Линклар

Гўштини енг-у, молини сўраманг


Самарқандлик Комилжон Ашуров шу кунларда ош учун гўшт излаб овора бўлганини ҳикоя қилади.

Самарқандлик Комилжон Ашуров шу кунларда ош учун гўшт излаб овора бўлганини ҳикоя қилади.

Жорий ҳафта Тошкент¸ Самарқанд ва Бухоро бозорларида гўшт нархини арзонлаштириш уринишлари кузатилмоқда. Ҳуқуқ идоралари ва ҳокимият маъсулларининг гўшт нархини 7000 сўм қилиб белгилаш уринишлари қассоблар бозорини касод қилаëтган кўринади.


Тошкентлик тадбиркор Жаҳонгир Шосалимов Тошкент бозорларида ҳуқуқ тартибот идоралари томонидан гўшт сотилганлигини айтади:

-Ўша ëзиб қўйганда ғалати ëзилган эди. Ўзбек тилида айтганда “Ички ишлар вазирлиги гўшти. 7000 сўм”. Бундан ташқари “Шайҳонтоҳур туман солиқ назорати гўшти. 7000 сўм. Шайҳонтоҳур туман прокуратураси гўшти. 7000 сўм” деган ëзув қўйилиб¸ шу асосдан гўштлар сотилди. Бу гўшт қаердан олинганлиги¸ улар қайси маблағларга олинганлиги тўғрисида ҳаммаси мавҳум бўлиб қолаяпти, дейди Жаҳонгир Шосалимов.

Суҳбатдошимиз излаган саволга биз ҳам жавоб излаб, Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати билан боғландик.

- Менинг бундан хабарим йўқ. Қаердан олиб айтаяпсизлар уни? Менга бир соатлардан кейин телефон қилинг. Мен аниқлаштириб гаплашамиз кейин, деди ўзини Тўлаган Абдуллаев дея таништирган матбуот бўлими ходими. Бироқ кейинги қўнғироқларимиз¸ одатдагидек¸ жавобсиз қолди.

Бозорда бир кило мол гўшти нархи 8000-9000 атрофида бўлиб турган бир пайтда¸ ҳуқуқ тартибот идоралари "гўшт"ни қайдан олиб¸ нега арзонроқ сотаëтгани ҳақида "камтарлик" қилиб турган бир пайтда бундай "халқпарварлик" сабабларини фақат тахмин қилишга тўғри келади.

Тошкентнинг "Эски Жўва" бозори яқинида яшовчи Мўътабар Ахмедова бозорда гўшт нархининг махсус идоралар томонидан махсус туширилишини Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Тошкент саммити доирасида қатор олиймақом меҳмонларнинг пойтахтга келаëтгани билан изоҳлайди.

- Унга сотмайди. Қўйиб қўяди. Келаяптими¸ қўйиб қўйишади. Сотишмайди. Ҳеч нарса сотилмайди. Бўлмаган гап бу. Қайси қассоб сотади қани айтинг? Унинг паттасини тўлайди¸ унинг сарф-харажати¸ олиб келиши¸ сўйиши – ҳаммаси бир нимага борадику. Мен қассобнинг қизиман. Биламан қанақалигини. Қассобга қолса¸ 1000-1500 сўм қолади. Уйида ўша кундаги гўштдан бошқа ҳеч нарса қолмайди. У аниқ нарса.

Озодлик: Ким кимни алдаяпти?

- Бу ердами? Ҳокимият халқни алдайди¸ халқ ҳокимиятни алдайди, дейди лўндагина қилиб Мўътабар Аҳмедова.

Айни пайтда Ўзбекистон бозорларида бир кило мол гўштининг нархи 8000 сўмдан 9000 сўмгача, қўй гўшти нархи 10 000 сўмдан 12 000 сўмгача бўлаяпти, дейди оддий ўзбекистонликлар.

Ўзбекистондан олинган айрим хабарларга кўра¸ гўшт нархини арзонлаштириш уринишлари нафақат Тошкент¸ балки бошқа шаҳарлар¸ хусусан Самарқандда ҳам кузатилмоқда ва бундан бозори касод бўлган қассоблар¸ ўз расталарини ëпишга мажбур бўлган.

Самарқандлик ҳуқуқ фаоли Комилжон Ашуров шаҳар гўшт расталарининг ëпилгани хабарини тасдиқлайди:

- Икки-уч кун олдин ош қилиш керак эди. Меҳмонлар келди. Ярим кило гўшт излаб Самарқанд¸ Самарқанд атрофидаги дўконларни ахтариб чиқдик. Ҳаммаси ëпиқ. Кейин танишлардан “Нима учун бундай?” деб сўрасак¸ “Гўшт нархи аниқ бўлмаса¸ биз ўзимизнинг нархимизга сотмаймизку гўштларни” дейди. “Нима бўлди?” десак¸ “Бизга келиб “Гўштни 7000 сўмдан сотасан. Ундан кўпига сотмайсан” деб айтиб кетган. Шунинг учун бизлар мажбур бўлиб ëпиб қўйдик. Бозордан килоси 7500-8000 сўмдан тушса¸ биз қандай қилиб 7000 сўмдан сотамиз” дейишди. Ҳозир шунақа шароит. Мавзеимизда бир бозорча бор. Киришида чап томонидан бир гўшт дўкони бор. Шу гўшт дўконига борсангиз¸ катта қилиб қоғозга қизил билан печат қилиб “Мол гўшти 7000 сўм” деб қўйгану¸ ҳеч нарса йўқ. Қассоб ҳам йўқ¸ гўшт ҳам йўқ, дейди Комилжон Ашуров.

Гўшт билан боғлиқ вазиятнинг Бухоро шаҳридаги манзарасини ўрганиш жараëнида¸ бу шаҳарда ҳам қассобларга бир кило мол гўштини 7000 сўмдан сотиш ҳақида буйруқ бўлганини аниқладик. Суҳбатлашганимиз қассоблардан бирига кўра¸ маҳсулот устига килоси 7000 деган ëзув қўйилгани билан¸ ҳеч ким бу нархга гўшт сотмаяпти ва касодга учрашдан қўрққан кўпчилик қассоблар шу кунларда умуман бозорга чиқмасликни афзал билмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG