометр ва тўлов терминали ўртанилган автомобилларни ишлаб чиқаришга тайёр.

- Ҳозир бу тажрибавий. Заказ Тошкент ҳокимиятидан Ласетти билан Нексияга бўлган. Матиз ҳам бўлган¸ аммо Ласетти билан Нексияни оборудование қилиб кўрсатганмиз. Агар маъқул келса¸ Матизни ҳам худди шу оборудование билан чиқаришимиз мумкин. Қайси машинани такси қилишга заказ қилса¸ ўшани чиқарамиз.

Озодлик: Лекин биринчи марта чиқараяпсизлар-а уни?

- Олдин ҳам образец қилганмиз. Лекин заказ биринчи марта¸ дейди компания вакили.

Бу автомобиллар қачондан бошлаб, шаҳар кўчаларида пайдо бўлади ва унинг хизматидан қандай фойдаланилади — бу ҳали номаълум.

Янги такси шаҳар кўчаларида юрган лицензиясиз киракашларни назорат қилишнинг ўзига хос усули бўладими ёки йўқми — бу ҳам номаълум. Аммо маълуми шуки, бундай автомобилларга Тошкент шаҳар ҳокимияти буюртма берган ва бундан мақсад шаҳардаги ноқонуний такси фаолиятини тартибга солиб, солиқ тушумини оширишдир.

“Газета.уз” нашри хабарига кўра, шаҳарда юрган тахминан 25-30 минг киракаш фаолияти боис шаҳар бюжети солиқдан йилига 12 миллиард ўзбек сўми миқдорида зарар кўрмоқда.

Уларнинг ортидан тушган солиқчилар эса, расмий маълумотларга кўра, йилига ўртача 1000 тагина ноқонуний таксичини ушламоқда.

Аммо шунда ҳам бу назорат очиқ-ошкор эмас, балки ҳийла йўли билан олиб борилмоқда, дейди такси ҳайдовчиси Қобил ака.

- Солиқ ходимлари асосан ўзининг одамларини қўядида. Юнусобод 10 кварталда миндирдими ўзининг одамини, 9 кварталда ўзининг одами билан ГАИ ходимлари туради. Тўхтатадию¸ бирдан правани олиб оформлят қилишади.

Озодлик: Демак¸ бунақа йўл билан овлашарканда таксичиларни?

- Асосан шунақа¸ дейди Қобил ака.

Лекин мутасадди идоралардан бирининг расмийси Тошкент шаҳар ҳокимиятининг бу ташаббусидан кейин энди такси ҳайдовчисининг ортидан ҳам солиқчи юрар эканда, дея ваҳима қилишга эрта, дейди.

Унинг айтишича, янги русумдаги кўркам таксилар киракашларнинг ўрнини олиб қўймайди. Аксинча, улар билан бир майдонга тушадиган рақобатчи бўлади, холос.

- Менимча¸ очиқ бозор ўйини рақобат бўлса керак. Янги машина¸ тўлов аппаратлари билан¸ налогда регистрация қилинган счëтчиклари билан бўлса¸ нархи савдолашиб ўтирилмайди. Километрга ëзади. Тарифлар белгиланса¸ йўловчиларга ҳам ойдинлик бўлади. Тошкент чет элликларнинг олдида давлатнинг юзи. Ўзида ишлаб чиқарилган A классдаги машиналарни халқ хизматига қўйишлик бу яхши¸ дейди мутасадди идоралардан бирининг расмийси.

Албатта, янги, қимматбаҳо русумдаги, хизмат кўрсатиш маданияти юқори бўлган такси ҳар қандай харидорни ўзига тортади. Айниқса, шаҳарни тўлдирган киракашларнинг асосий қисми эски автомобилларда кира қилаётган бир пайтда.

Лекин, дейди Хайрулло, агар Тошкент шаҳар ҳокимияти ўз таксиларини соғлом рақобатга ташласа ҳам унинг хизматидан фойдаланишга қурби етадиган йўловчилар контингенти бўлиши керак.

- Одамларда пул бўлиши керак унинг учун. Ҳам таксопаркка етадиган¸ ҳам бензинни қоплайдиган¸ ҳам ўзига етадиган. Бизда унақа эмас. Берадиган пули¸ арзимаган пул тўлайди.

Озодлик: Километри неча пул? Масалан сиз қанақа қилиб оласиз пулни?

- Километрига ўртача 250-300 сўмдан тушади. Машинага минадиган замон эмас. Такси жуда ҳам кўп. Машинанинг ўзининг харажати бор¸ бундан ташқари 50-100 километр юрасиз. Одамларда ҳозир пул каттамасда. Лекин ишласа¸ тирикчилик қилса бўлади. Агар қаттиқ киришиб кира қилса¸ 10-15 минг чўнтагига қолади¸ дейди Хайрулло.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG