Линклар

Самарада ўзбекнинг боласини ит талади


Жамила ит ҳужумидан мўъжиза билан омон қолган бўлса-да¸ унинг юзига етган жароҳатни тузатиш учун жуда кўп пластик операция талаб қилинади.

Жамила ит ҳужумидан мўъжиза билан омон қолган бўлса-да¸ унинг юзига етган жароҳатни тузатиш учун жуда кўп пластик операция талаб қилинади.

Россиянинг Самара шаҳрида йиртқич ит куппа-кундуз куни ўнлаб катталар кўз олдида болалар майдончасида ўйнаëтган бир ярим ёшли қизалоқнинг юзини ғажиб ташлади. Итнинг пиëниста эгаси эса 10 дақиқа давомида қизча ва онасининг йиртқичлар билан мужодаласига томошабин бўлиб турди.


8 июн куни Россия 1-каналининг машҳур бошловчиси Андрей Малаховнинг “Пусть говорят” кўрсатувида муҳокама этилган бу воқеа Россия жамоатчилигини ларзага солди ва йиртқич итлар¸ умуман итлар ва жамоатчилик¸ хусусан болаларни улар эҳтимолий ҳужумидан ҳимоялаш ҳақида қизғин баҳс бошланишига сабаб бўлди.



Бу воқеага Озодлик эътиборини тортган жиҳат эса¸ қизалоқнинг Россиядаги ўзбек муҳожирининг боласи эканидир. Жамила¸ яъни гўзал деб исм қўйилган қизалоқ ва унинг ота-онаси ҳаëтини буткул ўзгартирган бу мудҳиш воқеа Самарада 23 май куни содир бўлди.

Ўзбекистонлик Ботир Ғоипов Самара вилоятида чорвачилик билан шуғулланади. У рафиқаси Наталья Макеевани ўша куни 1,5 яшар қизчаси Жамила билан Самара шаҳридаги қариндошларникига жўнатади.

Воқеа даҳшатини Ботир Ғоиповнинг ўзи ҳикоя қилади.

- 23 май куни мен қишлоқдан хотиним билан қизимни кузатиб қўйдим. Улар акасиникига шаҳарга меҳмонга кетишди. Етиб келган куни ