Линклар

logo-print

Кобулда "Тинчлик жирғаси" давом этмоқда


Жирға делегатлари Толибон аъзоларини тинч ҳаётга қайтариш масаласини муҳокама қилмоқда

Жирға делегатлари Толибон аъзоларини тинч ҳаётга қайтариш масаласини муҳокама қилмоқда

Афғонистон пойтахтида мамлакатда тинчлик ўрнатишга бағишланган жирға йиғини¸ толиблар уюштирган ҳужумларга қарамай¸ ўз ишини давом эттирмоқда.

Чоршанба куни жирға бошланишидан бир неча дақиқа ўтиб, Кобулда қатор ҳужумлар амалга оширилганига қарамасдан уч кунлик тинчлик кенгаши ўз ишини давом эттирмоқда.

Жирға иштирокчилари президент Ҳамид Карзай таклиф қилаётган жанггариларни мамлакат ижтимоий ва сиёсий ҳаётига жалб қилиш ва Толиб етакчилари билан сиёсий келишувга эришишга оид режасини муҳокама қилиш учун тўпланди.

Жирғанинг 1600га яқин делегатлари 27та қўмитага бўлиниб Афғонистон ҳукуматига бериладиган тавфсиларни муҳокама қила бошлади.

Йиғин бошланишидан кўп ўтмай жанггарилар, жумладан икки худкуш шахс жирға қатнашчилари учун Кобул марказига тикилган йирик оқ чодир олдида портлашларни содир этди.

Расмийларга кўра, ҳужум пайтида отилган ракеталардан бири, президент Ҳамид Карзай йиғин очилишида нутқ сўзлаётган пайтда чодирни нишонга олган.

Ракета чодиргача етиб бормади, лекин хавфсизлик кучлари ва номаълум қуролланган гуруҳ ўртасида отишма рўй берди. Ҳужумчиларнинг икки нафари ўлдирлгани, жирға қтанашчилари орасида талофотлар бўлмагани айтилмоқда.

Лекин ҳужумчилар кенгаш муҳокамаларининг бир соатга тўхтатилишига муваффақ бўлди.

Жирға комиссияси раиси ва мамлакат таълим вазири Форуқ Вардак хавфсизликни таъминлашга сафарбар қилинган 12 минглик қўшин вазиятни назорат қилмоқда, дея таъкидлади.

“Хавфсизлик кучларимиз вазиятни изидан чиқаришга уринган душманларнинг иккисини ўлдирди. Улардан бири ҳибсга олинди ва вазият назорат қилинмоқда”, деди жирға раиси.

Жирғани очиш маросимида нутқ сўзлаган Карзай “афғон миллатининг тинчликка эришиши учун умид бағишлайдиган” кенгашга тўпланганларни кўришдан мамнун эканини изҳор қилди.

У Толибон ҳаракатига мурожаат қилиб, тинчлик жараёнига қўшилишига чақирди.

- Мен толиб биродарларимизга яна бир бор мурожаат қилмоқчиман. Бу замин ҳам сизники. Тўғри йўлга қайтинглар, агар мен хато қилган бўлсам, мен уни тан оламан. Агар сиз хато қилаётган бўлсангиз, сиз ёмон йўлдан қайтишингиз лозим. Илтимос фарзандларимизни ўлдирманглар, тинчлик чақириғимизни қабул қилинглар. Хорижликлардан озод бўлинглар. Бугун улар сизларга қурол бериб, эртага сизни қамоққа тиқадилар. Бу қанақа жиҳод? деди Ҳамид Карзай ўз нутқида.

1600га яқин делегатлар, жумлдан 300га яқин аёллар, Карзайнинг жанггарилар етакчиларини тинчлик музокараларига жалб этиш, оддий жанггариларни эса қуролларини топшириш эвазига иш билан таъминлаш режасини муҳокама қилмоқда.

Карзайнинг таклифи 36 саҳифадан иборат Афғонистонда "Тинчлик ва бақарорлик дастури"дан жой олган.

Чоршанба куни Кобулда ўтказилган матбуот анжуманида президент матбуот котиби Воҳид Умар жирға ваколатларини тушунтириб берди.

- Президент ҳозир давом этаётган жирға вакилларига ҳукуматга ким билан музокара қила олишимиз, ким мзукара қилмаслигимиз ҳамда музкоаралар қандай механизмларга кўра олиб борилишига оид маслаҳатларни бериш ваколатини берди, деди президент матбуот котиби.

Йиғинни тан олмаслиги ва делегатларни ўлдириш билан таҳдид қилган Толибон ҳаракати чоршанба кунги ҳужумлар учун масъулиятни ўз зиммасига олди.

Собиқ бош вазир Гулбиддин Ҳикматёр етакчилигидаги Ҳизби Исломий ҳаракти ҳам йиғин “бефойда тадбирдир, чунки унда фақат танланган одамлар қатнашмоқда”, дея таъкидлади. Ўзининг кескин позициясига қарамасдан Ҳикматёрнинг тинчлик жараёнига қўшилиши кутилмоқда.

Ҳикматёрнинг вакиллари яқинда Ҳамид Карзай ҳамда БМТ билан бевосита сўзлашувлар ўтказди. Амалдаги ҳукумат аъзолари орасида унинг собиқ тарафдорлари ҳам бор ва улар Ҳикматиёрнинг сиёсий жараёнга қайтишига қаратилган парда ортидаги ҳаракатларни амалга ошираётгани айтилмоқда.
XS
SM
MD
LG