Линклар

Ўқитувчилар мактабни ташлаб кетмоқда

  • Садриддин Ашур

Маърифат ва маданият ўчоғи эмас¸ балки текин иш кучи марказига айланган Ўзбекистон туман ва қишлоқларидаги мактабларнинг эртаси бугунидандан умидсизроқ кўринади.

Маърифат ва маданият ўчоғи эмас¸ балки текин иш кучи марказига айланган Ўзбекистон туман ва қишлоқларидаги мактабларнинг эртаси бугунидандан умидсизроқ кўринади.

Бугун Ўзбекистонда газу-светга пул йиғувчи, кўча тозаловчи, далага гўнг ташиб¸ пиллаю пахтани терадиган¸ тонгдан шомга қадар ишлаб олган маошига рўзғор тебрата олмай қолган ўқитувчи бўлиб қолди. Бундай шароитда¸ эркак ўқитувчилар мактабдан мардикорликкка кетмоқда


“Агар шу кетишда бўлса, мактабларда кейинги уч-тўрт йилда эркак ўқитувчи умуман қолмайди”, дейди Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида ўқитувчилик қилаëтган Фахриддин:

- Туманимизда жуда кўп ўқитувчилар ишларини ташлаб кетишаяпти. Мана бизнинг мактабдан ҳам уч ўқитувчимиз имтиҳонларни олиб бўлганидан сўнг, Россияга кетмоқчи бўлиб турибди. Чунки бу ойлик билан яшаб бўлмайди¸ дейди Фахриддин.

Ўқитувчи гапнинг пўсткалласини айтди қўйди - бу ойлик билан одамдек яшашнинг иложи йўқ. Ўзбекистонлик ўқитувчилар иш стажи, дарс кўламига қараб 100 минг сўмдан 300 минг сўмгача маош олади. Сирдарёлик ўқитувчи Саидага кўра, бугунги нарх-навода бу маош сурпага урпоқ ҳам бўлмайди.

- Шароит жуда оғир. Нарх-наволар баланд, гўштлар 9000 сўмга чиқиб кетди. Мана мени ўзимни оиламдан қиёс қиладиган бўлсам етмайдида. Масалан¸ менга 350 минг сўм начисление бўладиган бўлса, қўлимга 250 минг сўм оламан. Униям икки бўлиб пластикка ташлайди. Ундан газ ва светга босиб қолади. Яна ойлигимиз ҳам вақтида берилмайди. Кечагина апрел ойига аванс олдик. Ҳали май ойи турибди¸ дейди Саида.

Сариосиёлик Фахриддин ҳам оладиган бир тутам маоши ҳам пластик карточкаларга ўтказилаётгани ўз рўзғоридаги ғорни катталаштираëтганини айтади:

- Агар валютага ҳисоблайдиган бўлсак 100 доллар ойлик оламиз. 100 доллар учун тинимсиз бир ой ишлаймиз, 22 соат дарсим бор. Буни ҳам 100 фоиз пластикка ўтказиб юбораяпти. Бугун 3 июн, кеча май ойига 100 минг сўм аванс ўтказибди. Бундай бўлгандан кейин қийинда бизга, ўқитувчилар мажбур бўлгандан сўнг ишлаяпти. Чидаб ишлаяпти. Эски қашшоқлик қайтиб келди. Ўша даврни қайтиб сотиб олдик¸ дейди сурхонлик ўқитувчи.

Фахриддинга кўра, ўқитувчи иқтисодий аҳволининг оғирлашиб кетгани боис туман мактабларида кадрлар масаласи жуда ҳам хароб ҳолга тушиб қолган.

- Агар Сариосиё туманида 74та мактаб бўладиган бўлса, бирорта мактаб ҳам кадрлар билан тўлиқ таъминланмаган. Сабабики, тўлиқ олий маълумотга эга бўлган кадрнинг ўзи йўқ. Иккинчидан “таъминланган” деб айтилаётган мактабларни ҳам элакдан ўтказадиган бўлсак, кадрларнинг ярми ўрта-махсус маълумотига эга бўлган ўқитувчиларни ташкил қилади. Ўртача ҳар бир мактабда 10-15 фоиз олий маълумотли ўқитувчилар бор, холос¸ дейди бу суҳбатдош.

