Линклар

logo-print

Яна бир футбол жазаваси бошланиш арафасида


Жаҳон чемпионатининг Жанубий Африкада ўтказилаëтгани Африкадаги миллионлаб футбол ишқибозларини қалбини ғурур билан тўлдирмоқда.

Жаҳон чемпионатининг Жанубий Африкада ўтказилаëтгани Африкадаги миллионлаб футбол ишқибозларини қалбини ғурур билан тўлдирмоқда.

11 июн куни Жанубий Африка Республикасида футбол бўйича жаҳон биринчилиги бошланади. Бу йилги чемпионатнинг ўзига хослиги унинг илк бор Африка қитъасида ўтказилаëтганидир.


Шунингдек, бу чемпионатнинг ўзбек футбол мухлислари учун яна бир ўзига хослиги Йоҳаннесбург шаҳрининг “Soccer City” стадионида бўладиган илк ўйинга ўзбекистонлик судя Равшан Эрматовнинг ҳакамлик қилишидир.

Жанубий Африка кенгликлари бағридан янграётган ушбу куй садолари остида ҳадемай футбол бўйича жаҳон чемипионати бошланади.

Илк бор футбол чемпионатига мезбонлик қилаётган Жанубий Африка республикаси бу ҳақни 2004 йил 15 май куни қўлга киритди. Халқаро Футбол федерацияси 2004 йилдан бошлаб миллий федерациялар ва қитъалар ротацияси сиёсатини тутгани боис тарихда илк бор Африка давлати шундай ҳуқуққа эришди.

Бундай ҳуқуқ учун эса сўнгги давр ичида футбол соҳасида катта ютуқларни қозонган Миср ва Марокаш ҳам бор эди. Аммо бу танловда мамлакатдаги сиёсий ва иқтисодий барқарор омиллари ҳам муҳим рол ўйнадики, ФИФА ижроия қўмитаси вакиллари томонидан Жанубий Африка республикаси бу борада Миср ва Марокашдан кўра барқарорроқ, деб топилди.

Аслида бу республика бўйича ҳам футбол чемпионатидек улкан турнирни ўтказишга имкони етармикин, деган хавотирлар бор эди. Аммо чемпионат учун ҳозирланган дастлабки реклама роликларидаёқ бундай хавотирлар ўринсизлигига урғу берила бошлади.

Роликлардан бирида тасвирланишича, Кейптаун аэропортида рўйхатдан ўтиш учун навбат пойлаб турган ёш футбол ишқибози арз қила бошлайди: бу ерда ҳамма нарса африкача, самолётлар вақтида учмайди, йўллар ёмон, коррупция ва ҳоказо. Шу аҳволига булар яна жаҳон чемпионатини ўтказмоқчи?!.

Шунда бу ёш йигит ёнида турган австралиялик бир мухлис унга ўгирилади. Австралияда ҳам чемпионатга тайёргарлик чоғида шундай муаммолар бўлгани, аммо бунинг ҳаммасини енгса бўлишини айтади ва келажакка некбинлик билан қарашга чорлайди.

Ана шу мазмун ифодаланган реклама ролигининг шиори ҳам жуда кўтаринки: “Орзу сари қадам ташла!”

Бу кўтаринкилик ҳозир нафақат республиканинг чемпионатга зўр бериб ҳозирлик кўрган раҳбарияти, балки миллионлаб фуқаролари қалбига ҳам кўчиб бўлган. Ҳар ҳолда футболни миллионлар ўйини, деб бекорга айтишмайди. Унинг ишқибозлари катта-ю кичик, бою қашшоқ, ишлию бекорчининг орасида бирдек.

Шу кунларда ана шундай мухлислар орасида юрган немис журналисти Оливер Бергер Жанубий Африка республикасида кўп йиллардан буён яшайди ва у мамлакатда чемпионатга ҳозирликни бошдан-оёқ кузатди.

- Тайёргарлик вақтида иккита муаммо пайдо бўлди: хавфсизлик ва стадионлар масаласи. Ҳозир стадионлар тайёр бўлди. Эндиги асосий муаммо турнир вақтида хавфсизликни таъминлашдир. Мамлакатда 180 мингта полициячи бор ва умуман, менимча, ҳозир хавфсизликни таъминлаш масаласи аввал туюлганидек жуда жиддий эмас. ЖАР бу чемпионат учун 3 миллирад 300 миллион евро ажратди. Мана шу пулнинг бир қисми хавфсизликни мустаҳкамлаш учун кетди. Энг муҳими, бу ерда одамлар футбол ишқибозлари. Бу шундоққина кўчаларда ҳам кўриниб турибди. Бу ерда ҳамма-ҳамма шу чемпионатни ўтказиш ва дунёга янги Жанубий Африка, деган давлат борлигини кўрсатиб қўйишни истайди, дейди шу кунларда Йоҳаннесбургда юрган немис журналисти Оливер Бергер.

Табиийки, ЖАРда жаҳон чемпионати учун фақатгина стадионлар ҳозирланмади. Балки йирик шаҳарларнинг инфратузилмаси ҳам янгиланди. Немис журналисти ўзи кузатган жараёнларни таҳлил қилар экан, жаҳон чемпионати муваффақиятли ўтади, деган фикрда.

- Чемпионат ташкилотчиси Халқаро Футбол федерацияси. Яъни, агар фақат ўйинларни оладиган бўлсак, у ҳолда ўйинлар худди Европа ёхуд Жанубий Америка давлатларидаги каби бўлади. Аммо стадионлардаги кайфият барибир ўзига хос африкача кайфият бўлади, дея тахмин қилади Оливер Бергер.

Бу кайфиятнинг шукуҳи чемпионат гимни учун танланган куй садосидан ҳам уфура бошлади. Футбол бўйича 2010 йилги жаҳон чемпионатининг расмий гимни сифатида Жанубий Африкада K’naan номи билан танилган реппер Кейнан Абди Варсаменинг “Wavin’ Flag”, яъни “Ҳилпираётган байроқ” номли қўшиғи танланди.



Бу қўшиқ садолари энди 11 май — Жаҳон чемпионатига старт берилган илк кундан бошлаб футболга ишқибоз ҳар бир гўша, хусусан, миллионлаб футбол ишқибозлари яшайдиган Ўзбекистондаги хонадонларда ҳам янграй бошлайди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG