Линклар

Ирландия кемаси Исроил ҳарбийларига таслим бўлди


Исроил қўшинлари Ғазо минтақаси учун инсонпарварлик ёрдами олиб кетаётган Ирландияга қарашли юк кемасини қўлга олди.

Сўнгги хабарларга кўра, ҳозир қўлга олинган кема Исроилнинг Ашдод шаҳридаги порт томон ҳаракатланмоқда.

Исроил армияси матбуот вакили Авитал Лейбовичнинг билдиришича, кемада ўтказилган рейд чоғида нохуш ҳодиса рўй бермаган ва юк кемаси экипажи Исроил ҳарбийларига ҳеч қандай қаршилик кўрсатмаган.

Бундан бир оз аввал кемадаги фаолларнинг Исроил ҳарбийларнинг тўхташ тўғрисидаги топшириқларини инкор қилиб, Ғазо қирғоқлари томон ҳаракатланишда давом этаётгани хабар қилинган эди.

Ирландияга тегишли мазкур кемада 10дан ортиқ фаол ва тўққиз нафар экипажи аъзоси бўлган. Улар орасида Ирландия фуқаролари, жумладан, Нобел Тинчлик мукофоти совриндори, 66 яшар Майрид Корриган Магуайр ҳамда БМТ Бош котибининг собиқ ёрдамчиси Дэнис Ҳаллидей ҳам бор.

Душанба куни Исроил хафвсизлик кучлари Ғазога инсонпарварлик ёрдами олиб кетаётган “Озодлик флотилияси”да рейд ўтказди. Ушбу рейд чоғида кемада бўлган фаоллардан тўққиз нафари нобуд бўлди, ўнлаб одам тан жароҳати олди.

Жаҳоннинг кўпгина давлатлари, жумладан, Туркия, Франция, Германия ҳамда БМТ Исроил ҳаракатларини кескин қоралаб, халқаро сувларда рўй берган ушбу ҳодиса юзасидан мустақил текширув ўтказилишини талаб қилдилар.
XS
SM
MD
LG