Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:13

Тожикистонликлар президентлар музокарасидан умидвор


Жорий йилнинг 10-11 июн кунлари ШҲТ саммитида қатнашиш учун Тошкентга борадиган Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ўз сафари чоғида Ўзбекистон президенти Ислом Каримов билан учрашиши режаланган.

Ўзбекистоннинг Душанбедаги элчихонаси расмийларининг билдиришича, ШҲТ саммитига тайёргарликлар жараёнида Тожикиистон томони расмий Тошкентдан Ислом Каримов Имомали Раҳмон билан яккама-якка музокара ўтказишини сўраган.

Ўзбекистон томони бу таклифни қабул қилган ва Ислом Каримов тожикистонлик ҳамкасби билан саммитнинг иккинчи куни, яъни 11 июн куни учрашаяжагини билдирган.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, Имомали Раҳмон бошлиқ тожик делегацияси 10 июн куни Тошкентга боради.

Сўнгги бир неча йил давомида ўзбек-тожик муносабатларидаги совуқчилик, чегаралардаги можаролар, сув ва энергетика мунозаралари каби қатор муаммоларга ечимлар топиш икки қўшни мамлакат президентлари Ислом Каримов ва Имомали Раҳмоннинг музокара столига ўтириши билан боғлиқлиги таъкидланиб келинарди.

Ва ниҳоят кутилган фурсатга бир неча кун қолди.

Хўш, Ислом Каримов ва Имомали Раҳмоннинг Тошкентдаги учрашуви ортидан “муз кўчиши” мумкинми?

Тожик жамиятидаги мустақил таҳлилчилар бу борада икки хил фикрдалар.

Мустақил таҳлилчи Сокин ўзбек-тожик музокаралари бугунги куннинг энг долзарб мавзусига айланиши мумкинлигини тахмин қилади.

- Икки давлат раҳбарларининг узоқ кутилган учрашувлари айрим бир ўзгаришларни юзага келтиради, деб ўйлайман. Бу учрашув натижасида чегара, сув ва энг асосийси, темир йўл масалалари ҳал этилади, деган ишончда таҳлилчи Сокин.

Бошқа бир кузатувчи Искандари Фируз ҳам томонлар учрашуви ортидан муносабатлар яхши томонга ўзгариб, айрим муаммолар ечим топишига ишонади. Аммо, Фирузга кўра, узоққа чўзилмаслиги мумкин.

- Бу учрашувдан нафақат Имомали Раҳмон ва унинг атрофидагилар, балки Ислом Каримов ҳам манфаатдор. Зеро, Ислом Каримов муаммолар музокара йўли билан ҳал бўлиши мумкинлигини халқаро ҳамжамиятга намойиш қилмоқчи. Бу учрашувда Ислом Каримов ҳатто айрим масалаларнинг ҳал бўлишига рози ҳам бўлади. Масалан, юк вагонлари қўйиб юборилиши мумкин. Аммо энг асосий масалаларнинг ечим топиши масаласида мен некбин эмасман. Чунки Россия ҳукумати сингари Ўзбекистон президенти ҳам фақатгина Тожикистон давлат раҳбари шахсидан норози. Бу икки давлат раҳбарлари ҳам Тожикистонда янги ҳукумат, бошқа раҳбар билан ҳамкорлик қилишни исташади. Ва агар ҳақиқатдан ҳам шундай бўлса, Тошкент музокараларида энг муҳим масалалар, миналар, Роғун, сув ва энергетика заҳиралари масалалари ҳал бўлмайди, дейди Искандари Фируз.

Аснода Ислом Каримов ва Имомали Раҳмоннинг яккама-якка учрашувини орзиқиб кутган оддий халқ, хусусан тожикистонлик ўзбеклар Тошкент музокараларидан ноумид эмасликларини айтишмоқда.

- Бу икки халқнинг тарихи, маданияти, урф-одатлари умумий. Шунинг учун ҳам икки ўртада чегаралар очилиб, аввалги борди-келдилар йўлга қўйилса, умуман муаммо деган нарса йўқолса, икки президент бу масалаларни чиройли қилиб ҳал қилса - халқ шуни кутаяпти, дейди Жиликўл туманида яшовчи Олти Туробов.
XS
SM
MD
LG