Линклар

Бозордаги арзончилик ортидаги сирлар...

  • Сарвар Усмон

Ўзбекистонда етиштирилаëтган аксар сабзавот ва мева экспорти ҳам кўпдан катта иқтисодий кланлар монополиясига айланиб улгурган.

Ўзбекистонда етиштирилаëтган аксар сабзавот ва мева экспорти ҳам кўпдан катта иқтисодий кланлар монополиясига айланиб улгурган.

Ўзбекистон ҳукуматининг мамлакат ички бозорини ҳимоялаш сиёсати мева-сабзавот нархлари пасайишига олиб келмоқда ва бундан аксар халқ хурсанд. Аммо иқтисодчилар бундай арзончиликнинг мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини таҳдид остига қўйишини айтмоқда.


Кейинги пайтларда Ўзбекистонда турли доираларда озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи муҳокама қилинмоқда.

Бундай тадбирлардан бири ўтган ой охирида Тошкентда бўлиб ўтди.

"Озиқ-овқат хавфсизлиги – Ўзбекистоннинг барқарор ривожланиши муҳим омили" мавзуида 27 май куни ўтказилган семинарни Ўзбекистон ҳукумати БМТ Тараққиёт дастури билан ҳамкорликда уюштирди.

"Озиқ-овқат хавфсизлиги" кенг тушунча.

Иқтисодиёт илмидан анча узоқ жиззахлик оддий деҳқон Нормурод ака бу тушунчани озиқ-овқат нархларининг пастлиги, деб тушунади.

Шу маънода, Нормурод ака, ўзбекистонликларнинг озиқ-овқат хавфсизлигига бугун ҳеч нарса таҳдид солмаяпти, деган фикрда.

Нормурод ака: Ҳамма нарса сероб. Зардоли бор ҳозир. Буғдой ҳам яхши бўлган. Бозор умуман арзон. Масалан, зардолининг килоси 200-250 сўм. Ҳозир 1 доллар 2200 сўм. Ўзингиз курсга солиб кўринг...

"Курсга бўлиб" кўрдик. Жиззах бозорида 1 долларга 10 кило ўрик олиш мумкин экан. Тўғри, жиззахлик бир фарррош учун бу нарх ҳам баланддир. Лекин умуман олганда сув текин.

Ўзбекистонлик иқтисодчи Расулжон Абдумажидов "озиқ-овқат хавфсизлиги" деганда аҳоли истеъмол қиладиган маҳсулотларнинг сифатини ҳамда миқдорини тушуниш кераклигини уқтиради.

Иқтисодчи ҳам мамлакат бозори шу кунда тўлиқлигини тан олади.

Бироқ унинг фикрича, бу соҳада "давлатнинг илмий асосланган программаси йўқ".

Расулжон Абдумажидовнинг айтишича, ҳукуматнинг ички бозорни озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдиришга қаратилган сиёсати замирида фақат бугуннигина ўйлаш ётибди. Қишлоқ аҳлининг ҳатто томорқасига давлат хўжайинлик қилишга ўтиб олди.

Расулжон Абдумажидов: Ўзбекистон – аграр республика. Аҳолининг камида 70 фоизи деҳқончилик билан тирикчилик ўтказади. Бас, шундай экан, улар етиштираётган маҳсулот ташқарига чиқмас экан, мамлакат ривожланмайди, аҳоли турмуш даражаси кўтарилмайди. Шуни ҳукумат ё билмай ёки билса ҳам атайлаб ўйламаяпти.

Ўзбекистонда етиштирилаётган мева-сабзавотни экспорт қилиш ҳуқуқи республикадаги иккита ташкилотга монопол ҳуқуқ қилиб бериб қўйилгани, натижада Андижоннинг Олтинкўл туманидаги қишлоқлардан биридан Россияга помидор экспорт қилиш совет давридагига қараганда 10 бараварга қисқариб кетгани тўғрисида бир мақоламизда гапирган эдик.

Яна бир мисол яна Андижондан, Избоскан туманидан.

Расулжон Абдумажидов: Ўтган йили туман ҳокими ҳамма фермерга 1 гектардан помидор экасан, деди. Помидорни етиштиришди. Консерва заводи билан шартномалар ҳам тузишди. Лекин оқибатда консерва заводи ишламади. Оқибатда 900 гектар ерга экилган помидор ит-исроф бўлди, дейди иқтисодчи.

Яна Жиззахга қайтамиз. Эсингизда бўлса оддий деҳқон Нормурод ака "серобчилик, масалан, бир кило ўрик 200-250 сўм" деган эди.

Нормурод ака: 4-5 сўтих ери бор одамлар ўзларини ўзлари маҳсулот билан таъминлаяпти. Сотиш учун эмас, ўзи учун етиштираяпти.

Озодлик: Нима учун сотишни мўлжаллаб экмайди?

Нормурод ака: Чунки нархлар жуда паст. Йўлкирасини кўтарадими – йўқми? Масалан, савзини борга олиб бориб неча пулга сотар эди. Шунинг учун одамларнинг 60 фоизи аграр зоналарда яшаса, ўзини ўзи боқяптида...

Озодлик: Арзон савзини қозонига солар, ортидан арзон ўрикни еб олар, лекин бунақада деҳқон бойимайдику?

Нормурод ака: Қанақа бойиш? Бойиш ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Маҳсулоти пулига битта велосипед ололмайди.

Озодлик
: Шундай хавфсизликни хавфсизлик дейиш мумкинми, агар деҳқоннинг сандиғида 3-4 сўм ташлаб қўйилган ортиқча пули бўлмаса?

Нормурод ака: Ҳа, энди бўлмаганидан кейин орзу ҳам қилмаймиз-да. У нарса унутилган қачонлар!

Ахир, Нормурод ака бир пайтлар бундай ноумид эмас эди. Фаол эди. Етиштирган маҳсулотини Россияга олиб бориб сотар эди.

Ҳозир қилсангиз бўлмайдими ўша ишни, деб сўрайман.

Нормурод ака:
Йўл бермасалар қандай элтасиз? Имконсиз бу иш. Маҳсулотни четга чиқариш ҳуқуқи бир-иккита фирмаларга берилган холос. Улар ҳам Тошкентда. Аввал карвон-карвон маҳсулот кетар эди. Олма, узум, ўрик, бошқа мева-чевалар олиб бориларди. Бир машина мева олиб борган деҳқон иккита машинага етадиган пул ишлаб оларди.

Озодлик:
Ўзингиз ҳам совет даврида шу иш билан шуғулланганмисиз?

Нормурод ака:
5 йил ўша ёқда умрим ўтган. 4 йилу 8 ой. Карам, тарвуз, қовун, узум, пиёз, саримсоқ, гурунч элтганмиз.

Озодлик:
Ҳозир-чи?

Нормурод ака:
Йўқ, ҳозир рухсат йўқ.

Хуллас, ўзбекистонлик деҳқоннинг шу бугунги озиқ-овқат хавфсизлиги қовун пишиғи тугагунчага ўхшайди.

Кейинги йилги хавфсизлик пишиқчилик бошланганда бошланади.

Ўзбекистонлик яна бир иқтисодчи Маъруфжон Абдураҳмонов мана бундай деди:

- Тонналаб, тонналаб помидор етиштирган деҳқон, маҳсулот етиштирган меҳнаткаш ахир шундан пул топса, ўша пулини опкелиб Ўзбекистонимизда сарфлайди-ку?! Битта одам агар бойиса, унинг ижобий таъсири камида 10-15 кишига тегади. Бойиса, яхши кийим олиб кияди. сифатлироқ озиқ-овқат ейди, болаларини яхшироқ ўқишга беради ва ҳоказо. Қарабсизки, халқ хўжалигининг бошқа соҳаларини ҳам ўзи билмаган ҳолда сармоя билан таъминлай бошлайди. Лекин етиштирган маҳсулоти сув текинга кетадиган бўлса, қашшоқлашади, тўлов қуввати йўқ бўлиб қолади.

Шуни Ўзбекистон ҳукумати тушунмаяптими ёки ўзини тушунмаганга солаяптими?

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG