Линклар

Тожик журналистлари Ўзбекистон элчихонаси олдида пикет қилди

  • Гулнора Равшан

Тожикистон вагонларининг ўтказиб юборилишини талаб қилган тожикистонлик 20 дан зиёд мустақил журналист 9 июн куни Ўзбекистоннинг Душанбедаги элчихонаси олдида пикет ўтказди.

Ўзбекистоннинг Душанбедаги элчихонаси олдида тўпланган тожик мустақил журналистлари мазкур акцияни уюштиришга ватанпарварлик ҳисси ва республикада юзага келган танг вазият мажбур қилганини айтдилар.

- Қўшни давлат сиёсати бугун бизни мана шу ерга тўпланишга мажбур қилди. Талабимиз Тожикистонга нисбатан қамални тўхтатишсин. Нега бизнинг мамлакатимизга бунчалик зулм қилишмоқда? Биз ўз ҳақ-ҳуқуқларимизни талаб қилиб чиқдик, деди ўзини Муҳаммади Алижон деб таништирган журналист.

Элчихона биноси олдида тахминан бир ярим соатча турган тожик журналистлари ўз олдиларига Ўзбекистоннинг Тожикистондаги элчиси Шоқосим Шоисломов чиқишини талаб қилишди, аммо муддаоларига эришолмадилар. Чунки Тожикистон миллий хавфсизлик қўмитаси ходимлари пикетчиларни элчихона биноси ёнидан қувишди.

Ўзбекистон элчихонаси расмийси Зафаржон Раҳимжонов биз билан ўзаро суҳбатда шу кунда элчи Шоисломов Тошкентда ўтказиладиган ШҲТ саммитига тайёргарлик юмушлари билан Тошкентга кетганини ва ўзларининг пикетчилар ёнига чиқмаганларини билдирди.

Раҳимжонов: “Биз тожик жамиятида турли шов-шув ва ваҳималарга ўрин бермаслик ниятида пикетчилар олдига чиқмадик”, дея маълум қилди.

Айтиб ўтиш лозимки, бу Ўзбекистоннинг Душанбедаги элчихонаси олдида уюштирилган иккинчи пикетдир. Ўтган ҳафтада бу ерда тожикистонлик фаол аёллар пикет ўтказгандилар.

Айни пайтда Ўзбекистон дипломатларига “ҳужум”лар аксарият тожикистонликлар ва кўпчилик маҳаллий ҳамда хорижий журналистлар ташвишига сабаб бўлмоқда.

- Мен журналистларнинг бугунги бу ҳатти-ҳаракатларини қоралайман. Журналист энг аввало бетараф бўлиши лозим. Агар мен журналист бўлиб, яна Ўзбекистон ҳукуматига қарши пикет қилсам, кейин қандай қилиб воқаеларни ҳаққоний ёрита олишим мумкин? Журналист сиёсат билан иши бўлмаслиги керак. Бизнинг ишимиз барча воқеа-ҳодисаларни оммага холис етказиб беришдир, дейди Би-би-си радиосининг рус хизмати мухбири Анора Саркорова.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ тожикистонликлар томонидан юк вагонларини ўтказиб юбориш талаби билан Ўзбекистоннинг Бишкекдаги ва Вашингтондаги элчихоналари олдида ҳам пикетлар ўтказилган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG