Линклар

logo-print

Полио Марказий Осиëга қайта хуруж қилмоқда

  • Фаррух Юсуфий

Полиомиелит вируси 6 ëшгача бўлган болалар учун жиддий хавф ҳисобланади.

Полиомиелит вируси 6 ëшгача бўлган болалар учун жиддий хавф ҳисобланади.

2002 йили Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан полиолиемитдан холи ҳудуд деб эълон қилинган минтақа давлатлари¸ хусусан Тожикистонга полио эпидемияси таҳдид солмоқда. Шу муносабат билан Ўзбекистонда ялпи эмлаш жараëни бормоқда.



Ўзбекистонда полиомиелит(полио) га қарши эмлаш бўйича тезкор чораларнинг амалга оширилаётганига апрел ойида қўшни Тожикистонда бу касалликнинг 550ка яқин болада қайд этилганига оид хабарлар туртки берди.

Бу хабарлар Тожикистон ва Россия ўртасида кичик можарога ҳам сабаб бўлди.

Полиомиелит асосан беш ёшгача бўлган болаларга юқиши маълум бўлгани боис Россия расмийлари ёши олтига бормаган тожикистонлик болалар мамлакатга киритилмаслигини эълон қилди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё бўйича идораси 2002 йилда ўз ваколатидаги минтақаларни полиомиелитдан холи макон, дея эълон қилган ва шу боис эпдемиянинг минтақа давлатларидан бирига қайтиши ташкилотга аъзо давлатларда полиомиелитни тўлалигича йўқ қилиш уринишларига жиддий таҳдид сифатида кўрилмоқда.

Расмий хабарларга кўра, Тожикистонда полиомиелитнинг ёввойи кўриниши ёки биринчи типи ташхиси 100дан ортиқ болада тасдиқланган. 440қа яқин болада эса касалликнинг асосий аломати бўлмиш фалажлик қайд этилган. Тожикистон касалликдан икки киши нобуд бўлганини тасдиқлаган бўлса, Россия расмийлари қурбонлар сонининг 15 киши эканини таъкидламоқда.

6-7 июн кунлари Тошкентга сафар қилган Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё минтақалари бўйича директори Зузана Якаб, минтақа давлатларидан бирида юзага келган полиомиелит эпидемиясининг бошқа мамлакатларга ҳам кўчиш эҳтимоли юқори экани ва болалар саломатлигига жиддий хавф туғдиришини қайд этиб, “Ўзбекистон ҳукумати бунинг олдини олиш учун кўраётган тезкор чораларни” юқори баҳолади.

Ўзбекистон ҳукумати олиб бораётган уч босқичдан иборат оммавий эмлаш кампаниясининг биринчи давраси 17-23 май кунлари ўтказилган бўлса¸ Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти мулозими Якаб хонимнинг Тошкентга ташрифи шу кунларда эмлаш кампаниясининг иккинчи босқичи давом этаётган вақтга тўғри келди.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг эмлаш бўйича бош мутахассиси Дилором Турсунова Озодлик радиоси билан суҳбатда, полиога қарши эмлаш чора-тадбирларининг биринчи даврасида уч миллионга яқин боланинг эмлангани ва шу кунларда бу жараённинг иккинчи босқичи бораëтганини айтади.

- Ўзбекистон республикасида полиомиелит касаллигининг давалатимизга кириб келишининг олдини олиш бўйича нолдан беш ëшгача бўлган болаларнинг ҳаммасини полиомиелит моно яъни биринчи типига қарши вакцинаси билан эмлаш ишларини олиб бораяпмиз. Сабаб шундаки¸ ҳаммага маълумки¸ Тожикистон республикасида полиомиелит бўйича эпидемиологик нохуш вазият юзага келганлиги сабаб бўлиб турибди¸ дейди Дилором Турсунова.

Сўзида давом этаркан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакили Ўзбекистонда полио касаллиги охирги марта бундан 15 йил аввал қайд этилганини айтади.

- 1994-1995 йили республикамизда полиомиелит Самарқанд¸ Қашқадарë вилоятларида кўтарилган эди. Ўша пайтда ҳам режали эмлашни олиб борганмиз¸ ҳамма миллий эмлаш кунларини олиб борганмиз. Шунинг натижасида республикамизда бугунги кунгача полиомиелит касаллиги йўқ. Бу эмлашнинг энг самарали усули эканлигини бугунги кунда тасдиқловчи элементлардан биттаси¸ дейди Дилором Турсунова.

Тошкентлик Лола опа шу кунларда беш ёшгача бўлган болаларни полиомиелитга қарши оммавий эмлаш давом этаётганини тасдиқлади.

- Ҳа¸ полиомиелитдан қилдирдик. Бизнинг районимиз ўзи яхши. Постоянно келиб текшириб уйга келиб айтиб кетишади. Бормасангиз¸ телефон қилиб чақиришади. Бизнинг районимизда нормалный. Уйимизга келиб официально “Эртага шунақа пайтда чиқасизлар” деб қўл қўйдириб кетишаяпти, дейди тошкентлик Лола опа.

Фарғоналик суҳбатдошимиз Абдулазизнинг айтишича, шу кунларда мамлакат бўйлаб полиомиелитга қарши эмлашга оид тарғибот олиб борилмоқда. Бу ишга ҳатто масжидлар ҳам жалб қилинган, дейди Абдулазиз.

- Домла гапирадию. Жума намозида гапириб нима қилади. Шолликка қарши эканми¸ “Шунақа нарса бўлаяпти. Айтиб қўйинглар хотинларингга¸ опаларингга. Қилиб олиш керак экан. Бепул вакцинация бўлаяпти. Президентимизнинг меҳрибонлиги бу ҳам. Бошқа давлатлардан олиб келинган дорилар. Бепул қилаëтганда қилдириб олинглар. Эсдан чиқмасин” деб орада гапириб ўтиб кетдида. Унақа узоқ гапиргани йўқ.

Озодлик: Сиз ўғлингизга қилдирдингизми?

- Йўқ¸ мен ҳали қилдирганим йўқ. Интернетда ўқидим. Вакцинаси бўлаяпти¸ ҳамма жойда рекламалар қилишаяпти. Дам олиш кунлари олиб бориб қилдириб қўяманда¸ дейди Абдулазиз.

Андижон туманларидан биридаги қишлоқ врачлик пункти ҳамшираси Саодатхоннинг айтишича, қишлоқларда болаларни полиога қарши эмлаш ишлари қилиш уйма-уй юриб амалга оширилмоқда.

- Энди бизнинг уй қишлоқдалиги учун қишлоқда¸ масалан¸ қишлоқ врачлик пункти шароитида эмлаш бўлаяпти. Шаҳарда поликлиникага чақиради. Шуни ҳам участка ҳамширалари бориб биттама битта айтиб келишади. Қишлоқ шароитида қишлоқ врачлик пунктларимиз жичча чекка жойлардалиги учун¸ чекка жойдамас марказдаю¸ лекин бориш¸ транспорт каби нарсалар жичча проблемалиги учун¸ қишлоқ шароитида ҳозир биласиз энг қизғин пайт¸ далага чиқ¸ бошқа¸ шунинг учун уйларга бориб қилинаяпти¸ дейди Андижон туманларидан биридаги қишлоқ врачлик пункти ҳамшираси Саодатхон.

Айтиб ўтганимиздек Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Марказий Осиёни полиодан холи макон, деб эълон қилганига саккиз йилдан ошган. Ўзбекистонда 10та касаллик, хусусан полиомиелитга қарши эмлаш давлат томонидан бепул ва вақтида амалга оширилади.

Хўш¸ бу касалликка қарши қўшимча вакцинация қилишга қанчалик ҳожат бор?

- Қўшимча қилинишининг сабаби¸ Тожикистондаги ҳозирги полиомиелит биринчи типи билан чақирилган. Яъни полиомиелитнинг биринчи типи билан чақирилган.

Озодлик: Тожикистонда юзага келган вазиятга сабаб бўлган вируснинг оддий вирусдан фарқи нимада?

- Оддий вирусдан фарқи шундаки¸ бу биринчидан энг кўп касалланиш ҳамда полиомиелитнинг бир нечта турларини биласиз¸ энг ëмон турларидан биттаси бу спинал формаси бор¸ булварный формалари бор¸ шунақа формаларни келтириб чиқарганлиги сабабли. Мана 545 та ўткир бўшашган шол Тожикистонда рўйхатга олиниб¸ улардан 145 таси полиомиелитнинг биринчи типини лаборатория усулида уже тасдиқланган. Шулардан 15 таси ўлган¸ деган маълумот олинди бизларда¸ дейди Дилором Турсунова.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддиси Дилором Турсунова¸ Ўзбекистонда 10 та касалликка қарши эмлаш харажатлари давлат томонидан қопланади, дейди.

- 10 та касаллик. Бу биринчидан дифтерия касаллиги¸ бу қоқшол касаллиги¸ кўкйўтал деймиз¸ вирусли гепатит Б касаллигига қарши¸ қизамиққа қарши¸ қизилчага қарши¸ эпидемик паразитга қарши¸ туберкулëзга қарши ҳамда бундан ташқари 2009 йилдан бери республикамизда болаларда гемофил инфекцияси Б тури орқали болаларда бактериал менингит чақирувчи бактериянинг олдини олувчи .....(08-12) инфекциясига қарши вакцинация олиб бораяпмиз¸ дейди Дилором Турсунова.

Айни пайтда, тошкентлик суҳбатдошимиз Лола опанинг айтишича, айниқса¸ шаҳарликлар орасида эмлашга ўта эҳтиёткорлик билан ёндашиш тенденцияси пайдо бўлмоқда. Бунга эмлашда ишлатиладиган вакциналарнинг сифатига оид шубҳалар сабаб бўлмоқда, дея давом этади Лола опа.

- Тўғрисини айтсам¸ биз вакцинадан қўрқамиз. Потому что шуни қилмасдан олдин бизга бир-иккита аптекаларга бориб супрация ичириб келинглар дейишди. Бизлар шу дорига борсак¸ аптекачилар “Қилдирманглар. Бизлар ўзимизнинг болаларимизга қилдирмаяпмиз. Дориларнинг қаердан келаëтганини билмаймиз. Шунинг учун қилдирманглар” дейишди. Кейин яна специално бориб ўзимизнинг медсестрадан сўрадик. Уйимизга келадиган медсестрадан сўрасак¸ “Мен ўзим кечаси билан касал болаларни қабул қилдик” деди. Шунинг учун бизлар кўп вакциналарни қилдирмадик, дейди тошкентлик Лола опа.

Айтиб ўтиш жоиз, вакцинацияга шубҳа билан қараш ҳоллари Ғарб давлатларида ҳам учраб туради. Европада ҳатто эмлашга қарши норасмий ҳаракат ва ташкилотлар ҳам мавжуд. Бундай ташкилотлар ўтган асрнинг 60-70 йилларда ўтказилган ва кейинчалик инкор қилинган тадқиқотлар натижалари асосланиб ҳамда вакцинацияни диний нуқтаи назардан ахлоқсизлик, дея атаб болаларни эмлашга қарши чиқиб келади.

Доктор Барбара Таушева Прагадаги “Канада тиббий маркази”нинг бош врачи.

"Тиббиёт нуқтаи назаридан¸ иммунизация муайян касалликларга қарши энг яхши ҳимоядир. Ўтмишда эмлаш туфайли кўплаб касалликлар тўла йўқ қилинган ва уларга қарши бошқа эмлашга эҳтиёж қолмаган. Бундай касалликларга чечакни мисол қилиш мумкин. Ҳозирда полиомиелитнинг ҳам тўла йўқ қилиш бўйича ҳаракатлар амалга оширилмоқда ва келажакда бу касалликка қарши эмлашга ҳожат қолмаслигига умидлар пайдо бўлмоқда", дер экан доктор Таушева, вакцинацияга қарши чиқаётганлар эмлашнинг баъзан салбий таъсири бўлишини ўзлари учун шиор қилиб олган, дея таъкидлади.

- Албатта, вакцинациянинг иситмалаш ёки қайт қилиш каби қисқа муддатли салбий таъсири бўлиши мумкин. Шунингдек эмлашнинг узоқ давом этувчи таъсири ҳам кам ҳолларда учраб туради, лекин бу далиллар билан исботланмаган. Шунинг учун бу борада турли қарашлар бор. Баъзилар касални даволашдан кўра, қисқа муддатли салбий таъсирга чидаш афзалроқ деса, бошқалар вакциналар боланинг иммун тизимига таъсир қилиши мумкин, ундан кўра кейин пайдо бўлиши мумкин бўлган касалликни даволаган яхшироқ, деган фикрни илгари суради. Лекин шахсан мен, иммунизациянинг афзалликлари ва салбий томонларини тарозига солиб кўрадиган бўлсак, унинг афзалликлари тоши анча оғирроқ, деб ҳисоблайман, дейди Прагадаги “Канада тиббий маркази”нинг бош врачи¸ доктор Барбара Таушева.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг эмлаш бўйича бош мутахассиси Дилором Турсунова ҳам ўз тажрибаси, қолаверса Тожикистонда полиомиелитнинг яна пайдо бўлганидан келиб чиқиб, чехиялик ҳамкасби фикрларини маъқуллайди.

- Нафақат тиббиëт жараëнида¸ балки мана олимларнинг билимларига қўшилган ҳолда агар таҳлил қиладиган бўлсак¸ мана ўзимиз ҳамма нарсанинг исботини кўриб турибмиз. Республикамизда дифтерия касаллиги тарқалганда уч маротаба қайта эмлаш қилдик. Ваҳоланки бугунги кунда дифтерия касаллиги йўқ. Ëки бўлмаса қизамиқ касаллигини олсак. Қизамиққа қарши эмлаш жараëнини ўтказдик¸ режали эмлаш билан бир қаторда¸ албатта. Мана қизамиқ касаллиги йўқ. Қизилча касаллигини биттами иккитами ҳолатда кўраëтганимиз. Бундан ташқари мана полиомиелит касаллигини агар¸ албатта ¸режали эмлаш нотўғри бўлиб эмланмасдан қолиб кетса¸ сиз биласизки¸ инфекцияга ҳеч қанақа чегаралар йўқ¸ улар чегарасиз ҳам ўтиб кетаверади. Демак¸ эмлаш жараëни кам бўлганлиги учун Тожикистонда бу ҳолат қайд этилди. Лекин ўйлайманки¸ тўғри режалаштириш биринчидан¸ иккинчидан сифатли вакцина билан ўз вақтида эмлаш ҳамда организмда эмлангандан кейин иммунитет юқори даражада ҳосил бўлса¸ бу касалликларнинг нафақат кириб келишини балки унинг тарқалишининг ҳам олдини олишлигининг исботини мана кўриб турибмиз¸ дейди Дилором Турсунова.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG