Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:03

Миллатчилар ўзбек тилига қарши


Муваққат ҳукумат раиси ўринбосари Ўмурбек Текебаев янги Конституция қирғиз, рус ва ўзбек тилларида 1,5 миллион нусҳада чоп этилишини билдирди.
Муваққат ҳукумат раиси ўринбосари Ўмурбек Текебаев янги Конституция қирғиз, рус ва ўзбек тилларида 1,5 миллион нусҳада чоп этилишини билдирди.

Бишкекда ўзларини "ватанпарвар ва миллатчи" деб атаган айрим гуруҳлар Қирғизистон янги Конституциясининг ҳукумат маблағи ҳисобига ўзбек тилида нашр қилинишига қарши чиқмоқдалар.


Уларга кўра, Конституциянинг ўзбек тилида нашр этилиши Қирғизистонда ўзбек тилининг давлат тили сифатида тан олиниши учун имконият яратади ва миллатлар аро низони келтириб чиқаради.

3 июн куни матбуот анжумани уюштирган “Манас эл”, “Оқ шумқор қут”, “ Шарқ табобати ва жанговор санъати маркази” вакилларининг айтишларича, Конституция фақат қирғиз ва рус тилларидагина нашр этилиши керак.

- Биз Конституцияни қабул қилишимиз ва уни фақат давлат тили бўлган қирғиз тилида ва расмий тил ҳисобланган рус тилида тарқатишимиз керак. Конституциянинг ўзбек тилида нашр қилиниши эса муваққат ҳукумат томонидан қонун бузилаётганини англатади. Чунки Қирғизистонда давлат тили қирғизча, расмий тил эса русчадир. Ўзбек тили ҳақида ҳеч нарса дейилмаган, деди матбуот анжуманида иштирок этган Мавлан Аскарбеков.

Ўзини "ватанпарвар" деб таништирган “Оқ шумқор қут” ёшлар ҳаракати вакили Мирҳамид Тўқтағул ўғли “Конституция ўзбек тилида давлат маблағи ҳисобига чиқарилиши керак эмас, керак бўлса ўзбеклар Бош қонунни ўз пулига чиқариб олсинлар”, деб фикр билдирди.

Мирҳамид Тўқтўғул ўғлига кўра, Конституциянинг ўзбек тилида давлат томонидан чиқарилиши бошқа миллатларнинг, жумладан, дунган, уйғур, татарларининг ҳуқуқлари бузилишини англатади. Унинг айтишича, агар Конституция давлат ҳисобидан ўзбек тилида чиқарилса, дунганлар, уйғурлар, татарларга ҳам ўз тилларида Конституция билан танишиш имконияти яратилиши керак.

- Талабимиз бажарилмаса, биз митингга чиқамиз, бу қарорни ўзгартирамиз, Конституцияни фақат бир тилда чиқартирамиз, деди Мирҳамид Тўқтўғул ўғли.

“Манас эл” ташкилоти вакили Дўўлат Нусупов эса ўзининг миллатчи эканини яшириб ўтирмади.

- Мен билан бирга анжуманга келганлар ватанларини жуда севганлари учун ўзларини ватанпарвар деб атаб олишган. Лекин мен шахсан миллатчиман, дер экан Дўўлат Нусупов Конституциянинг ўзбек тилида чиқарилиши Қирғизистонда айирмачилик кайфиятларини кучайишига сабаб бўлади, деб ҳисоблашини айтади.

- Айирмачилар йиғилиб олиб, ўзбек тилини давлат тили қиламиз деб қийқиришиб, тўполон қилишаяпти, мамлакат жанубида. Конституцияни ўзбек тилида чиқарамиз, дейишлик билан муваққат ҳукумат уларнинг тегирмонига сув қуймоқда, деди Дўўлат Нусупов.

Матбуот анжумани иштирокчилари фикрича, Конституцияни ўзбек тилида давлат ҳисобидан чиқариш тўғрисидаги қарорни эълон қилиш орқали муваққат ҳукумат раиси ўринбосари Ўмурбек Текебаев ўз шахсий манфаатларини кўзлаган. Яъни, “Манас эл”, “Оқ шумқор қут”, “ Шарқ табобати ва жанговор санъати маркази” вакиллари Ўмурбек Текебаев шу йўл билан Қирғизистондаги ўзбек халқига хушомад қилиб, бўлажак парламент сайловларида ўзининг “Ота макон” партияси ғалабасини таъминлашга интилаётганини даъво қилдилар.

Бироқ Қирғизистон муваққат ҳукумати расмийси Жўмарт Сапарбоев бу иддаоларнинг асоссиз эканини айтади:

- Ўзингиз биласиз, мамлакатимизда бир миллион ёки бир миллиондан ортиқроқ ўзбек яшайди. Улар ҳам Қирғизистон фуқароларидир. Улар ҳам Конституция матни билан ўз тилларида танишиш ва янги Конституция тасдиқланадиган референдумда овоз бериш ҳуқуқига эга. Бундан ташқари Конституция қирғизча ва ўрисчадан ташқари бошқа тилларда чиқарилмасин, деган қонун ҳам йўқ, деди Жўмарт Сапарбоев.

Мамлакатда парламент бошқаруви ўрнатилишига асосланган Қирғизистон янги Конституцияси турли этник, сиёсий, диний гуруҳлар ва жамоатчилик томонидан сайланган 75 кишилик кенгаш томонидан ишлаб чиқилган. Халқаро Венеция комиссияси бу Конституция лойиҳасини ижобий баҳолаган. 27 июн куни Қирғизистонда янги Конституцияни қабул қилиш юзасидан референдум ўтказилади.
XS
SM
MD
LG