Линклар

logo-print

Обама Луизиана штатига сафар қилди


АҚШ президенти Барак Обама Мексика кўрфазида сувга сизиб чиқаётган нефтни тўхтатишдаги уринишларда British Petroleum ширкати муваффақият қозона бошлагани, бироқ ушбу амалиётларнинг самарали бўлганини эътироф этишга ҳали эрта эканини билдирди. Бу ҳақда Барак Обама жума куни сўнгги бир ой ичида Луизиана штатига қилган учинчи сафари чоғида маълум қилди.

Маълум бўлишича, British Petroleum мутахассислари денгиз тубида ёрилган нефт қувурини махсус қурилма билан қисман ёпишга муваффақ бўлган. Ширкат вакиллари махсус қурилмага тўпланадиган нефтни танкерларга тортиб олишни режалаган. Мазкур қурилма ёрдамида қанча миқдорда нефт йиғиб олинаётгани ҳозирча аниқ эмас.

Мексика кўрфазида жойлашган нефт платформасидаги портлаш 20 апрел куни рўй берди ва шу кунгача денгиз тубида ёрилган қувурдан бир неча минг баррел нефт сувга оқиб кетди.

Денгиз тубидаги қувурдан сувга сизиб чиқаётган нефтни тўхтатиш борасида British Petroleum ширкати томонидан қилинган бир неча уринишлар эса самарасиз якунланди. Сувга оқиб чиққан нефт доғлари эса АҚШнинг Луизиана, Алабама, Миссисипи ва Флорида штатлари қирғоқларигача етиб борди.
XS
SM
MD
LG