Линклар

British Petroleum нефтни йиға бошлади


British Petroleum ширкати раҳбари Тони Ҳайвард Мексика кўрфазида денгиз тубида ёрилган нефт қувурига ўрнатилган махсус қурилма ёрдамида сўнгги 24 соат ичида 10 минг баррел нефт йиғиб олинганини маълум қилди.

Ширкат раҳбарининг таъкидича, янги қурилма ишдан чиққан қувурдан сувга сизиб чиқаётган нефтнинг ярмидан кўп қисмини йиғиб олишга муваффақ бўлмоқда. Айтилишича, денгиз тубида ёрилган қувурдан кунига 19 минг баррел нефт сувга оқиб кетмоқда.

Бундан бир оз аввал АҚШ расмийлари ҳам сувга оқиб кетаётган нефтни тўхтатишдаги уринишларда British Petroleum ширкати муваффақият қозона бошлаганини билдирган эди.

- Сўнги 24 соат ичида, қувурдан чиқаётган нефтни тўхтатиш борасидаги уринишлар жадаллаштирилди ва чамаси 6 минг баррел нефтни йиғиб олишга муваффақ бўлинди. Эндиги мақсад эса, у ердаги ишлар кўламини янада орттириб, қувурдаги босимни бартараф этиб, сувга сизиб чиқаётган нефтни тўхтатишдан иборат, деди АҚШ қирғоқ қўриқчилари хизмати вакили Тхад Аллен.

Мексика кўрфазида жойлашган нефт платформасидаги портлаш 20 апрел куни рўй берди ва шу кунгача денгиз тубида ёрилган қувурдан бир неча минг баррел нефт сувга сизиб чиқди.

Сувга оқиб чиққан нефт доғлари эса АҚШнинг Луизиана, Алабама, Миссисипи ва Флорида штатлари қирғоқларигача етиб борди.
XS
SM
MD
LG