Линклар

logo-print

Россия, АҚШ ва Франция Теҳронга жавоб йўллади


АҚШ, Россия ва Франция Теҳрон ихтиёрида бўлган уранни қайта ишлаш учун Туркияга юборишга оид Эрон ҳукумати таклифига расман жавоб қайтарди.

Дипломатларнинг билдиришича, учала давлат жавоби Атом энергияси халқаро агентлиги раҳбари Юкия Амано орқали Эрон ҳукумати расмийларига тақдим қилинган. Мактуб мазмуни билан танишиб чиққан расмийларнинг таъкидича, АҚШ, Россия ва Франция уранни Туркияга юборишга оид Эрон режасини рад қилмаган, бироқ ушбу режанинг ҳаётга тадбиқ этилиши Эрон ядровий дастури борасида мавжуд барча хавотирларни бартараф эта олмаслиги ҳам алоҳида тилга олинган.

Эрон ихтиёрида бўлган кам тўйинтирилган уранни қайта ишлаш учун Туркияга юборишни назарда тутган келишув ўтган ой ўрталарида Бразилия ва Туркия президентлари ташаббуси билан Теҳронда имзоланган эди.

Бугун БМТ Хавфсизлик Кенгаши ўз ядровий дастуридан воз кечишни истамаётган Эронга қарши янги санкциялар қўллаш ҳақидаги резолюция лойиҳасини овозга қўяди.

Бундан бир кун аввал эса Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажод БМТ Хавфсизлик кенгаши Теҳронга нисбатан санкцияларни маъқуллайдиган бўлса, ўз ҳукумати ядровий дастур бўйича халқаро ҳамжамият билан музокараларни тўхтатажагидан огоҳлантирди.
XS
SM
MD
LG