Линклар

Янукович Украина президенти бўлганига 100 кун тўлди


Феврал ойида ҳокимият тепасига келган Виктор Янукович 100 кун ичида Россия билан алоқаларни қайта тиклашга қаратилган қатор шартномалар имзолади.

Феврал ойида ҳокимият тепасига келган Виктор Янукович 100 кун ичида Россия билан алоқаларни қайта тиклашга қаратилган қатор шартномалар имзолади.

Виктор Янукович янги ҳукумат ишлаб чиққан кенг қамровли ислоҳотлар дастури Украина барқарорлигини таъминлашини таъкидлаб келмоқда. Бироқ мухолифатчилар Янукович ҳукумати режалари мамлакатни яна Россия таъсирига қайтаришга қаратилганини иддао қилмоқда.

Украина президенти этиб сайланганининг 100 кунлиги муносабати билан чиқиш қилган Виктор Янукович “Зарғалдоқ инқилоби” лидерларини мамлакатни танг аҳволга солиб қўйганликда айблаб, ўз ҳукуматининг устивор мақсадлари ҳақида буларни айтди:

- Мен мамлакатда чуқур ислоҳотлар ўтказилишини ва жамиятнинг ҳар бир соҳасини мунтазам замонавийлаштириш орқали ўта зарур бўлган ижтимоий-иқтисодий янгиланиш босқичини тугатишни таклиф қиламан, дея баёнот берди Виктор Янукович.

Украина ҳукумати 5 йил ичида кенг миқёсда хусусийлаштириш дастурини амалга ошириш, коррупцияга қарши кураш ва сайлов қонунларини ислоҳ қилишни ҳам режалаган.

Феврал ойида ҳокимият тепасига келган Виктор Янукович 100 кун ичида Россия билан алоқаларни қайта тиклашга қаратилган қатор шартномалар имзолади. Улар орасида Қора денгиз соҳилидаги Севастопол портининг Россия флоти ихтиёрида бўлиши муддатини 25 йилга узайтириш ҳақидаги келишув ҳам бор. Бу келишув эвазига Россия Украинага арзон нархда газ етказиб беришни ваъда қилди.

3 июн куни Украина парламенти мамлакатнинг ҳеч қандай блокка қўшилмаслик мақомини яна бир марта тасдиқловчи ҳужжат лойиҳасини қабул қилди. Янги ҳужжат Украинанинг НАТОга аъзо бўлишига имкон бермайди.

Янукович кўраётган бундай чораларни, айниқса, Украинанинг шарқий қисмида яшайдиган рус тилида сўзлашувчи аҳоли вакиллари қўллаб-қувватламоқда.

Айни пайтда мухолифат вакиллари ҳукумат режалари Украина иқтисодиётини талон-тарож қилиш ва мамлакатни яна Россия таъсирига қайтаришга қаратилганини иддао қилмоқда.

Мухолифат вакили ва Украина парламенти аъзоси Сергей Соболев Януковичнинг мақсади ўзини қўллаб-қувватловчи олигархлар салоҳиятини оширишдан иборат, деган фикрда.

- Россия фақат бир нарса учун, яъни талон-тарож қилиш эвазига, давлатга қарашли мулкларининг ҳали қўлга киритишга улгурмаган муҳим объектларини, хусусан, нефт-газ, атом энергетикаси, авиасозлик каби соҳаларини эгаллаб олиш эвазига газни арзон нархда сотиши тушунарли ҳол, дейди Украина мухолифати аъзоси.

Соболев фикрича, бундай сиёсат фақат Януковичнинг президентлик кампаниясини молиялаштирган миллиардерлар манфаатига хизмат қилади. Улар эса мамлакатни Европа қадриятлари ва Европа интеграциясидан узоқлаштирмоқда.

Таҳлилчилар Украина президенти тор доирада қабул қиладиган қарорларида олигархлар муҳим рол ўйнайди деган фикрга қўшилади. Уларга кўра, шундай шахслардан бири Янукович маъмуриятининг бошлиғи 37 ёшли собиқ милиция полковниги Сергей Лёвочкиндир. Уни Украинадаги энг бадавлат шахслардан бири Дмитро Фирташ ва Энергетика вазири Юрий Бойко қўллаб-қувватлаб келмоқда.

Аммо Лёвочкин Москва билан муносабатни яхшилаш Украинанинг Ғарб қадриятларидан воз кечишини англатади, деган фикр нотўғри эканини таъкидлади.

- Европа йўналиши президент Янукович юритаётган ташқи сиёсатнинг энг муҳим йўналишларидан бири бўлиб қолади, дейди Сергей Лёвочкин.

Айни пайтда таҳлилчилар Россиядан арзон нархда газ сотиб олиш ҳақида Киев имзолаган келишувни Украина иқтисодиёти дуч келаётган иқтисодий бўҳроннинг салбий оқибатларини юмшатишда прагматик ёндошув, дея баҳоламоқдалар.
XS
SM
MD
LG