Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:05

БМТ Бош котиби Ғазони қамалдан озод қилишни сўради


БМТ Бош котиби Бан Ки Муннинг чақириқлари Исроил ҳукумати томонидан назарга олинмаяпти.
БМТ Бош котиби Бан Ки Муннинг чақириқлари Исроил ҳукумати томонидан назарга олинмаяпти.

Ғазо секторини қамал қилишни қоралаган Бан Ки Мун Исроил ҳукуматини дарҳол бу қамални бекор қилиш ва минтақага инсонпарварлик юклари киритилишига имкон беришга чақирди.


БМТ Бош котиби Бан Ки Мун Хавфсизлик кенгаши аъзолари ва Туркия ҳамда Исроил дипломатлари билан фавқулодда сўзлашувлар ўтказиб, Ғазога келаётган инсонпарварлик ёрдамининг Исроил томонидан ҳужумга тутилиши оқибатида берилган қурбонлар юзасидан тергов ўтказиш масаласини муҳокама қилди.

Бу учрашувлардан сўнг журналистлар билан учрашган Бош котиб Ғазо қамалининг дарҳол тўхталиши, бу борада тўлиқ ҳисобот, шу жумладан, қурбон бўлган ва жароҳатланганлар сонига оид маълумотларни олиш учун Исроил томонига босим ўтказаётганини сўзлади.

31 май куни Ғазо минтақасига кириб бораётган халқаро инсонпарварлик ёрдами кемалари Исроил ҳужумига учраши оқибатида 9 киши нобуд бўлиб, бир неча ўнлаб одам жароҳатланди.

- Бу фожеа аслида мавжуд жиддий муаммонинг юзага қалққанидан дарак. Ғазо минтақасини узоқ муддат давомида қамал қилиш самарасиз, қабул қилиб бўлмас ва хато йўлдир. Бундан тинч аҳоли азоб чекмоқда. Исроил ҳукумати зудлик билан қамални бекор қилиши лозим, деди БМТ Бош котиби.

Исроил ҳукумати эса бунга қадар ҳам Хавфсизлик кенгашининг воқеа юзасидан терговга ҳамкорлик қилиш чақириғини рад қилган ва Тел-Авивнинг ҳозирги вазиятда бунга рози бўлиши ҳам даргумон кўринади.

Ҳукумат матбуот котиби Марк Регев Исроилнинг ўзи бу воқеа юзасидан тергов ўтказишга қодирдир, деб баёнот берди.

Бош котиб Бан Ки Мун “Озодлик флотилияси”нинг ҳужумга тутилиши Яқин Шарқда тинчлик жараёнини қайта бошлаш заруратини кўрсатаётганини яна бир карра урғулади.

- Айни пайтда мен алоҳида урғулашни истаган жиҳат шуки, ҳозир энг муҳими, Ғазо минтақасида яшаётган фаластинликларга қандай ёрдам бера оламиз, уларнинг Ғазодаги аҳволини фундаментал даражада ўзгартира оламизми, деган масалалар бўлиши лозим ва умуман олганда, Яқин Шарқда тинчлик жараёнларини имкон қадар тезлаштириши мумкин бўлган тезкор сўзлашув йўллари устида ишлашимиз лозим, деди БМТ Бош котиби.

Исроил томонидан қўлга олинган ва кейинчалик қўйиб юборилган юзлаб инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари яна Туркияга қайтиб келди. Уларнинг аксариятини Туркия фуқаролари ташкил қилади. Бундан ташқари, улар орасида Буюк Британия, Норвегия, Нидерландия ва Испания фуқаролари ҳам бор.

Улар Туркияда Бош вазир ўринбосари Бюлент Аринк етакчилигидаги ҳукумат делегацияси иштирокида қаҳрамонлар каби қарши олиндилар. Уларни Тел-Авивдан олиб келган самолёт бортида эса аксарияти туркиялик экани айтилаётган 9 қурбоннинг жасади ҳам бор.

Чоршанба куни Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу 31 май куни қамал қилинган Ғазо Минтақасига инсонпарварлик ёрдамини олиб киришга уринган Туркия кемасига ҳужум қилиб, 9 кишини ўлдирган Исроил десанти ҳаракатларини ҳимоя қилди.

У бундай қамал Ғазо минтақасига олиб кириладиган ракета ва бошқа қуроллар контрабандаси йўлини тўсиш учун зарурдир, деди.

- Халқаро ҳамжамият Ўрта ер денгизи ҳудудида Эрон порти бўлишига йўл қўйиши мумкин эмас. Мен Эроннинг бугунуги ҳаракатлари борасида бундан 15 йил муқаддам огоҳлантирган эдим. Одамлар эса бу хавфни эндигина англамоқда. Бугун эса Исроилнинг шудоққина ёнбошида туриб, ҳарбий-денгиз флоти қуришга бўлаётган Эрон уринишларига барҳам бериш заруратидан огоҳлантираман, деди Исроил Бош вазири.

У Исроилнинг “Озодлик флотилияси”ни тўхтатишдан бошқа чораси бўлмаганини таъкидлар экан, кемалар бортида бўлган баъзи фаолларни “терроризмнинг ашаддий қувватловчилари” деб атади ва Ғазодаги Исроил қамалининг ўз кучида қолажагини таъкидлади.

Айни пайтда Ғазога яна бир флотилия — бортида, асосан, Ирландия ва Малайзия фаоллари бўлган кемалар йўл олиш истагида турибди. Ирландия Бош вазири Исроил ҳукуматини инсонпарварлик ёрдами йўлини тўсмасликка чақирди.
XS
SM
MD
LG