Линклар

АҚШ махсус учқичлари Манасдан кўчирилмоқда


Муваққат ҳукумат қарори¸ Манас базасидаги АҚШ ҳарбийларини мураккаб аҳволга солиб қўйди.

Муваққат ҳукумат қарори¸ Манас базасидаги АҚШ ҳарбийларини мураккаб аҳволга солиб қўйди.

Қирғизистон ҳукумати билан солиқ борасида юзага чиққан келишмовчилик муносабати билан Бишкекдаги АҚШ ҳарбий транзит базаси парвоз пайтида ёнилғи қуйишга мослашган махсус КС-135 учоқларини бошқа ҳудудга кўчиришга мажбур бўлди.


Бишкекдаги АҚШ ҳарбий транзит марказининг Жамоатчилик билан алоқа бўлими бошлиғи Жон Илофнинг маълум қилишича, Қирғизистон муваққат ҳукумати томонидан солиқ масаласининг кўтарилиши сабабли марказдаги айрим ҳарбий техник воситалар бошқа давлатларга вақтинчалик кўчирилган.

- Қирғизистон билан икки томонлама сўзлашувлар якунлангунига қадар парвоз пайтида ёнилғи қуювчи КС-135 учоқлари вақтинча бошқа ҳудудга кўчирилди. Айни пайтда қолган кучларимиз марказ ҳудудида қолиб, Афғонистондаги миссиясини бажармоқда, деди Жон Илоф.

АҚШ ҳарбийси учоқларнинг айни қайси давлат ҳудудига кўчирилгани ҳақидаги маълумотни очиқламади.

АҚШ ҳарбий транзит марказининг ëнилши учун солиқ тўлаши лозимлиги тўғрисидаги масала 7 апрел воқеаларидан сўнг ҳокимиятга келган муваққат ҳукумат томонидан кўтарилган.

7 апрел воқеаларидан сўнг АҚШ ҳарбий маркази ёнилғи таъминотини ўрганган Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот тузилмалари¸ мазкур марказни авиаёнилғи билан таъминлашнинг ўта коррупциялашгани ва АҚШ расмийларининг бундай ҳолга кўз юмиб келганини эълон қилган эди.

Айтилишича, АҚШ ҳукумати Бишкекдаги ҳарбий марказни ёнилғи билан таъминлаш учун “Майнкропт” ширкати билан 729 миллон долларлик, “Редстарт инерпрайс” ширкати билан 720 миллон долларлик шартнома тузган.

Бироқ бу маблағлар коррупциялашган схемалар бўйича ўзлаштирилган. Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот тузилмалари марказни ёнилғи билан таъминловчи ширкатлар солиқ тўламагани ва бунинг оқибатида мамлакатга катта миқдорда зиён келтирилганини ҳам очиқлаган.

Мазкур иш юзасидан АҚШ Конгрессининг ҳам ўз мустақил текширувини бошлагани айтилмоқда

Бишкеклик таҳлилчи Тўқтўғул Қақчикеевнинг айтишича, мазкур корупциялашган тузилмадаги аксар улуш Қирғизистон собиқ раҳбарлари фарзандларига тегишли бўлган.

- Дастлаб Ақаевнинг, кейин эса Бакиевнинг ўғли америкликларга авиакеросин сотиб фойда кўриб келишди. Албатта, АҚШ ҳукумати бундай коррупциялашган тузилмадан хабардор бўлган, аммо бундай жараённи тўхтатмаган, дейди Тўқтўғул Қақчикеев.

Сўнгги маълумотларга кўра, АҚШ ва Қирғизистон ҳукумати солиқ масаласида икки томонлама сўзлашувларни расман бошламаган. Бугунги кунда сўзлашувларга тайёргарлик жараёни олиб борилмоқда¸холос.

- Бу масала юзасидан расмий баёнот муваққат ҳукумат раисининг ҳозир Туркияда иш сафарида юрган биринчи ўринбосари Алмазбек Атамбаев томонидан берилади. Бироқ айтиб ўтишим мумкинки, солиқлар ва АҚШ марказини ёнилғи билан таъминлаш масаласи юзасидан икки давлат ҳукуматлари музокаралар ўтказиши режаланган, деди муваққат ҳукумат матбуот котиби Фарид Ниёзов.

Айни пайтда Бишкекдаги АҚШ транзит маркази расмийлари учоқларга ёнилғи қуйиш масаласининг қийинлашгани марказнинг Афғонистонлаги миссияси фаолиятига сезиларли таъсир кўрсатмаётганини билдирмоқдалар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG