Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:48

Эркин микрофон - Ўзбекистонда Омбудсманнинг кимга кераги бор?


SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.
SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.

Ўзбекистонда минглаб одам ноҳақ қамалаëтган бир вазиятда Сайëра Рашидова нега жим? дейди сим қоққанлардан бири.

“Омбудсманга айтадиган гапим бор”

дейди Самарқанддан қўнғироқ қилган Холисбек. Унга кўра ҳақиқат ва адолат истаб Ўзбекистон Омбудсмани эшигини қоқаётган фуқаролар умидсиз қолмоқда:

- Омбудсмaн фаолияти мутлақо ҳозирги замон талабларига жавоб бермайди. Ўзбекистон республикаси 70 га яқин конвенцияларга қўшилди¸ дейилади. Ўша 70 та конвенциянинг¸ ҳеч бўлмаса¸ биттаси қандай бажарилмоқда? Бу саволга ижобий жавоб бериш мушкул. Омбудсман фаолияти ҳукуматнинг қўлида қўғирчоқ. Инсон ҳуқуқлари фаоллари¸ мустақил журналистлар ҳибсга олинган. Нега Омбудсман жим турди? Омбудсман сўз эркинлиги борасида қўллаб-қувватлаганини кўрганимиз йўқ.

Фуқаролар мурожаатларини ишлаш соҳасида ҳам муаммолар етарли. Масалан¸ мен суҳбатда бўлга фуқаролардан беш-олтитаси ҳатто Омбудсман ариза шикоятларига жавоб бермаганини таъкидладилар. 2007 йилда Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Сайëра Рашидовани лавозимига мутлақо нолойиқ¸ деб таърифлаган эди. Бу фикрларга кўпчилик қўшилади. Ўзбекистон Компартияси Марказий комитетининг собиқ секретари Шароф Рашидовнинг қизи бўлгани учун бу лавозимга тайинланган. Кадрларнинг ахлоқий-маънавий савияси бу ерда иккинчи-учинчи планларга тушиб кетди. Қирғизистон Омбудсманлар фаолиятларини кузатсангиз¸ уларнинг олдида Рашидова фаолияти нол бўлиб чиқади. Улар ҳатто ҳукумат билан тортишишгача боради. Давлатнинг нимасига учраган кучларни ҳам ҳеч қўрқмасдан ҳимоя қила олади. Масалан¸ бирор марта Рашидованинг халққа ҳисоб берганини эшитганимиз йўқ. Ҳатто телевидениеда ҳам чиқмайдилар¸ дейди Холисбек.


Кўчага улоқтирилган аёл нидоси

Фарғона вилоятининг Қиргули туманидан қўнғироқ қилган Гулнора Юсупова қонуний сотиб олган уйидан беш фарзанди билан ҳайдалганлиги ҳақида куйиниб гапирди:

Гулнора Юсупова: Укажон¸ менинг сизга арзим жуда кўп эдида. Илтимос¸ ҳамма гапимга қулоқ солинг.

Озодлик: Кимсиз? Ўзингизни таништирасизми?

Гулнора Юсупова: Мен Юсупова Гулнораман. Фарғонадан телефон қилаяпман. Мен жуда қийналиб кетдим. Радиодан сизларнинг гапларни эшитиб¸ охири сизларнинг нимани ахтариб топиб телефон қилган эдим.

Озодлик: Гулнора опа¸ нима гаплар бўлди? Тинчликми?

- Тинчликмасда. Мен икки йилдан бери кўчадаман ука. Мен 27 йил рўзғор қилганман. Бешта қизим бор. Хўжайиним бешта қизим билан ташлаб чиқиб кетди. Уйни сотиб юборди. Иложи йўқ¸ қўл қўйиб бердик. Бўлмаса ўлимгача борарди бу иш. Ҳаммасини тушунтириш учун вақт кўп кетади. Кейин мен айланиб ўргилиб Қиргулидан 10 минг долларга уй олдим. Давлат нотариуси менинг ўзимнинг номимга ўтказиб берди. 2008 йил 21 октябр куни иккита милиция келиб “Судга борасиз. Суд бўлаяпти уйингиз тўғрисида” деб олиб кетди. Мен ҳайрон бўлиб судга бордим. Судга борсам¸ бировнинг уйини беш кишига олди-сотди қилиб бешинчиси мен эканман. У тўртта одам йўқ. Менинг устимдан ҳукм чиқариб беришди. Адвокат олгани ҳам қўйишмади¸ бошқасига ҳам. Бунақа нарсалар менинг тушимга ҳам кирмаган. Уйдан чиқмаган аëлман мен. Хуллас уйимни олиб¸ мени кўчага чиқариб қўйишди бешта болам билан. Мени уйдан олиб чиқаëтганда мен бўлмаганман. Болаларим “Онам келсин” дейишига ҳам қарамасдан менинг болаларимни улар отиб юборган. Иккита қизим касал ëтибди. Бир йилдан бери ўзига келмайди улар. Битта қизим ҳозир оғир операция бўлди. Егани ноним йўқ. Ўзим инвалидман. Гапиргани ҳам ҳолим қолмаяпти. Қалтираб қолдим ука¸ дейди Гулнора Юсупова.


“20 асрнинг буюк шахси”

ҳақида фикр билдирар экан, ўзбекистонликлардан бири Ўзбекистон Эрк демократик партияси раҳбари Муҳаммад Солиҳни тарихдаги буюк шахслар қаторига қўяди:

- Апрел ойи бошларида Озодлик радиосида Муҳаммад Солиҳ тўғрисида бир эшиттириш бўлди. Эрк партиясининг лидери Муҳаммад Солиҳ интервью бердилар. Шу ерда Англиядан Нодир деган йигит савол берган экан. “Солиҳ акани бунча кўтар-кўтар қиласизлар. Солиҳ ака ҳам совет даврида вояга етган¸ коммунист” деган фикрларни айтдида. Шунга мен бир фикрларимни айтмоқчи эдим. Бунга Солиҳ ака ўзлари жуда яхши жавоб бердилар. Биз 90-йилларда Солиҳ ака бошлаган ҳаракатни кўриб¸ билиб¸ йиғилишларда иштирок этиб¸ бир фикрни айтмоқчи эдим. Солиҳ ака 20 йилдан бери Эрк партиясига раҳбарлик қилиб келаëтган бўлсалар¸ Солиҳ акани ҳеч иккиланмасдан айтиш мумкинки¸ 20 асрда дунë сиëсатида жуда чуқур из қолдирган Уинстон Черчил¸ Шарл де Гол¸ Маҳатма Ганди ва бошқалар қаторида тура олади. Чунки Солиҳ ака ўзбек халқининг озодлиги¸ эркинлиги учун шу ҳаракатларни олиб бораяптилар. Бу инсонни ҳақиқатан ҳам буюк инсон деб ҳисоблайман¸ дейди Ўзбекистондан сим қоққан бу суҳбатдош.


“Ҳар куни Озодлик тинглаймиз”

дейди Тожикистоннинг Жиликўл туманида яшайдиган туркман миллатига мансуб Анвар Усмонов.

- Сиз¸ Абдулла Искандар¸ Сарвар Усмон ва Озодликнинг бошқа мухбирлари шахсан мен учун ажойиб инсонлар. Сизлар ҳақиқий ахборотларни берасизларки¸ мен ҳар куни тинглаб бораман. Ишни қўйиб сизларнинг нималарингизни тинглаб бораман. Мен катта раҳмат айтмоқчиман. Бизнинг қишлоқдаги одамлар ҳам сизларга раҳмат айтади. “Озодликда нима гаплар бўлди?” деб мендан сўраб туради. Сизларга жуда катта раҳмат. Ўзбекистон¸ Тожикистон¸ Россия – бутун янгиликларни олиб берасизлар. Бутун халқ номидан мана мен сизларга раҳмат айтаман. Ҳаммаларингизга катта-катта раҳмат. Ҳеч нарсани яширмайсизлар. Ҳатто президентга қадар нима қилмай тўғри гапларни гапирасизлар¸ дейди Анвар Усмонов.

**********************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас.!
XS
SM
MD
LG