Линклар

Узоқ давом этган дипломатик тортишувлардан сўнг 9 июн куни БМТ Хавфсизлик Кенгаши ўз ядровий дастуридан воз кечмаëтган Эронни жазолашга қарор қилди.



БМТ Хавфсизлик Кенгаши ўз ядровий дастуридан воз кечишни истамаётган Эронга қарши янги санкциялар жорий қилди.

Эронга нисбатан янги жазо чораларини қўллашга оид резолюция лойиҳасини Хавфсизлик кенгашига аъзо 12 давлат қўллаб- қувватлади. Туркия ва Бразилия резолюция лойиҳасига қарши овоз берган бўлса, Ливан бетараф бўлди.

Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзоси бўлган Россия ва Хитой шу пайтга қадар Эронга қарши янги санкциялар қўллашга қарши бўлиб келган эди. Аммо бу гал АҚШ ташаббуси билан ишлаб чиқилган мазкур резолюция лойиҳасини Москва ва Пекин ҳам қўллаб-қувватлади.

Йиғилиш арафасида АҚШ иқтисодий санкцияларга рўпара келишнинг олдини олиш учун Теҳрон дипломатик йўлни танлаши мумкинлигини айтди.

АҚШ Давлат департаменти матбуот вакили Филлип Кроулей АҚШ резолюция лойиҳаси овозга қўйилиши арафасида Эроннинг вазиятни ўзгартириш имкониятига эга эканини урғулади.

- Дипломатик йўл очиқми? Албатта¸ очиқ. Айни пайтда биз ўз мажбуриятларини бажармаганининг ҳосиласи ўлароқ Эронга босимни кучайтирамиз, деди АҚШ Давлат департаменти расмийси.

Айни пайтда Британия Мудофаа вазири Лайм Фокс билан Афғонистон масаласини муҳокама қилиш учун Лондонга борган АҚШ Мудофаа вазири Роберт Гейтсга кўра, Эрон ядровий қуролга эга бўлишининг олдини олиш учун ҳали кеч бўлмаган.

- Энг муҳими, ўз хавфсизлигини таъминлашда эронликлар нотўғри йўлни танлагани, яъни ядровий қуроллар яратишга уриниш билан ўз хавфсизлигига путур етказишини ҳам дипломатик ҳам босим ўтказиш орқали тушунтиришдан иборат, деди АҚШ Мудофаа вазири.

Вашингтонда сўзлаган АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Филлип Кроулей Бразилия-Туркия воситачилигида эришилган келишувни ҳисобга олиб, АҚШ дипломатик сўзлашувлар олиб бориш учун Эронга кўпроқ вақт бериши ҳақидаги гапларни рад қилди.

- Бу йўлни АҚШ эмас, балки Эрон танлади. Эрон Оммавий қирғин қуролларини тарқатмаслик ҳақидаги шартномани имзолаган ва ўзи йиллар давомида ядровий дастурини амалга оширмоқда. Эрон халқаро ҳамжамиятни ўз ядровий дастури тинч мақсадни кўзлаганига ишонтира олмади, деди Давлат департаменти вакили Филлип Кроулей.

Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажод, агар резолюция лойиҳаси қабул қилинса, Эрон ўз ядровий дастури борасида музокара олиб бормаслиги ҳақида огоҳлантирган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG