Линклар

Аҳмадийнажод мулоқотдан чиқиш билан пўписа қилди


Эрон президенти коптокни яна Ғарб ҳовлисига қайтарди.

Эрон президенти коптокни яна Ғарб ҳовлисига қайтарди.

Истанбулда бошланган Осиёда ўзаро ҳамжиҳатлик ва ишонч ўрнатиш анжуманида сўзлаган Эрон раҳбари Ғарбга яна бир огоҳлантирув йўллади.


"БМТ Хавфсизлик кенгаши Эронга нисбатан санкцияларни маъқуллайдиган бўлса, ядровий дастур бўйича халқаро ҳамжамият билан ҳеч қандай музокара бўлмайди", деди Теҳрон раҳбари Маҳмуд Аҳмадийнажод.

- Яна бир бор айтаман, агар АҚШ ва унинг иттифоқчилари "ур тўқмоқ" сиёсатини қўллаб биз билан музокара курсисига ўтирамиз, деб ўйлааётган бўлишса¸ адашишади. Бизни ҳурмат қилган барча билан сўзлашувга тайёрмиз. Лекин куч воситасида биз билан мулоқотга эришмоқчи бўлаётганларга жавобимиз аввалдан маълум, деди Аҳмадийнажод Истамбулда ўтаётган Осиёда ҳамжиҳатлик ва ўзаро ишончни ўрнатиш анжуманида қилган маърузасида.

Шунингдек, Теҳрон раҳбари Туркия ва Бразилия воситачилигида ўтган ой эришилган Эрон ядровий дастурига оид битим халқаро ҳамжамият учун яхши имконият бўлгани ва бундай имконият бошқа қайтарилмаслиги ҳам мумкинлигини қайд этди. Ўша битимда уранни Эрон ташқарисида тўйинтириш кўзда тутилган эди. Аҳмадийнажод ушбу келишув борасида Атом энергияси агентлигидан ҳали ҳам жавоб кутаётганини айтди.

-Теҳронда эришилган бу келишув АҚШ ва унинг иттифоқчилари учун қулай имкониятларни очди ва уларнинг бу имкониятни бой бермасликларига ҳали ҳам умид қиляпмиз. Бунақа имконият қайтарилмаслиги ҳам мумкин, деди Эрон президенти.

Ядровий масалада халқаро ҳамжамият билан ҳамкорликдан бош тортаётган Эронга нисбатан янги санкциялар қўллашни назарда тутувчи БМТ резолюцияси лойиҳаси шу хафта Хавфсизлик кенгашида овозга қўйилади.

Овоз бериш арафасида Россия Бош вазири Владимир Путин¸ Эронга нисбатан санкциялар бу давлатда тинчлик мақсадидаги ядровий лойиҳалар, жумладан ядровий энергетика ривожига тўсқинлик қилмайдиган даражада бўлиши кераклигини айтди.

Путиннинг таъкидича, Эроннинг Бушеҳр шаҳрида россиялик мутахассислар кўмагида барпо этилаётган атом электрстанцияси яқинда иш бошлайди.

- Шу йил август ойида Эроннинг Бушеҳрида этом станцияси барпо этиш ишларини якунлаймиз ва бу атом станцияси расман очилади, деди Россия Бош вазири.

Истамбулда ўтаётган Осиёда ўзаро ҳамжиҳатлик ва ишонч ўрнатиш анжуманида қатнашаётган Путин анжуман теграсида Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажод билан учрашишни режалаяпти.

Айни пайтда¸Атом энергияси халқаро агентлиги раҳбари Юкия Амано Эронни ўз ядровий дастурлари борасида ҳамкорликдан бўйин товлаб келаётганликда айблади.

Агентликка кўра, ўтган давр ичида Эрон камида 5.7 килограм юқори даражада тўйинтирилган уран ишлаб чиқаришга муваффақ бўлган, аммо тўйинтирилган урандан Теҳроннинг ўзи айтаётганидек тинч мақсадларда фойдаланиш истаги жиддий шубҳа остида қолмоқда.

XS
SM
MD
LG