Линклар

logo-print

Олмаотада ўзбек қочқинлари ëппасига ушланди


Қозоғистондаги ўзбек қочқинлари ва муҳожирларига нисбатан қозоқ ҳуқуқ идоралари босими кун сайин ошмоқда.

Қозоғистондаги ўзбек қочқинлари ва муҳожирларига нисбатан қозоқ ҳуқуқ идоралари босими кун сайин ошмоқда.

Чоршанба саҳарда Қозоғистон ҳуқуқ идоралари Олмаотада бошпана изловчи шахс мақоми билан яшаëтган 45 ўзбекистонликни қўлга олди. Ҳозирда шаҳар миграция департаментида сўроқ қилинаëтган қочқинлардан учтаси Ўзбекистон томонидан қотиллик содир этганликда айбланиб, халқаро қидирувга берилгани айтилмоқда.


Қозоқ махсус хизматлари ўзбек диндорларига ташланди

Қозоғистондаги манбаларга кўра¸ қўлга олинганлар Ўзбекистонда диний эътиқоди учун таъқибга учраб¸ Қозоғистонда учинчи мамлакатдан қочқинлик мақоми олиш илинжида юрган ўзбеклардир.

9 июн куни Олмаотада 45 нафар ўзбек қочқинининг қўлга олингани ҳақида Озодликка воқеага бевосита гувоҳ бўлганлардан бири хабар қилди.

- Эрталаб соат олтиларда, кимларгадир вақтлироқ бўлгандир, кимларгадир олти-олти ярим, полиция ҳодимлари ҳамма ўзбек қочқинлари уйига кирган. Бостириб киришган, огоҳлантирмасдан. Ётган жойларида, баъзиларининг кўрпа-тўшакларини очиб, ким бор, ким ётибди бу ерда, ёши нечада, деб сўраб, ёши етганлар, паспорт ёшида бўлганларни олиб кетган. Беш – олти киши қочиб қолишга улгурганлари бор, дейди ўзбек қочқини.

Аниқланишича, ўзбек қочқинлари уйига бостириб кирган кишилар ўзларини Олмаота шаҳри Mиграция департаменти xодимлари дея таништирганлар. Озодлик суҳбатлашган бўлган ўзбек қочқини, қўлга олинган қочқинларнинг шаҳар миграция департаментига олиб борилганини тасдиқлай туриб, айни пайтда у ерда Қозоғистон махфий хизмати ходимлари томонидан сўроқ қилинганини айтади.

- Уйига борганлар оддий граждан формасида бўлган. Биз шу пайтгача, телефонларимиз ёки уй адресларимизни, масалан, айтган бўлсак ҳам УВКБ ООН га айтиб, бошқаларга айтмаган эдик. Кейин ишимиз департаментга кўчгандан кейин, ҳаммаси телефонларимиз, адресларимиз берилган. Ўша адресларни билиб, кейин бугун ҳамма уйқуда ётган пайти келиб, шу ишни килишди. Шу ерда бир актовий зали бор экан, мажлис зали, ўша ерда ҳаммасини йиғиб, фамилияларини битта-битта ёзишиб, баъзи бирларини биттадан олиб чиқиб сўроқ қилишаяпти, дейди ўзбек қочқини.


БМТ нинг қочқинлар ишлари бўйича комиссарлиги қани?


Мазкур мавзуни ёритиш давомида, Озодлик мухбири миграция департаменти ходимлари ўзбек қочқинлари уйига эрта тонгдан бостириб кирган пайти, яширинишга муваффақ бўлган.

- Мана шу хабарни эшитиб, мен УВКБ ООН га бордим. УВКБ ООН да экстренний номерлар борку, телефон қилишимиз керак бўлган номерлар. Ўшанга телефон қилсак, у телефонлари ишламаяпти, телефонларни кўтаришмаяпти. Кейин шунақа ишлар бошланганидан кейин, мен УВКБ ООН га бордим. Ўша ерга борсам, у ерда КНБ ва миграция департаменти ҳодимлари туришган экан. Мени ҳам ушлашди-да, кейин бир соатлардан кейин миграция полициясига олиб келишди, дейди ўзбек қочқини.

Унга кўра, Миграция департаменти ҳодимлари томонидан қўлга олинган 45 кишининг уч нафарига Ўзбекистон томони қотиллик содир этганлик айблови билдирган. Шу боис, улар қозоқ ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан сўроқ қилинмоқда. Қолган 15 нафар киши озодликка қўйиб юборилган.

Суҳбатдошга кўра, миграция ҳодимлари томонидан қўлга олинган ўзбек қочқинларининг баъзиларига қозоқ ҳуқуқ-тартибот органлари ўтказган тергов пайтида қўпол муносабат кўрсатилган.

- Кимлардир билан нормалний гаплашди, яъни ортиқча гап бўлмади. Кимларгадир сўкиб, қўпол муомала қилиб, итариб, қўлидан тортиб, у-бу нарса қилди. Ҳозир мана бу ерда турибмиз, бир киши туалетга чиқиб келишни сўраяпти, у ерга қўйишмаяпти. Бу ерда язваси бор одамлар бор. Ўшаларнинг овқат егиси келгани сабаб, тез-тез овқат еб туришлари керак, бу ерда овақат ейиш имкони берилмаяпти, дея маълум қилди миграция департаментида бўлган ўзбек қочқини.




БМТ қочқинлар бўйича Олий Комиссарлиги матбуот вакили Бобур Балоч ҳибс этилган ўзбек қочқинларини озод этиш борасида қозоқ расмийлари билан музокаралар бораётгани ва тўққиз қочқиннинг озод этилиши ана шу музокаралар натижаси эканини билдирди.

- Идорамиз Олмаотадаги ҳибслар ҳақида хабар топгач¸ дарҳол Қозоғистон расмийлари билан боғланди. Бу қочқинлардан тўққиз нафари ҳозир озод қилинди ва қолганлари ҳам озод этилиши ҳақида ҳукумат бизни ишонтирмоқда, деди Бобур Балоч.


Ушланган қочқинларга таҳдид қилинмоқда

Милиция бўлимига олиб кетилиб сўроқ қилинган ва кейинчалик қўйиб юборилган муҳожирлардан бири ўзбекистонлик бошпана изловчиларга нисбатан қўпол муносабатда бўлингани ҳақида гапириб берди.

- Кундузи баъзи бир сўроқлар бўлган. ДВД дагиларни сўроқ қилишган. Сўроқ пайтида департамент по делам миграциянинг одами қатнашган дейишади. Шунақанги хабарлар борки¸ бу қанчалик нима билмадим¸ аëлларга айтилганки¸ Ўзбекистоннинг талаби билан бўляпти. Бу одамларга Ўзбекистонда жиноий ишлар очилган. Эмишки Ўзбекистон бугун чегараларини ëпганмиш. Қозоғистондан Ўзбекистонга қанақадир жанггарилар кириш хавфи бор эмиш. Шу сабабли ҳаммасини соат 6 да уйларида бўлган пайтда йиғиб олиб кетган деган ҳар-хил гаплар бор.

Озодлик: “Сизларга жиноий иш очилган” деб ким айтган?

- Департамент по делам миграциининг каттаси Олтинбекова айтган. Айтишибдики¸ “Ким бизлардан қоғоз олган бўлса¸ мен уларни олиб чиқиб кетаман. Пока бу қоғоз борлигича ҳеч ким олиб кета олмайди” дебди. Биз уларга қочоқ мақомини бермайдиган бўлсак¸ унда олиб кетиши мумкин¸ дегандай гап-сўзлари бўлибди¸ дейди милиция бўлимига олиб кетилиб сўроқ қилинган ва кейинчалик қўйиб юборилган муҳожирлардан бири.

Олмаота Миграция қўмитаси расмийлари Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари мамлакатда ноқонуний мигрантларни аниқлаш учун амалиётлар ўтказиб туради ва ўзбекистонлик 40 нафар бошпана изловчи ҳам шу амалиёт доирасида текширилаётган бўлиши мумкинлигини айтишди. Уларга кўра, ҳар қандай шахсни аниқлаш учун қозоқ ҳуқуқ-тартибот идоралари уларни уч кун давомида ушлаб туришга ҳақли ва бу халқаро қонунчиликка зид эмас.

Аммо, Олмаота милиция бўлимига олиб кетилиб сўроқ қилиниб қўйиб юборилган ўзбекистонлик қочқин Ҳусанжоннинг айтишича, улар хонадонида куннинг иккинчи ярмида ҳам тинтув тинмаган.

- Ҳозир ëмон муомала қиляпти. Уйларни обыск қилиб текшираëтганлари¸ баъзи бир уйларни бузиб кираëтганлари қонунга тўғри келмаса керак. Компютерларни олиб чиқиб кетаяпти сўрамасдан. Хоҳлаган нарсасини қилиб юрибди. Баъзи бир уйларда бизлар йўқмизда. Уларга қурол солиб қўйиб бу ердан қурол чиқди дейишга ҳам ҳаққи бор. Буни ким нима деб исботлаб беради? Ҳозирга қадар 25 тами¸ 26 тами одам ҳибсда ушланиб турибди. 15 ëки ундан сал кўпроқ одам қўйиб юборилган. Ўша ердан битта болани олиб кетиб қолган. Ҳозир қаëққа олиб кетгани ҳам номаълум. Қолганларини ДВД нинг подвалида ушлаб турибди.

Озодлик:
Чиққанлар нима деяпти?

- Мен ўзим ҳам кириб чиқдим. Улар ортиқча гап гапирмаяпти. Ëнимиздаги битта шеригимизни олиб кириб кетиб “Сен бу ерда нарушение қилиб юрган экансан. Ўзбекистонда сенинг ҳеч қанақа айбинг йўқ экан. Сен хотинингни олгин¸ ҳозир автобусга ўтириб чиқиб кетсанг¸ чегарадан ўзимиз ўтказиб қўямиз” деб давление қилган. Психологик атака қилишган. У бола ўзини йўқотиб қўйган. Ëш бола бўлган у.

Озодлик: Қаерда у ҳозир?

- Уни ҳам қўйиб юборди. У бизлар билан бирга. Мана ҳозир ўзи айтиб беради ҳаммасини.

-
Кирган вақтимда “Қаердансан?” деди. “Тошкентданман” дедим. “Сен Қозоғистонга нима учун беженец бўлиб келдинг?” деди. Мен “Намоз ўқиганим учун¸ бошқа бўлганим учун¸ мени қийнагани учун қочиб келдим” десам¸ “Сени Ўзбекистонда қийнаëтгани йўқ. Ўзбекистонда сени ҳеч қанақа қийнамайди. Сенм ëлғон гапираяпсан. Сени мен ҳамма ëғингни биламан. Сени танийдиган одамларни биламан. Сен иккита одамнинг нимасига қарши бизга гувоҳлик берасан” деб менга иккита одамни айтишди. Мана шу ерда юрадиган қочоқлардан иккитаси. “Ҳозирги вазиятда сенинг иккита шансинг бор. Ë турмага кетасан ëки ҳозир хотинингни оласан ва биз сени бу ердан йўлкирани бериб автобусга ўтиргизиб қўямиз. Черняевкада ўзимизнинг одамлар кутиб олади. Ўзбекистонда бемалол яшайверасан. Сенга ҳеч ким ҳеч нарса қилмайди. Ҳатто Каримов сенга қоғоз ëзиб беради” деди¸ дейди милиция бўлимига олиб кетилиб сўроқ қилинган ва кейинчалик қўйиб юборилган муҳожирлардан бири.

Олмаотада ўзбекистонлик қочқинларнинг ҳибсга олиниши билан боғлиқ бугунги воқеа Қозоғистон қочқинлар учун хавфсиз жой эмаслигини яна бир бор тасдиқлади.

Шу йилнинг апрел ойида Қозоғистондаги қочқинларнинг иши Миграция хизмати назоратига ўтган эди. Муҳожирлар шундан сўнг ўзларини ҳимоясиз ҳис қилиб келаётганликларини айтишади.

- Анча катта хавф сезаяпмиз энди. Ҳозир нима қилишимизни билмаймиз. Худди боши берк кўчага кириб қолгандаймиз. “Биз сизларни ҳимояга олдик. УВКБ ООН қила олмаган нарсани биз қиламиз” дейди. Лекин ваҳоланки тонг саҳарда уйингизга бостириб кирса¸ сизнинг оила¸ бола-чақангизга қарамаса¸ олиб кетаëтган пайтда “Бизнинг ҳеч қандай претензиямиз йўқ” деб ëздириб олса. “Полиция¸ миграцияга ҳеч қндай претензиям йўқ” деган нимани ëздириб олиб чиқариб юборишди. Мажбурмизда. Бир нарса дейдиган бўлсак¸ ўша ернинг ўзида яна бизни ҳам ўша ерда олиб қолинганлар сафига қўшиши аниқ эди¸ дейди милиция бўлимига олиб кетилиб сўроқ қилинган ва кейинчалик қўйиб юборилган муҳожирлардан яна бири.

Ҳозирда ўндан зиёд ўзбекистонлик бошпана изловчи Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг қочқинлар бўйича Олий Комиссарлиги Олмаота бўлими олдида тўпланиб, ўз тақдирларидан хавотир изҳор эта бошлаганлар.

Лекин, БМТ қочқинлар бўйича Олий Комиссарлиги матбуот вакили Бобур Балочнинг айтишича, Қозоғистондаги қочқинлар тақдирини Қочқинлар иши бўйича БМТ идораси яқиндан кузатиб боради.

- Ҳақиқатан ҳозир қочоқ мақоми бериш ваколати Қозоғистон ҳукумати зиммасида, лекин бизни идорамиз ҳам бу жараёнда ҳукумат идоралари билан бирга иш олиб боради ва вазиятни яқиндан кузатади, дейди Бобур Балоч.


Нега қозоқ махсус хизматлари бошпана изловчиларни ушлад
и?

Шу йилнинг 21 апрелида эришилган ўзаро келишувга кўра¸ Қозоғистонда бошпана изловчиларга қочқинлик мақомини бериш ёки уларни юртига қайтариб юбориш масаласини БМТнинг қочқинлар иши бўйича Олмаота ваколатхонаси эмас, балки Қозоғистон Меҳнат вазирлиги қошидаги миграция департаменти ҳал қилади.

Бунга қадар БМТ қочқинлар иши бўйича Олмаота ваколатхонаси қўшни давлатлардан Қозоғистонга келган қочқинларга “бошпана изловчи шахс” сертификатини берар ва ана шу ҳужжат асосида қочқинлар Қозоғистон ҳудудида бемалол яшай олардилар.

Ўзбекистонда қидирувда бўлган, аммо БМТ қочқинлар идорасининг мазкур ҳужжатини олган ўзбек қочқинлари қозоқ полицияси томонидан қўлга олинган тақдирда ҳам ўз юртига бадарға қилиниши мумкин эмасди. Янги қабул қилинган қонунга кўра эса бундай ҳужжат ўз кучини йўқотади. Ана шу келишув кучга кирганидан бери Қозоғистонда бошпана изловчи мақомида юрган ўзбекистонликларнинг Ўзбекистонга экстрадиция қилиниш хавфи кучайди.


Аввалгиларга ўхшамоқда...

Айни пайтда¸ Қозоғистон ҳудудида бошпана топган ўзбек қочқинларининг қозоқ махфий хизматлари томонидан таъқиб қилиниши, уларнинг ойлаб ҳибсда сақланиши ҳамда ўзбек қочқинларининг Қозоғистон ҳудудида бедарак йўқолиши ҳолатлари кейинги йилларда кўп учраган. Хусусан¸ 2005 йил 27 ноябр куни Тошкентдаги “Хўжа Нуриддин” масжидининг собиқ имоми¸ таниқли имом Обидхон қори Назаровнинг сафдошларидан бири Руҳиддин Фахриддинов Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати сўровига асосан Қозоғистонда ушланиб¸ Тошкентга бериб юборилган ва 2006 йили Ўзбекистон конституциявий тузумига тажовузда айбланиб 17 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди.

Айрим кузатувчиларга кўра¸ Ўзбекистонда Обидхон Назаров сафдошларига нисбатан таъқиблар янги босқичга кирган айни кунларда диний эътиқоди учун мамлакатни тарк этган ўнлаб ўзбекистонликларни ҳибсга олиш ва ҳатто уларни Ўзбекистонга экстрадиция қилиш Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида қатнашиш учун Тошкентга келаëтган Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг мезбон Каримовга тортиғи бўлиши мумкин.

Озодлик кун давомида қозоқ миграция департаменти ходимлари томонидан қўлга олинган ва сўроқ қилинаётган ўзбек қочқинлари тақдирини яқиндан кузатишга уринади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG