Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:40

Ўзбекистонда eKarmon фаолиятини тўхтатмоқда


Яқин кунларда интернетдан ekarmon.uz ни топиб бўлмай қолади.
Яқин кунларда интернетдан ekarmon.uz ни топиб бўлмай қолади.

Бу ҳақда ўз сайтида расман маълум қилган мамлакатдаги ягона интернет тижорати тармоғи бўлган eKarmon Group ўз мижозларидан электрон ҳамёнларидаги пулларини 14 июнга қадар ўз шахсий ҳисобларига ўтказишларини сўради.


Бу муддат ичида пулларини бошқа ҳисобларга ўтказишган улгурмаган мижозларга икки ойдан кейингина пуллари қайтариб берилиши мумкин.

eKarmon Group вакилларидан бири электрон тижорат тизими 14 июнга қадар расман ёпилишини тасдиқлади, аммо бунинг сабабларини очиқламади.

- Ишламаяпти ҳозир. Ëпилаяпмиз. 14 июнда расман ëпилади.

Озодлик: Ҳозир eKarmon орқали трансакциялар амалга ошаяптими?

- Йўқ¸ ҳозир ҳеч қанақа трансакциялар амалга ошмаяпти.

Озодлик: Нима сабабдан ëпилаяпти?

- Сабаблари кўп. Лекин мен айтиб бера олмайман. Нимага ëпилаëтганлиигни сайтимизга ëзиб қўйган.

Озодлик: Тизим ўзини оқламадими Ўзбекистонда?

- Шунақароқ ҳам бўлди. Сабаблари кўп ака. Ҳозир ҳаммасини айтиб бера олмайман сизга. Фаолиятимизни тўхтатамиз¸ дейди eKarmon Group вакилларидан бири.

Ширкатдагиларга кўра, eKarmon касодга учрамаган, балки ўз ихтиёрига кўра фаолиятини тўхтатмоқда.

- Мижозлар эса ўз маблағлари ҳақида қайғуришмаса ҳам бўлади, улар ишончли қўлларда ва уларни қайтариб олишларига кафолат берилади, деб билдирди eKarmon Group.

eKarmon – электрон ҳамён дегани. “E” белгиси Интернет маъносини англатади. Яъни, “eKarmon” сўзини электрон кармон деб билиш мумкин.

2008 йилдан бери бу ширкат ўзбек миллий сўмида электрон тижорат тизимини жорий қилган ягона ширкат саналиб келинган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йилда қабул қилган “Электрон тижоратни амалга оширишда тўловларни ўтказишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Бошланғич Лойиҳа сифатида эълон қилинган эди.

Ўтган икки йил мобайнида бу ширкат Интернет тармоғи орқали бир зумда товар-хизматларни шахсий электрон рақамли имзоларни қўллаган ҳолда сотиб олиш харид қилиш имконини берувчи интернет тўловларни амалга ошириб келган.

Ширкат маҳаллий аҳоли, ишбилармон ва нодавлат жамоалари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг давлат секторига, интернет тармоғи ёрдамида товар-хизматлар учун бир зумда ва энг асосийси хавфсиз ҳақ тўлаш имконини берувчи замонавий, юқори технологик электрон тўлов тизимини тақдим этиш ўзининг асосий мақсади эканини иддао қилиб келган.

Ўтган йили Тошкентда бўлиб ўтган ICT Expo кўргазмасида eKarmon ўн минглаб мижозига эга экани ҳақда билдирган, аммо бу борада аниқ рақамни шу пайтгача ширкат айтмаган.

eKarmon ёрдамида мижозлар Интернет ёки уяли телефон орқали алоқа хизмати ҳақларини тўлашлари ва тармоққа қўшилган онлайн дўконлардан мол харид қилишлари мумкин эди. Энди eKarmon ёпилиши ортидан Ўзбекистон электрон тижорат тизими бўлмаган мамлакатга айланди.

* * *

Тошкентда бепул интернет бор ресторан ва кафелар сони ортмоқда. OrexCA.com Ўзбекистон пойтахтида бепул интернетдан фойдаланиш мумкин бўлган масканлар рўйхатини эълон қилди. Ўнлаб ресторан, бар ва меҳмонхоналар бу рўйхатга кирган. OrexCA.comнинг ёзишича, Тошкентнинг бепул интернет кўлами бўйича МДҲ худудидаги шаҳарлар орасида биринчи бўлишига фақат Москва соя солмоқда.

Сўнгги пайтларда Тошкентдаги кафе ва меҳмонхоналар олдида очиқ ҳавода ўтириб лэптопига (notebook) тикилган кўплаб одамларга кўзингиз тушади.

Лэптоп эгалари айнан шу ерга келиб ускуналарини ишлатишлари бежиз эмас. Кўпгина кафе, ресторан эгалари ўз мижозларига бепул интернетдан фойдаланиш имконини берган.

Шундай бепул интернетдан фойдаланадиганлардан бири тошкентлик Ирина.

- Бепул интернет бор жойларга ноутбукингиз билан келиб, Wi-Fi орқали бемалол интернетга уланишингиз мумкин. Айрим ҳолларда алоқада узилишлар ҳам бўлиб туради, лекин умумиятла ёмон эмас, дейди Ирина.

Бундай жойларга ўз лэптопи билан келувчилардан яна бири тошкентлик Жаҳонгир. Жаҳонгир Тошкентдаги бепул интернет бор жойларни ёддан билади.

- Айрим институт¸ университетларнинг олдида¸ ичида¸ ҳамма ëғида ишлатса бўлади. Ҳаммасида ҳам эмас¸ аммо баъзиларида бор. Телефонларда 3G хизматлари ишлаяпти ҳозир¸ дейди Жаҳонгир.

Жаҳонгирнинг айтишича, бепул интернет учун энг қулай жой Тошкентдаги “Блинофф” кафесидир.

- Борадиган жойларимдан бири Блинофф кафеси. Ўша ерда бепул интернет. Ҳеч ким ҳеч нарса демайди. Кириб интернетдан бепул фойдаланаверасиз.

Озодлик: Қаерда жойлашган у?

- У Максим Горкий (ҳозирги Буюк Ипак йўли бекати – таҳр.) метросининг ëнида жойлашган. Оддий кафе. Яна бошқа жойларда ҳам бор. Масалан¸ Алайский атрофида бор. Бепул¸ ҳеч ким ҳеч нарса демайди. Лэптопданми¸ бошқасиданми фарқи йўқ. Любой сайтларни очаверади. Чеклов йўқ. Ҳозир кўп институтларда¸ коллежларда бор¸ дейди Жаҳонгир.

“Блинофф” кафеси ходимларидан бирининг айтишича, интернетдан фойдаланиш учун лэптопни кафеда ижарага ҳам олиб туриш мумкин.

- Интернет бор. Ўзингиз билан ноутбук олиб келсангиз ҳам бўлади¸ бу ерда ижарага олиб ўтирсангиз ҳам бўлади.

Озодлик: Ижарага ноутбук ҳам берасизларми?

- Ҳа¸ берамиз¸ дейди Блинофф кафеси ходимларидан бири.

Тошкентда бепул Интернет бор ресторан ва кафелар сони ортар экан, бундай жойларга лэптопини кўтариб борадиганлар сони ҳам орта бошлади.

Айримлар бепул Wi-Fi бор кафеларга овқатланиш учун эмас, балки бепул интернет учун келадиган бўлишди. Бунинг ортидан Тошкентдаги Юлдуз кафеси фақат овқат оладиган мижозлари учунгина бепул интернет бериш тартибини жорий этди.

- Фақат овқат олсангиз, Wi-Fi бизда бепул, дейди кафе ходимларидан бири.

Ўзбекистонда Dial-up¸ яъни телефон линияси орқали интернетга боғланиш ойига 50 долларга тўғри келмоқда. Агар Ўзбекистонда ўртача ойликнинг 70-100 доллар атрофида экани инобатга олинса¸ бу нарх анча қиммат.

Юқори тезликдаги интернет хизмати эса Ўзбекистонда ойига 200 доллар. Ҳатто Европанинг энг қиммат мамлакатларида ҳам интернет хизмати бундан арзон.

Тошкентдаги интернет кафелардаги нархлар эса Европадаги нархлар билан деярли бир хил.

- Интернет кафеларда соатига 600 сўмдан бошланади. 1000 сўмлиги ҳам бор¸ 2000 сўмлиги ҳам бор. У интернетнинг тезлигига қараб. Уйдан чиқадиган бўлсангиз ҳам шунақа¸ дейди Жаҳонгир.

Ўзбекистонда интернет фойдаланувчилар сони, жорий йилнинг биринчи ярми якунларига кўра, 2,6 миллион одамни ташкил қилган.
Агар Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги тарқатган бу маълумотга ишонилса, Ўзбекистонда ҳар 10 одамнинг бири жаҳон тармоғидан фойдаланиш имконига эга.

Аммо Ўзбекистонда ҳукумат хуш кўрмайдиган мухолифат ва мустақил вeб-нашрлар тўсиб қўйилган. Озодлик сайти баробарида кўплаб сайтларнинг Ўзбекистонда очилиши имконсиз.
XS
SM
MD
LG