Линклар

logo-print

АҚШнинг Соҳил чегарачилари қўмондони адмирал Тад Аллен Мексика кўрфазида денгиз тубида ёрилган қувурдан катта миқдорда нефт сувга сизиб чиққани оқибатида юзага келган экологик фожианинг салбий оқибатлари узоқ йилларга чўзилишини айтди.

Адмирал Тад Аллен Мексика кўрфазида денгиз тубида ёрилган қувуридан сувга сизиб чиқаётган нефт миқдорини камайтириш борасида British Petroleum ширкати кўраётган чоралар ҳақида АҚШ президенти Барак Обамага ҳисобот берди.

- Сув юзига сизиб чиққан нефтни йиғиб олиш учун икки ойча вақт кетади. Кейин кўрамиз. Атроф-муҳитга етган зарарни қоплаш ва аввалги муҳитни қайта тиклаш учун кўп йиллар керак бўлади, деди адмирал Тад Аллен президент Обама билан учрашувдан кейин журналистларга.

Унга кўра, ўтган ҳафта нефт қудуғи устига ёпилган улкан қопқоқ кунига 1 миллион 750 минг литр нефт сувга сизиб чиқишини тўхтатиб қолмоқда.

British Petroleum ширкати келаси кунлар ичида кўрфазга сизиб чиқаётган нефтнинг кўпроқ қисмини тўхтатиб қолинишига умид қилаяпти.

Расмий маълумотларга кўра, ҳозирда ёрилган қувурдан кунига 3 миллион 800 минг литрдан кўпроқ нефт сувга сизиб чиқмоқда.

7 июн куни Барак Обама мазкур экологик фожианинг иқтисодий оқибатлари “катта ва давомий” эканини айтди.

- Нефт сувга сизиб чиқиши тўхтатилади. Бунинг учун бир оз вақт керак ва бор имкониятни ишга солиш лозим. Бундан Кўрфаз соҳилига путур етиши ва иқтисодий зарар кўрилиши аниқ. British Petroleum ширкати бу масъулиятни ўз зиммасига олиши ва зарар кўрган одамларга товон пули тўлаши керак. Бир нарсага ишончим комилки, биз аввалгилари каби бу бўҳронни ҳам енгамиз, деди АҚШ раҳбари.

Ҳозирда Мексика кўрфазининг Луизианадан Флоридагача бўлган 160 километрлик денгиз худудида қуюқ нефт доғлари суви юзида қалқиб юрибди. Ушбу экологик фожиа 193 километр денгиз соҳилини булғади ва Кўрфазнинг табиатига жиддий зарар етказди. Авария оқибатида балиқчилик фаолияти 70 фоизга камайди.

Маълумотларга кўра, денгиз суви юзида қалқиб юрган нефтни йиғиб олиш ишларига юзлаб кемалар жалб этилган. Ўнлаб одам нефтдан шикастланган ёввойи ҳайвонларни қутқариш билан банд.

7 июн куни British Petroleum ширкати 20 апрел куни 11 киши нобуд бўлган ушбу экологик фожиани бартараф қилиш учун шу кунгача 1 миллиард 250 миллон доллар маблағ сарфланганини маълум қилди.

Воқеа юзасидан ўтган ҳафта жиноиш иш очган Обама маъмурияти British Petroleum ширкати ва бошқа масъул томонларга 69 миллион долларлик илк жарима қоғозларини жўнатди.

Оқ Уй матбуот котиби Роберт Гиббс экологик фожиа оқибатларини бартараф қилиш, қайта тиклаш ишлари ва бошқа жарималар умумий миқдори “бир неча миллиард доллар” бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.
XS
SM
MD
LG