Оқибатда¸ дарс ўтишга лаëқатли одам топилмай қолган фанлар¸ дарс жадвалидан бутунлай олиб ташланаяпти:

- Очиқ айтишим мумкин, бизга яқин бўлган айрим мактабларда тарих ва инглиз тили фанлари умуман ўқитилмайди, чунки ўқитувчи йўқ. Аттестатларга эса бу фанни ўқимади деб, ёзиб беришяпти, дейди Фахриддин.

Ўқитувчига кўра, кадрлар масаласи танқислигининг яна икки сабаби бор: тест имтиҳонларидаги саволларнинг 50 фоизи мактаб программасида ўқитилмагани боис яхши ўқувчилар минг уринса ҳам ўз кучлари билан олий ўқув юртига кира олмайди. Иккинчидан эса, ўқишга кириш учун катта пора бериш керак, деб давом этади Фахриддин:

- Сурхондарё вилоятида ижтимоий фан бўйича ўқишга кириш 6 миллион сўм бўлибди. Тест жавобини тўғри ёзасизми, нотўғри ёзасизми фарқи йўқ. 6 миллион бермасангиз ўқишга киролмайсиз¸ дейди алам билан бу ўқитувчи.

Сирдарёлик Саиданинг айтишича, сўнгги пайтларда эркак ўқитувчилар олган маошига оиласини боқолмай қолгани боис мактабларни ташлаб кетмоқда:

- Эркак ўқитувчиларнинг мактабларни ташлаб кетаётгани оддий ҳол бўлиб қолди. Масалан¸ бизнинг мактабда ўқитувчиларнинг тўртдан уч қисмини аёллар ташкил қилади¸ дейди Саида.

Фахриддин ҳам бунга ўз мактабидан шундай мисол келтиради:

- Ўттиздан ортиқ ўқитувчимиз бўлса, шуларнинг ичида саккиз киши эр ўқитувчи. Шундан олий маълумотлиси тўрт киши¸ холос¸ деб ўз мактабидаги манзарани тасвирлайди Фахриддин.

Сурхонлик бу ўқитувчига кўра¸ бугунги жамиятда ўқитувчининг обрўси деярли қолмаган - ўқитувчи бугун маҳаллий ҳокимларнинг мардикорига айланиб қолди, ўқитувчига буюрилмаган иш қолмади¸ ҳисоб:

- Бир неча кун олдин туманимизда ободонлаштириш бўйича ҳоким мажлис ўтказди. Икки кундан буён мактаб ўқитувчилари катта асфальт йўл четларини ўқувчилар билан тозалашга сафарбар қилинган. Уч километрли йўл четидаги ажриқзорни юлиб, тозалаб кетаяпмиз. Ҳамма томошабин, ҳатто маҳалла одамлари ҳам ўз уйлари атрофини тозалаб қўймайди. Маҳалла оқсоқоли эса гердайиб топшириқ беради. Болаларни қўллари қавариб кетди. Чидолмадим, боре деб ташлаб келдим. Олсанг ишингни оласан, жонимни эмас, дедим. Мана шу аҳвол.

Ишонасизми, биз болалар билан уйма-уй юриб гўнг йиғамиз ва уни пахтага олиб чиқиб соламиз. Пахта чопиғию, теримини айтмай қўя қолай. Хуллас, ўқитувчи бугун ҳокимиятнинг мардикори бўлди, қолди. Бунақада ўқитувчи мактабда ишлашни хоҳлайдими. Бунақада ўқитувчининг обрўси қоладими, бунақада уни ким ҳурмат қилади? Ким? деб ҳайқиради чорасизликдан қийналиб кетган сариосиёлик ўқитувчи.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG