Линклар

К+ телеканали яна бир ҳужумга учради...


Бош қароргоҳи Лондонда жойлашган К+ телеканалининг муҳожиратдаги қозоқ мухолифатчилари томонидан молиялаштирилиши тахмин қилинади.

Бош қароргоҳи Лондонда жойлашган К+ телеканалининг муҳожиратдаги қозоқ мухолифатчилари томонидан молиялаштирилиши тахмин қилинади.

3 июн куни асосан сунъий йўлдош орқали эфирга чиқадиган К+ телеканалининг ўз дастурларини Россия ҳудудида кабел тармоғи орқали намойиш қилишга рухсат берувчи расмий лицензия¸ тахминларга кўра¸ Остона босими остида бекор қилинди.


Россияда рўйхатдан ўтган К+ телеканалининг Москвадаги матбуот хизмати раҳбари Светлана Третякова, лицензиянинг бекор қилингани ҳақида Алоқа, ахборот технологияларини назорат қилиш бўйича федерал хизмат - “Роскомнадзор” веб-сайти орқали хабар топганини айтади.

Третяковага кўра, бундан аввал “Роскомнадзор” К+ нинг IP-тармоқ орқали узатиладиган эшиттиришлари юзасидан норозилик билдирган. Аммо телеканал вакиласи, аслида Россияда IP-тармоқ орқали эшиттиришлар бўйича махсус лицензиялар берилмаслигини таъкидлаш орқали¸ бундай “асос”нинг ўзи асоссизлигини айтади.

- Ҳозирча Россияда телеканаллар ўз кўрсатувларини кабел тармоқ орқали узатиш учунгина лицензия олишади. Шу пайтгача ҳеч бир каналга IP-ТВ бўйича эътироз билдирилмаган, дейди Светлана Третякова.

К+ нинг Москвадаги матбуот хизмати раҳбари¸ телеканалнинг Россияда лизенциядан маҳрум этилиши ортида сиëсий сабаблар ëтганини айта туриб¸ телеканал юритаётган таҳририй сиёсатдан безовта бўлиб келган режимлар “Роскомнадзор” воситасида бу сиëсатдан ўч олаëтганларини таъкидлайди.

- К+ бошқа телеканаллар, жумладан амалдаги сиёсий режимлар манфаатини ҳимоя қилаётган телеканаллар сукут сақлайдиган Марказий Осиё ҳодисаларини ёритиб келади. Биз ўз дастурларимизда ҳам ҳукумат¸ айни пайтда ҳам мухолифат вакиллари, ҳамда ҳуқуқ ҳимоячиларга сўз берамиз. Табиийки¸ каналнинг бундай сиёсати ҳаммага ҳам маъқул келмайди. Бундан аввал Қозоғистон ҳудудидан ЯМАЛ сунъий йўлдошларимизни ўчириш уринишлари бўлган эди. “Роскомнадзорнинг” ҳозирги ҳаракатлари ҳам айнан ўша ҳужумнинг давомидек кўринаяпти, дейди Светлана Третякова.



Қозоғистондаги мустақил кузатувчилар бундай фикрга қўшила туриб¸ “Роскомнадзор”нинг қозоқ ҳукумати сўровига асосан К+ телеканалини лизенциядан маҳрум этганини тахмин қилмоқдалар. Қозоғистондаги “Журналистлар хавф остида” ташкилоти раҳбари Розлана Таукина шундай фикрдагилардан бири.

- Бугун Россия ва Қозоғистон ўртасидаги ҳамкорликнинг яхши йўлга қўйилгани, Остонага нафақат Қозоғистон, балки Россия ҳудудидаги ахборот оқимини назорат қилишга имкон яратмоқда. Шу боис¸ К+ телеканали лизенцисиянинг Россияда осонгина бекор қилинганидан кўп ҳам ҳайратга тушмайман. К+ дастурларида қозоқ мухолифатининг муҳожиратдаги етакчилари чиқиш қилаëтгани боис бу канал Қозоғистон ахборот ҳудуди учун номақбулга айланди¸ дейди Розлана Таукина.

К+ телеканалининг Россияда лицензиядан маҳрум қилиниши юзасидан изоҳ олиш мақсадида “Роскомнадзор” билан боғланиш уринишларимиз самара бермади – бутун бошли бу ташкилотда айнан К+ телеканалининг тақиқланишига оид саволга жавоб берадиган расмий топилмади.

“Роскомнадзор” нинг интернет сайтида, К+ телеканали Россия “оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги” қонунчилигида белгиланган лицензия бўйича шарт ва талаблар, жумладан телеканалнинг расмий рўйхатдан ўтган манзилда фаолият юритмагани учун ўз лицензиясидан маҳрум қилингани айтилади.

Ҳозирга қадар К+ телеканали Россиянинг Коми, Татаристон ва Бошқирдистон республикалари¸ Псков, Твер ва Челябинск вилоятлари, Москва шаҳри ва вилояти, шунингдек Чебоксар ива Чувашия ҳудудларида ўз кўрсатувчларини кабел тармоғи орқали эфирга узатиб келаëтган эди.

Кабел тармоғига лицензиясидан маҳрум қилинган К+ дастурларини мазкур ҳудудлари аҳолиси энди фақат интернет орқали кўришлари мумкин.

К+ телеканали Марказий Осиëнинг беш республикасидаги сиëсий¸ ижтимоий иқтисодий вазиятни борича¸ фактларга асосланган ҳолда ëритишни мақсад қилган бўлиб, у сунъий йўлдош орқали Евроосиëнинг Владивостокдан Мадридга қадар ҳудудларида 24 соат ўз дастурларини тақдим этади.

Марказий Осиë ҳаëтига оид ахборот ва таҳлиллари билан танилган мазкур телеканал минтақадаги режимларга мухолиф бўлган сиëсатчилар ҳақида дастурларни эфирга узатиш пайтида, бир неча бор техник ҳужумга учраган.

Жорий йил 6 март куни ўзбек мухолифати лидерларидан бири Муҳаммад Солиҳ ҳақида ҳозирланган бир ярим соатлик “Қуролсиз одамнинг озодлиги” номли ҳужжатли филм эфирга узатила бошлаганидан 10 дақиқа ўтар-ўтмас, сунъий йўлдош воситасида тарқаладиган К + кўрсатуви эфирдан ғойиб бўлган эди.

Ўшанда мухолифатдаги “Эрк” партиясининг раҳбари Муҳаммад Солиҳ, К + телеканали кўрсатувига тажовузни Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати амалга оширди¸ деган эҳтимолни илгари сурган эди.

Ўтган йил сентябр ойида эса, К+ телеканали Қозоғистон президентининг собиқ куëви Роҳат Алиев билан давомли суҳбатларни эфирга узатган эди. Бу суҳбатдан сўнг К+ телеканали раҳбари Бақитжан Кетебаев, каналнинг Қозоғистон ҳукуматининг кучли босимига учраганини таъкидлаб ўтганди.

Жорий йили эса, К+ телеканали қозоқ мухолифатдаги Ғарбдаги вакиллари, хусусан қочқинликдаги йирик қозоқ банкири Мухтор Аблязов ва бир неча йилдан бери Лондонда қочқинликда яшаб келаётган Қозоғистон собиқ Бош вазири Акежан Кажегелдин билан бўлган бир неча интервюларни эфирга узатган эди.

Шунда Қозоғистон ҳудудида К+ телеканалига техник ҳужум уюштирилиб, қозоқ мухолифтчилари билан интервю видеоси жойлаштирилган Youtube порталига Қозоғистондан кириш бир неча кунга тўсиб қўйилган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG