Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:09

Қозоғистондаги қочқин қийноққа солинаяптими?


Қозоғистоннинг Тараз шаҳрида 21 май куни қўлга олинган 35 ёшли Тожикистон фуқароси Умарали Абдураҳмоновнинг қозоқ ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан қийноққа солинаётгани маълум бўлди.

Бу ҳақда Озодликка Олмаота шаҳрида истиқомат қилаётган ўзбек қочқинларидан бири хабар қилди.

- У кишини ҳар куни Меркедаги РОВД да қийноққа солинаётгани, электр токи қўллаб, дубинка билан уриб, ҳақоратлаб, Ўзбекистонда “Ҳизбут-Таҳрир” партиясига аъзо бўлганликда ва Ўзбекистонда варақа тарқатганлик ҳақида ёзма равишда ёзиб, қўл қўйиб беришни талаб қилганлари тўғрисида бизга ишончли бир хабарлар чиқди, дейди исмини ошкор қилишни истамаган ўзбек қочқини.

Қозоғистон ҳудудида қўлга олинган Умарали Абдураҳмонов Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан таъқиқланган диний ташкилотга аъзолик ва содир этилган жиноят ҳақида маълум қилмаганлик айбловлари билан халқаро қидирувга эълон қилингани ҳақида аввалги эшиттиришларимизда хабар қилгандик.

Ўшанда Москвадаги “Мемориал” инсон ҳуқуқлари ташкилотининг Марказий Осиё дастурлари бўйича раҳбари Виталий Пономарев Умарали Абдураҳмоновга нисбатан жиноий иш қўзғатилишига 2004 йили март ойида Тошкент ва Бухорода содир этилган портлашлар сабаб бўлганини айтиб ўтганди.

Ўзбекистон махфий хизматларидан яшириниб 2004 йили Тожикистон, сўнг Россияда яшаб юрган Умарали Абдураҳмонов, яна Тожикистонга қайтиб келган. Аммо бу давлатда ҳам ўз ҳаётига хавф сезган Абдураҳмонов жорий йилда Қозоғистонга келиб, бу мамлакатдан сиёсий бошпана сўраш нияти бўлган.

Айни пайтда Олмаотадаги ўзбек қочқини қозоқ ҳуқуқ-тартибот органлари Умарали Абдураҳмоновни Ўзбекистонга қайтариш учун барча ҳаракатларни амалга ошираётганлари ҳақида гапиради.

- Уларга 3-4 кишининг фамилия-исмларини айтган. “Шу кишилар билан бирга қайси бир тоққа бориб, биз жиҳодий тайёргарлик кўрганмиз Ўзбекистон конституциясини ағдаришликка, у ерда Ислом республикасини ўрнатамиз деб, шу мақсадда тоғда ҳар ҳил машқлар ўтказганмиз, бошқа нарсалар ўрганганмиз, деб ёзма равишда ёзиб, қўл қўйиб беришинг билан ишинг осонлашади” деган даъвони қилишган, дейди Олмаотадаги ўзбек қочқини.

Аввалроқ ўзбек қочқини Умарали Абдураҳмонов иши билан шуғулланиб келаётган Қозоғистондаги инсон ҳуқуқлари халқаро бюросининг Тараздаги юристи Руслан Холидов Қозоғистон тергов изоляторида сақланаётган Абдураҳмоновнинг аҳволи яхшилиги ва унинг ҳуқуқлари поймол қилинмаётганини маълум қилганди.

Қозоғистондаги халқаро инсон ҳуқуқлари бюросининг қочқинлар иши бўйича мутахассиси Денис Живага ҳам Тараздаги юрист Холидов Умарали Абдураҳмоновнинг танасида қийноқлар изи аниқламаганини айтиб ўтганини қайд этди.

- Абдураҳмонов унга нисбатан қийноқ қўлланилганини айтмоқда. Аммо шу билан бирга у тиббий кўрикдан ўтишни хоҳламаяпти. Унинг танасида қийноқ ёки электрошок излари ҳам мутлақо йўқ, дейди Денис Живага.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил январ ойида Қозоғистон “Қочқинлар тўғрисида” янги қонун қабул қилганди. Мазкур қонунга мувофиқ апрел ойидан эътиборан Қозоғистонда бошпана изловчиларга қочқинлик мақомини бериш ёки уларни юртига қайтариб юбориш масаласини БМТ нинг қочқинлар иши бўйича Олмаота ваколатхонаси эмас, балки Қозоғистон Меҳнат вазирлиги қошидаги миграция департаменти ҳал қилади.

Аввалроқ аксар кузатувчилар қочқинлик мақомини бериш ишларини халқаро ташкилот эмас, балки қозоқ ҳукумати ҳал қилиши Қозоғистондан бошпана олиш ниятида бўлган қочқинларнинг ишини янада қийинлаштириши, уларнинг ҳуқуқлари қўпол равишда бузилиши ҳолатлари кўпайишига сабаб бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантиргандилар.

Озодлик радиоси ҳозирда Қозоғистондаги тергов ҳибсхонасида сақланаётган ўзбек қочқини Умарали Абдураҳмоновнинг тақдирини яқиндан кузатишда давом этади ва бу мавзуга яна қайтади.
XS
SM
MD
LG