Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:27

Мухбирлар қотили қўлга олинди


Юсуф Жалилов ўтмишда 22 қотилликда айбланган эди.
Юсуф Жалилов ўтмишда 22 қотилликда айбланган эди.

BBC форс хизматининг Душанбедаги мухбири Муҳиддин Олимпур, ОРТнинг Душанбедаги мухбири Виктор Никулинни ўлдирганлик ва яна бошқа 20 қотилликни амалга оширганликда гумонланган жиноятчи безориликда айланиб қўлга олинди.

Тожикистон ҳуқуқ - тартибот тузилмалари маълумотига кўра, Юсуф Жалилов ўтмишда Тожикистондаги таниқли кишилар, жумладан, Би-Би-Си форс хизматининг Душанбедаги бюроси собиқ мухбири Муҳиддин Олимпур, ОРТнинг Душанбедаги собиқ мухбири Виктор Никулин, Тожикистон Бош вазирининг собиқ биринчи ўринбосари Миёншо Назаршоевни ўлдирганликда гумонланган.

Бироқ 1997 йил 27 июнида давлат ва мухолифат ўртасида миллий ярашув борасида шартнома имзоланганидан сўнг у авф этилган.

Манбанинг таъкидича, Жалилов камида 12 та террорчилик амалиёти ва 22 қотилликда иштирок этган. Қатл қилинганлар орасида рус аскарлари ҳам борлиги таъкидланади.

- Аммо энди Юсуф Жалилов, - дея маълум қилади Тожикистон Бош прокуратурасидаги манба, - мамлакат жиноят Кодексининг безорлик моддаси билан айбланмоқда.

Манбага кўра, Жалилов 2000 йил қурол ишлатиш йўли билан Ваҳдат туман фуқароси Абдураҳим Котибов ва унинг оила аъзосини дўппослаган.

Шундан сўнг у Россияга чиқиб кетган. Аммо ўтган йил Россия ҳуқуқ –тартибот идоралари ходимлари олиб борган бир амалиёт чоғида қўлга олинган ва Тожикистон ихтиёрига топширилган.

Тожикистон Бош прокуратураси масъулларидан ўз номи ошкор этилмаслигини сўраган манба собиқ тан қўриқчи Юсуф Жалилов иши билан боғлиқ тергов жараёни Ваҳдат туман прокуратурасида олиб борилганини маълум қилди.
Мавзу юзасидан Ваҳдат туман прокуратурасига ҳам қўнғироқ қилдик.
Аммо телефон гўшагини кўтарган прокуратура ходимлардан бири Юсуф Жалилов иши билан боғлиқ ҳар қандай саволларга жавоб беришдан тийилишини таъкидлади.

Айни пайтда Тожикистон Бош вазирининг собиқ ўринбосари, тожик собиқ мухолифат лидерларидан бири Акбар Тўражонзода Жалиловнинг ҳибсга олинганига доир маълумотларни тасдиқлар экан, уннинг Би-Би-Си мухбири Муҳиддин Олимпурни ўлдиргани билан боғлиқ айбловлар уйдирма эканини айтди.

- Бундан аввал Муҳиддин Олимпурнинг ўлимида қўли борликда айбланиб, ўнлаб, ҳатто юзлаб одам турли муддатларга қамоқ жазоси олди, баъзиларига нисбатан ўлим жазоси тайинланди ва ҳукм ижро этилди.

Аммо ўша бир неча жилдлик жиноий ишда умуман Юсуф Жалиловнинг номи бўлмаган. Биз бундан 13 йил аввал миллий ярашувга келишгандик. Лекин нега айнан бугун, шунча йил ўтиб, унга бу айб қўйилмоқда?

Дарҳақиқат Жалилов менинг тан қўриқчим бўлган,бироқ уни бу вазифага миллий хавфсизлик тайинлаган, мен эмас. Менинг тан қўриқчим таниқли кишиларни ўлдирганини даъво қилаётган ҳуқуқ- тартибот идораси масъуллари нимага ишора қилишмоқчи?

Кўпдан буён кузатувларимга кўра, ҳуқуқ - тартибот идораси ходимлари ҳар доим бир баҳона билан тирноқ тагидан кир ахтаришга уринишади,- дер экан тожик собиқ мухолифати лидери Тўражонзода, тожик жамиятидаги айрим доиралар Жалилов жиноий ишига сиёсий тус бераётгани ва шу йўл билан ўзининг номини жиноятчининг номи билан бир рўйхатга киритишга уринаётганини таъкидлади.
Тўражонзода 19 йил аввал мустақилликни қўлга киритган Тожикистон ҳуқуқ - тартибот тизимлари фаолиятида умуман реаллик йўқлигини ҳам қистириб ўтди.

- Аскарият ҳолларда бирор жиноятда гумонланиб, қўлга олинган кишилар устидан тергов реал фактлар асосида олиб борилмайди. Аксинча, қийноқлар ёрдамида гумонланувчига қилинмаган айблари тан олдирилади. Ва шаблон тарзида йигирмата , ўттизта жиноятларни унга юклашади. Ҳатто “1924 йил Владимир Илич Ленин жонига суиқасдни бўйнингга ол” деса, оладиган даражага етказади бечораларни, - дейди Акбар Тўражонзода.

Шу ўринда эслатиб ўтсак, бир неча йил аввал Тожикистон Олий суди Ваҳдат туман фуқароси, тожик жамиятида “Эшони Нозим” лақаби билан танилган тожик собиқ мухолифатнинг яна бир лидери Нозим Юнусов гуруҳи аъзоларидан бир нечатасини Би-Би-Си мухбири Муҳиддин Олимпур ва ОРТ мухбири Виктор Никулинлар ўлимида қўли борликда айблаб, узоқ йиллик қамоқ жазоси тайнилаган эди.

Аснода Муҳиддин Олимпурнинг ўғли Бобо Олимпур ҳам отасини ўлдирганликда гумонланиб, ҳибсга олинган ва кейинчалик турли муддатларга қамалганлар орасида Юсуф Жалилов тилга олинмаганини айтди.

-Отамни ўлдирганликда гумонланиб қўлга олинганлар тўрт киши эди. Бироқ улар орасида Юсуф Жалилов бўлмаган.

Мустақил кузатувчиларга кўра, Тожикистонда 1997 йилнинг 27 июнида миллий ярашув борасида келишув имзоланганидан кейин ўтган шу давр ичида тожик собиқ мухолифатнинг йирик фигуралари турли йўл ва баҳоналар билан сиёсий доирадан четлатилди. Уларнинг айримлари қамоққа улоқтирилди, айримлари эса сирли тарзда бу дунё билан видолашди.

“Собиқ мухолифат таниқли лидерларидан эндиликда фақат бир киши, у ҳам бўлса Акбар Тўражонзодага миллий ярашув борасидаги Келишувнинг 13 йиллик баҳорини қаршилади”, дейишмоқда мустақил таҳлилчилар.
XS
SM
MD
LG