Линклар

logo-print

Ўзбекистон Сўх анклавидан оғир ҳарбий техникасини Қирғизистон ҳудуди орқали Фарғонага олиб ўтиб кетди. Ҳарбий техника олиб чиқилиши жараёнида қирғизистонликларга тегишли бўлган иккита енгил автомашина мажақланди ва 4 нафар киши жароҳатланди.

Қирғизистоннинг Ҳайдаркон шаҳарчасида яшовчи Анорали Абдураимов Ўзбекистон ҳарбий техникаси олиб чиқиб кетилаётган пайтда жабр тортганлардан бири.

У Озодлик радиоси қирғиз хизмати мухбири Шоирбек Эркин ўғлига Ўзбекистон қуролли кучларига тегишли десант ҳарбий машинаси (ДҲМ) ўз автомобилини қандай мажақлаб ташлагани ҳақида гапириб берди.

- Давлат автомобил назорати машинасини кўриб, йўл четига тўхтадим. Қарасам, у ҳарбий техникани кузатиб келаётган экан. Бир пайт бизнинг олдимизга келиб қолган ДҲМ мен турган тарафга қараб кела бошлади. Кейин кўз очиб юмгунимча ДҲМ машинамнинг матор қисми жойлашган томоннинг устига чиқиб, машинамни мажақлаб ташлади. Менинг бошим ва оёқларим жароҳатланди, қўлим лат еди. Шунга қарамай, дарров машинадан тушдим. Чунки машинамнинг орқа томонида икки болали аёл бор эди. Уни қутқариб қолай, деб ўзимни ўнглаб олдим. Дарров аёлни машинадан олиб чиқдим. Бечора аёл эс-ҳушини йўқотиб қўйган экан. Унга сув сочиб, аранг ҳушига келтирдик. Шундан ярим соат ўтгач, воқеа жойига Қадамжой туман милицияси, ҳарбий прокуратураси вакиллари келдилар. Икки болали аёлни эса “Тез ёрдам” машинаси олиб кетди, дейди Анорали Абдураимов.

Ўзбекистон ҳарбий техникаси Қадамжой туманига кираверишдаги Қизилбулоқ қишлоғида Шамсиддин Ўрўзовга тегишли автомашинага ҳам шикаст етказган. Шамсиддин Ўрўзов ва унинг машинасида бўлган балоғатга етмаган йўловчи Элеман Иброҳим ўғли оғир жароҳатланган ҳамда касалхонага етказилган.

- Бошидан қаттиқ жароҳатланибди, дейишаяпти. Худога шукурки, ҳозир аҳволи бир оз яхши. Ҳушига келиб, гапира бошлади. Унинг омон қолганига хурсандмиз, дейди Элеманнинг яқин қариндошларидан бири Райхон Ўрўзова.

Боткен вилоят ҳокимияти расмийси Бақтибек Сағинбековнинг айтишича, Ўзбекистон томони Қирғизистон фуқароларига келтирилган зиённи тўлаб бериш ҳақида ваъда берган. Бу ҳақда Ўзбекистон томони вилоят расмийлари ва чегара хизмати вакиллари билан олиб борилган музокаралар чоғида маълум қилган.

Айни пайтда Ўзбекистон ҳарбий техникасини Фарғонага яқин бўлган Сўх-Риштон йўли орқали эмас, балки 100 чақирим масофага чўзилган Қадамжой айланма йўли билан олиб ўтилиши тушунарсиз бўлиб қолмоқда. Қирғизистон расмийлари яқин йўл қолиб, Ўзбекистон ҳарбий техникасини нега айнан айланма йўл орқали олиб чиқиб кетишга рухсат берилгани тўғрисидаги саволларга изоҳ бера олмадилар.

Мазкур воқеада жароҳатланган ва моддий зиён тортган Анорали Абдураимовга кўра, Ўзбекистон ҳарбий техникаси жуда абгор ва техник носоз аҳволда бўлган. Бунинг оқибатида эса аҳоли зиён тортган.

- Бизнинг йўлдан тахминан 42 та ҳарбий техника ўтди. Уларнинг орасида ДҲМдан ташқари БТР ва БМПлар бор эди. Улар жуда эски, техник жиҳатдан носоз эди. Масалан, кўпчилик машиналарнинг фараси ҳам ишламас экан. Улар эрталаб Ҳайдаркондан Қадамжойга етгунича қоронғу тушиб кетди. Бунинг устига бу ҳарбий техниканинг тенг ярмини судраб олиб кетишди, ўзи юролмас экан. Бу оғир техника Қирғизистон йўлларини ҳам вайрон қилиб кетди, деди Анорали Абдураимов.

Ўзбекистон ҳарбий техникаси Сўх анклавидан 1 июн куни Ўзбекистон ва Қирғизистон расмийлари томонидан ўтказилган сўзлашувлар натижасида олиб чиқиб кетилди. Бу ҳарбий техника Сўх анклавига 1999 йилги Боткен воқеалари пайтида киритилган эди.

Эслатиб ўтамиз, 1999 йилда Ўзбекистон исломий ҳаракати жангарилари Қирғизистоннинг Боткен вилоятига ҳужум қилган, бир қатор одамларни, жумладан, япониялик сайёҳларни гаровга олган ҳамда расмий Бишкекдан Ўзбекистонга йўл очиб беришни талаб қилган эди. Бир неча ой давом этган отишмалардан сўнг жангарилар Қирғизистондан чекинишган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG