Линклар

Аҳмадийнажод мулоқотдан чиқиш билан пўписа қилмоқда



"БМТ Хавфсизлик кенгаши Эронга нисбатан санкцияларни маъқуллайдиган бўлса, ядровий дастур бўйича халқаро ҳамжамият билан ҳеч қандай музокара бўлмайди", деди Теҳрон раҳбари Маҳмуд Аҳмадинажод Истамбулга сафари давомида.

- Яна бир бор айтаман, агар АҚШ ва унинг иттифоқчилари "ур тўқмоқ" сиёсатини қўллаб биз билан музокара курсисига ўтирамиз, деб ўйлаётган бўлишса адашишади. Бизни ҳурмат қилган барча билан сўзлашувга тайёрмиз. Лекин куч воситасида биз билан мулоқотга эришмоқчи бўлаётганларга жавобимиз аввалдан маълум, деди Аҳмадийнажод.

Ядровий масалада халқаро ҳамжамият билан ҳамкорликдан бош тортаётган Эронга нисбатан янги санкциялар қўллашни назарда тутувчи БМТ резолюцияси лойиҳаси шу ҳафта Хавфсизлик кенгашида овозга қўйилади.

Овоз бериш арафасида Россия Бош вазири Владимир Путин Эронга нисбатан санкциялар бу давлатда тинчлик мақсадидаги ядровий лойиҳалар, жумладан ядровий энергетика ривожига тўсқинлик қилмайдиган даражада бўлиши кераклигини айтди.

Путиннинг таъкидича, Эроннинг Бушеҳр шаҳрида россиялик мутахассислар кўмагида барпо этилаётган атом электрстанцияси яқинда иш бошлайди.

- Шу йил август ойида Эроннинг Бушеҳрида этом станцияси барпо этиш ишларини якунлаймиз ва бу атом станцияси расман очилади, деди Россия Бош вазири Владимир Путин.

Истамбулда ўтаётган Осиёда ўзаро ҳамжиҳатлик ва ишонч ўрнатиш анжуманида қатнашаётган Путин анжуман теграсида Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажод билан учрашишни режалаяпти.
XS
SM
MD
LG