Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:29

Сўғдда ЎИҲ аъзолари ўлдирилди


Тожикистон Ички ишлар вазир Абдураҳим Қаҳҳоровга кўра, ЎИҲ аъзолари Исфара туманига ин қуришган.
Тожикистон Ички ишлар вазир Абдураҳим Қаҳҳоровга кўра, ЎИҲ аъзолари Исфара туманига ин қуришган.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, Душанбе яқинида ўтказилган амалиётда нобуд этилган қуролли шахслар Ўзбекистон исломий ҳаракати аъзолари эканлиги аниқланди. Халок бўлганлар Тожикистон фуқароси ва Сўғд вилоятининг Исфара туманида истиқомат қилишган.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги матбуот маркази тарқатган маълумотларда айтилишича, республика пойтахти яқинидаги Варзоб дарасида нобуд қилинган икки нафар шахс Абдураҳим Умаров ва Абдураҳмон Воҳобовлар эканлиги аниқланган.

Маълумотга кўра, улар Ўзбекистон исломий ҳаракати аъзолари эканлиги тасдиқланган ва тўрт йилдан буён қидирувда бўлган. Нобуд этилганлар Сўғд вилоятининг Исфара туманида истиқомат қилганлар.

Тожикистон Ички ишлар вазири, генерал полковник Абдураҳим Қаххоровнинг сўзларига кўра, бу ҳаракатнинг энг кўп аъзолари Исфара туманидан қамоққа олинган.

- Бу ҳаракат аъзоларининг аксарияти Тожикистон фуқаролари. Ораларида бир икки нафар Ўзбекистон фукароси ҳам қўлга олинган эди. Такрор айтаман, қўлга олинганлар ва қидирувда бўлганларнинг ҳаммаси Тожикистон фуқароларидир. Хўш, улар нега айнан Исфара туманини танлашган? Чунки Исфара Ўзбекистон ва Қирғизистонга хам чегарадош. Яширин фаолият юритиш ва зудлик билан ғойиб бўлиш учун жуда қулай жой,- дейди вазир

Эслатиб ўтамиз, уч кун илгари Душанбе-Хўжанд автомобил йўлининг Майхўра ГАИ постида милиция вакиллари «Опель-Вектра» енгил машинасини тўхтатганлар. Текшириш жараёнида машина йўловчилари қаршилик кўрсатиб, қуролдан ўт очишади. Ўшанда бир милиционер қорнидан оғир яраланган. Милиция вакилларининг айтишларича, улар машинда гиёҳванд моддалар борлигига гумон қилиб, автомобилни тўхтатишган.

Бир неча дақиқа давом этган отишмадан кейин автомашиндаги йўловчилар тоғ томон қочишади. Можаро юз берган жойда қолган автомашина ҳайдовчиси йўловчиларнинг кимлигидан хабарсиз эканлигини айтган.

Машинадан тоққа қочиб кетган номаълум шахсларнинг машинада қолган юклари олинади. Тинтув пайтида бу юклар орасида портлатувчи моддалар ва овозни пасайтирувчи қўлланма хамда "Валтер" тўппончаси топилган.

Икки кун давомида амалга оширилган қидирув амалиётидан кейин шубҳали шахслар яширинган жой аниқланган. Шундан кейин ноаълум шахсларни қўлга олиш амалиёти ўтказилган.

Тожикистон Ички ишлар вазирлигидан билдиришларича, қуролли тўқнашув натижасида яширинган икки номаълум шахс нобуд қилинган. Шунингдек, бу қуролли отишмада бир нафар милиция ходими ҳам ҳалок бўлган.

Дастлабки тергов суриштирув маълумотларига кўра, ҳалок бўлган Абдураҳим Умаров ва Абдураҳмон Воҳобов Душанбе шаҳрида террочилик амалиётларини амалга ошириш ниятида бўлган.

Бироқ таҳлилчиларнинг таъкидлашларича, республикада ЎИҲ аъзолари йўқ. БуниЎИҲ аъзолигида айбланиб, узоқ муддатларга озодликдан махрум этилганларнинг яқинлари ҳам айтишди.

Жумладан, судланган Аббос Мираҳмедовнинг яқинларидан бирининг айтишича, дастлабки тергов давомида қамалганларга бу айблар қийноқлар воситасида тан олдирилган.

- Бу одамлар умуман қамоқ жазосига лойиқ эмасди. Маҳкама жараёнида уларнинг бирорта ҳам айблари исботланмади. Улар хатто бир - бирларини танишмайди хам. Улар хеч қаерни портлатишмаган , қуроллари бўлмаган ҳам. Айбловлар эса дастлабки тергов давомида қаттиқ қийноқлар натижасида қўлга киритилган Судланган йигитлар уларга жисмоний азоб берган одамларнинг фамилияларигача айтишди. Лекин бу гапларнинг бирортаси суд томонидан инобатга олинмади, - дейди ЎИҲга аъзоликда айбланиб қамалган йигитларнинг яқинларилдан бири.

Расмий маълумотларга кўра,ЎИҲ аъзолари сифатида кўрилаётган 40 дан ортиқ киши қидирувда бўлиб, улар ҳақида маълумотлар маҳаллий телевидениелардан мунтазам кўрсатилиб борилади.
XS
SM
MD
LG