Линклар

Тожик аëллари ўзбек элчихонаси олдида митинг ўтказди

  • Гулнора Равшан

Намойишга чиққан аëллар ўз мурожаатномаларини Ўзбекистон дипломатларига бера олмай¸ қайтиб кетдилар.

Намойишга чиққан аëллар ўз мурожаатномаларини Ўзбекистон дипломатларига бера олмай¸ қайтиб кетдилар.

4 июн эрталаб Ўзбекистоннинг Душанбедаги элчихонаси ёнида 20 чоғлик тожикистонлик аёл Ўзбекистонда ушлаб турилган Тожикистон юк вагонларини ўтказиб юбориш талаби билан норозилик митинги уюштирди.


Ўзбекистоннинг Душанбедаги элчихонаси ёнида тўпланган 20 чоғли тожикистонлик фаол аёллар олдига элчихона консули Зафар Раҳимжонов чиқди.

Митинг ташкилотчиси, Тожикистондаги олий ўқув юртларида ишловчи аёллар норасмий кенгаши раҳбари Гулжаҳон Бобосодиқова элчихона расмийсидан митинг иштирокчиларининг ичкарига киритилиши ва Ўзбекистон президенти номига тайёрланган мурожаатномани қабул қилиб олишларини сўради.

Тожикистондаги қатор ноҳукумат ташкилотлари раҳбарлари имзо чеккан ушбу мурожаатномада ўзбек ва тожик халқларининг умумий тарихи, маданияти ва урф-одатларини назарга олган ҳолда, икки мамлакат ўртасидаги дўстлик алоқаларини қайта тиклаш ва аввалги борди- келдиларни йўлга қўйиш сўралган. Шунинг баробарида тожикистонлик аёллар Тожикистонга тегишли юк вагонлари ҳам тезроқ қўйиб юборилишини ҳам сўрадилар.

- Аммо афсуски, Ўзбекистон элчихонаси масъуллари бизни ҳам, мурожаатномамизни ҳам қабул қилишмади. Ахир биз тинчлик билан, яхши ниятда элчихонага келгандик, қўлимизда бирор плакат ҳам йўқ эди. Менимча ўзбек дипломатлари бизни қабул қилмай яхши иш қилишмади, дейди норози оҳангда Гулжаҳон Бобосодиқова.

“Тинчлик ва яхши ният билан Ўзбекистон элчихонасига келгани”ни таъкидлаётган Бобосодиқова хонимнинг ўзи билан бирга Тожикистондаги маҳаллий ва хорижий ахборот воситалари вакилларини ҳам олиб келгани ва ҳеч бир огоҳлантиришсиз элчихона ходимлари билан норасмий суҳбатларни видеотасвирга тушира бошлагани¸ айтилишича¸ элчихона расмийларининг ғашига теккан.

Ўзбекистоннинг Душанбедаги элчихонаси расмийси Зафаржон Раҳимжонов тожикистонлик аёллар мурожатномасининг ўз идораси томонидан қабул қилинмаганини тасдиқлай туриб¸ бунга изоҳ беришга уринди

- Мен Гулжаҳон Бобосидиқовага ҳар қандай расмий мурожаатномаларнинг фақат Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги орқали олинишига оид тартиб ўрнатилганини тушунтирдим. Ҳатто Тожикистон фуқароларининг шахсий мурожаатномалари ҳам шу йўл билан қабул қилинади. Худди шундай тартиб Тожикистон республикасининг Тошкентдаги элчихонасида ҳам ўрнатилган ва шу асосда иш юритилади, деди Ўзбекистон элчихонаси расмийси.

Зафаржон Раҳимжонов кутилмаган митингнинг элчихона ходимларини бир оз саросимага солгани ва бунинг ортидан Тожикистон миллий хавфсизлик қўмитаси томонидан элчихона биноси атрофида қўриқчилар сони кўпайтирилганини таъкидлади.

Ўзбекистон элчихонаси вакили мазкур воқеа юзасидан Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигига нота тайёрлаётганини ҳам қўшимча қилди.

Айни пайтда¸ митингчи тожик аёллари ўзбек дипломатлари қабул қилмаган мурожаатномани Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг жорий раиси, Қозоғистоннинг Душанбедаги элчиси Абуталип Ахметовга топшириш ва шу йўл билан ўз талабларини расмий Тошкентга етказиш мақсадида Қозоғистон элчихонасига йўл олишди.

Аммо Қозоғистон элчихонаси вакиллари тожикистонлик эътирозчи аёлларни ичкарига таклиф ҳам қилмади, уларнинг арзу додларини тинглаш учун аëллар олдига ҳам чиқмади.

Шундан сўнг аёллар Ўзбекистон президенти номига ёзилган мурожаатномани Қозоғистон элчихонаси қўриқчиларига топшириб, тарқалишди.

Айрим кузатувчилар¸ шу йил 10-11 июн кунлари Тошкентда бўлиб ўтиши кутилаётган Шанхай ҳамкорлиги ташкилотининг навбатдаги саммити арафасида Душанбеда бундай норозилик митинги ўтказилишининг Тожикистон манфаатига хизмат қилишига шубҳа билан қарамоқдалар.

Кузатувчилар¸ саммит арафасида Ислом Каримов ва Имомали Раҳмоннинг яккама-якка учрашиш эҳтимоли айрим доираларда хавотир уйғотган бўлиши ва Ўзбекистон элчилиги биноси олдидаги тадбирда айнан шу доираларнинг қўли борлигини тахмин қилмоқдалар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG