Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:43

Қозоғистонда сўз эркинлиги вазияти ночор


Нина Огнианова қозоқ расмийлари ҳаракатидан кўнгли тўлмаганини айтди.
Нина Огнианова қозоқ расмийлари ҳаракатидан кўнгли тўлмаганини айтди.

Маркази Ню Йоркда жойлашган “Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси” нинг Европа ва Марказий Осиё дастурлари бўйича раҳбари Нина Огнианова Қозоғистондаги қамоқхоналарнинг бирида жазо ўтаётган журналист Рамазон Есергепов ва ҳуқуқ ҳимоячиси Евгений Жовтис ёнига киритилмади.

Маркази Ню Йоркда жойлашган “Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси”нинг Европа ва Марказий Осиё дастурлари бўйича раҳбари Нина Огнианова Қозоғистон жорий йили Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотига раислик қилаётгани сабаб 30 май куни мамлакатдаги сўз эркинлиги ва қозоқ журналистларининг бугунги вазиятини ўрганиш учун келганини айтиб ўтди.

Қозоқ расмийлари, журналистлар ва ҳуқуқ ҳимоячилари билан йигирмадан ортиқ учрашувлар ўтказган Огнианова Қозоғистон Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотига раислик қилишига қарамай, қозоқ расмийлари мамлакатда сўз эркинлигига риоя қилмай, ҳамон журналистларни таъқиб қилишни давом этиб келаётганини таъкидлаб ўтди.

- Кўплаб халқаро ташкилотлар Қозоғистон, ҳусусан мамлакатдаги сўз эркинлиги вазиятини танқид қилиб келаётгани фактдир. Ҳозирги кунда бутун дунё Қозоғистондаги вазият, жумладан, мамлакатдаги сўз эркинлиги вазиятидан жуда яхши хабардор.

Қозоғистон айнан ЕХҲТ га раислик қилаётган йили кўплаб нашрлар фаолиятига тўсиқ қўйди, мустақил ва мухолифатдаги интернет нашрларни тўса бошлади. Бу қозоқ ҳукуматининг ҳозирда танқидга умуман дош беролмай қолганидан даракдир, - дейди Нина Огнианова.

Аниқланишича, Қозоғистонга қилган сафари чоғида “Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси”нинг Европа ва Марказий Осиё дастурлари бўйича раҳбари айни пайтда қамоқ жазосини ўтаётган “Алма-Ата Инфо” газетасининг бош муҳаррири, мухолифатдаги журналист Рамазон Есергепов ва таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Евгений Жовтис ёнига киритилмади.

Нина Огнианова журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси жазо муддатини ўтаётган қамоқхоналарга кириш учун қозоқ расмийларига мурожаат қилгани, аммо улар унинг ёнига бир неча бор бюррократик талаблар қўйиб, сарсон қилганларини айтади.

Шунингдек, Нина Огнианова у билан бирга қамоққа Қозоғистондаги “Журналистлар хавф остида” ташкилотининг раҳбари Розлана Таукина ҳам боргани таъкидлаб ўтди.

- Тараздаги қамоқхона вакиллари мен билан бирга бўлган Розлана Таукинанини Рамазон Есергепов ёнига киритишди. Аммо ундан аввал, улар Таукинанинг ички кийимларини обдон текширишди. Бу текширув жуда камситиш ҳолатида юз берди. Ахир Розлана Таукина қамоқда ўтирган наркофурушни кўргани эмас, балки қамоқда бўлган журналист ёнига келганди.

Розлананинг ўзи ҳам наркофуруш эмас, у журналистларни ҳимоя қилиш ташкилоти раҳбари. Мени қамоқхона вакилларининг текшируви жуда ҳайратга солди ва мен бу ҳақда ташкилотимизнинг навбатдаги баёнотида халқаро ҳамжамиятга маълум қилмоқчиман, - дейди Нина Огнианова.

Шундан сўнг Нина Огнианова қозоқ қамоқхонасидаги вазиятдан ҳамда унинг журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси ёнига киритилмагани юзасидан шикоят қилиб Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигига мурожаат қилгани, ўз навбатида, бу давлат органи Огниановани адлия вазирлигига юборгани, бундай оворагарчилик бир неча кун давом этгинини айтиб берди.

- Мен Тараздаги расмийларнинг ҳаракатларидан жуда ҳам кўнглим қолиб, хафа бўлдим. Адлия вазирлиги менинг журналист ёнига киришимни умуман ман қилди. Улар бундай ҳаракатларига изоҳ беришни ҳам исташмади. Агар қозоқ расмийлари бундай ҳаракатларини тушунтириб ўтишганида ҳам, мен бунчалик хафа бўлмаган бўлардим. Буларнинг барчаси Қозоғистон ЕХҲТга раислик қилаётган йили содир бўлаётгани жуда ачинарли, - деди Нина Огнианова.

Эслатиб ўтсак, мухолифатдаги журналист Рамазон Есергепов ўз материллари орқали давлат сирини ошкор қилганлик айблови билан, ҳуқуқ ҳимоячиси Евгений Жовтис эса машинасида одам уриб кетгани учун озодликдан маҳрум қилингандилар.

Аммо кузатувчилар бу икки шахсга нисбатан билдирилган айбловлар қозоқ расмийлари томонидан қалбакилаштирилганини таъкидлаб ўтгандилар.
XS
SM
MD
LG