Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:31

“Ўзбекистон КПСС cъезди қарорини бажармоқчи эмас”


Душанбедаги анжуман ҳам ўзбек ва тожик расмийларининг даҳанакисидан ҳоли бўлмади.
Душанбедаги анжуман ҳам ўзбек ва тожик расмийларининг даҳанакисидан ҳоли бўлмади.

Душанбедаги “Сув ҳаёт учун” халқаро анжуманида қатнашаётган Ўзбекистон делегацияси раҳбари, молия вазири биринчи ўринбосари Галина Саидова ўз мамлакатининг Роғун ГЭСи қурилишига нима учун қарши эканини изоҳлай туриб, ана шундай баёнот берди.

Расмий Тошкент вакиласи собиқ шўро давлатининг муҳим стратегияларидан бири бўлган Роғун ГЭСи лойиҳаси шу кунда албатта халқаро экспертизадан ўтказилиши шартлигини ўз ҳукумати номидан яна бир бор таъкидлади.

8 июн куни тушдан кейин “Сув ҳаёт учун” мавзуига бағишланиб Тожикистон пойтахтида ўтказилаётган халқаро анжуман доирасида президент саройларининг бирида сув масаласига бағишланган бир нечта давра суҳбати ўтказилди.

Шундай давра суҳбатларидан бири “Тожикистон гидроэнергетик имкониятларини ўзлаштириш ҳамда унинг Марказий ва Жанубий Осиёдаги сув-энергетика муаммоларини ҳал қилишдаги аҳамияти”га бағишланди.

Давра суҳбатида бир қатор хорижий ташкилотлар, жумладан, Жаҳон банки делегацияси билан бирга Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукумат расмийлари, баланд тўғонлар бўйича халқаро экспертлар ҳам қатнашди.

Давра суҳбати мавзуси бўйича маъруза ҳозирлаган Тожикистон Энергетика ва саноат вазирининг биринчи ўринбосари Пўлат Муҳиддинов йиғилганларнинг диққатини кўпроқ Роғун ГЭСи, унинг нафақат Тожикистон, балки дарёлар қуйисидаги республикалар учун ҳам фойдали жиҳатларига қаратди.

- Вахш дарёсида қурилаётган Роғун ГЭСи Марказий Осиёдаги энг йирик гидроиншоот саналиб, каскад ишини сифатли таъминлаб туради. Бу иншоотнинг ишга туширилиши Тожикистонда электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмини оширибгина қолмай, суғориш мавсумида Вахш дарёсидаги сув ҳажмини 70 куб метрга етказади. Бу, ўз навбатида, дарёлар қуйисидаги қардош мамлакатлар иқтисодиётининг ривожига салмоқли ҳисса қўшади, дея таъкидлади тожик расмийси.

Шундан сўнг баланд тўғонлар бўйича халқаро эксперт, Роғун ГЭСи лойиҳаси муаллифларидан бири, асли поляк Борис Абажуев Роғун ГЭСи лойиҳасининг амалга оширилишига минтақа давлатларидан фақат Ўзбекистон қарши эканига тўхталди.

- Ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз бу ГЭС қурилаётган ҳудуд сейсмик жиҳат хавфли эканинини даъво қилиб келишади. Улар бундан бир неча йил аввал Норак ГЭСи қурилишига ҳам худди шундай қаршилик қилган эдилар. Аммо ўтган шу 35 йил мобайнида, бу ГЭС тўғонига тушган 1 фоиз ёриқни назарга олмаганимизда, ҳеч қандай фожиа содир бўлмади. Ваҳоланки, Норак ГЭСи жойлашган ҳудудда 530 та зилзила қайдга олинган. Роғун ГЭСининг сейсмик ҳолати ҳали шўролар замонидаёқ ўрганилган ва ижобий баҳоланган ҳам эди, деди халқаро эксперт Абажуев.

У мустақилликка эришган Тожикистон Роғун ГЭСи майдонида қатор сейсмик тадқиқотлар ўтказганини ҳам қўшимча қилди.

Давра суҳбатида қатнашаётган Ўзбекистон ҳукумати вакиласи Галина Саидова ўз ҳукуматини оғзаки экспертиза қониқтирмаслигини ва шунинг учун ҳам холис ва асосланган халқаро экспертиза ўтказилиши зарурлигини таъкидлади.

- Бугунги баҳсли давра суҳбатида ҳаммага тушунарли бўлиши учун мен Роғун ГЭС қурилиши бўйича ўз позициямизни очиқламоқчиман. Ҳақиқатан Роғун ГЭСи лойиҳаси шўролар давридаёқ ўйлаб чиқилган эди. “Ўша пайтда ўзбекистонлик мутахассислар томонидан нафақат лойиҳалаштирилган, балки қўллаб-қувватланган Роғун ГЭСи қурилишига бугун нега Ўзбекистон қарши?” деган савол устида бош қотиришга тўғри келаяпти. Шўролар даврида тожик зиёлилари ва жамияти Роғун қурилишига қарши икки марта эътироз билан чиқишган бир пайтда Ўзбекистон аксинча бу гидроиншоот қурилишини қатъий туриб талаб қилган эди. Нега? Негаки, совет даврида Ўзбекистондан 5 миллион эмас, балки 9 миллион тонна пахта топшириш талаб қилинар эди. Ўзбекистон бунга сўзсиз рози бўлган эди. Чунки бу Совет Иттифоқи обрўси учун керак эди. Роғун ГЭСи қурилишига оид қарор КПССнинг XXIV съездида қабул қилинган эди, дер экан ўзбекистонлик расмий бугунги кунда коммунистик мақсадларни ўз олдига қўймаётган ўз мамлакати КПССнинг XXIV съезди қарорини бажармоқчи эмаслигини урғулади.

Ўзбекистон вакиласи ўз ҳукумати халқ тақдирига, унинг хавфсизлигига бефарқ эмаслигини алоҳида таъкидлади.

- Ўзбекистон хавотирланаяпти, табиий равишда хавотирланмоқда. Ўз фарзандлари, неваралари ва эваралари учун хавотирланаяпти. Биз қўшнимизга ёмонлик соғинмаймиз. Президентимиз айтганларидек, биз ҳақиқатдан икки тилда сўзлашувчи бир халқмиз. Биз қўшнимизга осудалик ва бойлик тилаймиз. Фақат бошқа халқлар ҳисобидан эмас, дея қайд этди Галина Саидова.

Ўзбекистон томонининг хавотирларини асослар экан, Галина Саидова Роғун ГЭСи тўғони кучли зилзилага дош беролмай, ёрилиб кетган тақдирда, бу фожиа Ўзбекистоннинг шимолий қисми бўлган Нукусгача таъсир этиши мумкинлигини таъкидлади.

- Агар зилзила оқибатида Роғун ГЭСи тўғони вайрон бўлса, тўлқин баландлиги аввалига 240 метрдан 260 метргача кўтарилиб, 6 гидроузел билан қаршисидаги юзлаб турар-жой ва маъмурий биноларни, умуман бор мавжудотни ер юзидан ювиб, чўлга айлантириб қўяди. Фожеа ҳатто Ўзбекистоннинг шимолий қисми Нукусга ҳам таъсир қилади ва бу ерда сув баландлиги 4-8 метрни ташкил қилади. Сиз шундан кейин ҳам Ўзбекистон ташвишларида асос йўқ, деб ўйлайсизми, дея савол ташлади уни жим ўтириб тинглаётган давра суҳбати иштирокчиларига Ўзбекистон расмийси.

Шу важдан ҳам, Галина Саидова таъкидича, Ўзбекистон ҳукумати Роғун ГЭСи лойиҳаси холис халқаро экспертизадан ўтказилишини талаб қилмоқда.

- Мана бу ерда ҳозир: “Сейсмологлар ҳаммаси яхши, ҳеч қандай хавф йўқ, дейишди”, дея бир неча бор такрорлашди. Оғзаки кафолат бу кафолат эмас. Бу экспертиза Ўзбекистон, Туркманистон, Афғонистон ва Тожикистон халқига ҳақиқатдан бу ерда Роғун ГЭСи тўғонини вайрон қиладиган даражадаги зилзила ҳеч қачон бўлмаслигини кафолатлаши шарт, деди Ўзбекистон ҳукумат позициясини билдирган Саидова хоним.

Ўзбек расмийси Роғун ГЭСи лойиҳасига доир экспертиза пора эвазига сотиб олиниши мумкинлигини ҳам эътибордан соқит қилмаслигини яширмади.

- Шундай ҳам бўлиши мумкин, агар экспертларни Тожикистон ҳукумати танласа, пулни ҳам ўзи берса, хулосаларини ҳам Тожикистон ҳукумати олса. Агар Жаҳон банки бу масъулиятни ўз зиммасига олса, бундай экспертиза хулосаси ҳақиқатга яқин, деб қараш мумкин, деди Галина Саидова.
XS
SM
MD
LG