Линклар

Туркия Исроилга босим учун халқаро дастак қозониш илинжида



Туркия раҳбарияти бугун Истамбул шаҳрида очилган саммитда Исроилга нисбатан босим қўллаш учун Яқин Шарқ ва Осиё минтақасидаги қўшнилари дастагига кўз тикмоқда.

Осиёда ўзаро ҳамжиҳатлик ва ишонч ўрнатиш анжуманида бир қатор давлат раҳбарлари, жумладан Сурия ва Эрон президентлари ҳам қатнашмоқда.

Туркия Бош Вазири Ражаб Тоййиб Эрдўғон кемалар карвонига ҳужум ортидан Исроилни "давлат террорчилиги"да айблаган эди.

Истамбулдаги анжуман чоғида Эрдўғон Исроилдан Ғазо секторига жорий этган қамални бекор қилишга чақирди.

- Ғазо очиқ осмон остидаги қамоқхона бўлиб қолар экан Яқин Шарқда тинчлик ўрнатиш уринишлари имконсиз, деди Эрдўғон.

Аввалроқ расмий Анқара Исроилдан “Озодлик флотилияси”да рўй берган ҳодиса бўйича халқаро текширув ўтказишни талаб этган эди.

- Агар Исроил бундай текширувга рухсат бермаса, ўзаро муносабатни нормаллаштириш ҳақида гап бўлиши мумкин эмас, деб баёнот берган эди Туркия Ташқи ишлар вазири Аҳмат Довутўғли.

Айни пайтда Исроил 31 май куни 9 фаластинлик фаол ўлдирилган Ғазо сектори қирғоқларидаги ҳодиса юзасидан ўзи тергов ўтказажагини билдирди.

- Биз бу юзадан ўз нуқтаи-назаримизни аниқлаб олиш учун бу терговни ўтказмоқчимиз, деди Исроил Мудофаа вазири Эхуд Барак.

Аввалроқ, БМТ Бош котиби Бан Ги Мун ҳам Исроилни мазкур ҳужум юзасидан мустақил халқаро тергов ўтказишга чақирган эди.
XS
SM
MD
LG