Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:10

Бишкек Бакиевларни қўлга олишга ожизлик қилмоқда


Қирғизистон муваққат ҳукумати раис ўринбосари Азимбек Бекназаровга кўра, Бакиевлар оиласининг айрим аъзоларига сиртдан суд ҳукми ўқилиши ҳам мумкин.
Қирғизистон муваққат ҳукумати раис ўринбосари Азимбек Бекназаровга кўра, Бакиевлар оиласининг айрим аъзоларига сиртдан суд ҳукми ўқилиши ҳам мумкин.

Қирғизистон муваққат ҳукуматининг собиқ президент Қурмонбек Бакиевни қўлга олиш ва судлашга ҳозирча қурби етмаяпти. Бу ҳақда Қирғизистон муваққат ҳукумати раис ўринбосари Азимбек Бекназаров маълум қилди.

Бекназаровнинг айтишича, Бакиевлар оила аъзоларига нисбатан очилган жиноят ишларининг 80 фоизи якунланган. Шунингдек, 7 апрел куни Бишкекдаги президент саройи томидан туриб намойишчиларга ўқ отган 15 нафар снайпер ҳам қўлга олинган.

Бакиевларга нисбатан жиноят ишлари якунланганига қарамай, бу оила аъзоларидан бирортасини ҳам қўлга олиш имконияти бўлмаяпти.

- Бакиевлардан бирортасини ҳам шу кунгача қўлга ололмаяпмиз. Бизнинг энг қийин масаламиз мана шу бўлаяпти. Интерпол ҳам уларни қўлга ололмаяпти. Сўнгги кунларда Қурмонбек Бакиев Туркияда юргани тўғрисида маълумотлар бор. Уни Туркияда кўрган одамлар ҳам бор. Шунга қарамай, уни қўлга олишга ожизлик қилаяпмиз, буни тан олишимиз керак, деди Азимбек Бекназаров.

Аввалроқ Туркиянинг Қирғизистондаги элчихонаси Қурмонбек Бакиев Туркия ҳудудида эмаслигини расман билдирган эди.

Азимбек Бекназаровга кўра, Бакиевлар оиласининг айрим аъзоларига сиртдан суд ҳукми ўқилиши ҳам мумкин.

- Айримларига сиртдан ҳукм чиқаришга ҳаракат қилишимиз мумкин. Негаки, уларнинг айбдор эканлиги юз фоиз тасдиқланган. Масалан, норозиларга қарши ўқ узишга буйруқ берган Жаниш Бакиевни Жиноят кодекси асосида сиртдан судлаш учун ҳамма асосларимиз етарлидир, деди Азимбек Бекназаров.

Бишкеклик сиёсатшунос Тўқтўғул Қақчикеев фикрича, Бакиевларнинг халқаро қидирувга берилгани ва Интерпол томонидан изланаётгани, аммо қўлга олинмаётганига Қирғизистондаги вазият энг асосий сабабдир.

- Бакиев Қирғизистон ичкарисида душман деб ҳисоблангани билан халқаро миқёсда у халқ томонидан сайланган қонуний президентдир. Қирғизистон янги ҳукумати қонунийлашмагунича ва унинг легитим эканлиги эътироф этилмагунича Бакиевларни қўлга олиш муаммо бўлиб қолаверади, деди Тўқтўғул Қақчикеев.

Айни пайтда Қирғизистон муваққат ҳукумати расмийлари Қурмонбек Бакиев ва унинг жиноятчи сифатида айбланаётган яқинларининг қўлга олиниши вақт масаласи эканлигини таъкидламоқдалар.

Расмийларга кўра, Қирғизистон янги ҳукумати 27 июнда ўтадиган референдумда легитимлаштирилгач, Бакиевларни Қирғизистонга қайтариш масаласи ҳал этилади, бироқ бу узоқ давом этадиган мураккаб жараён бўлади.
XS
SM
MD
LG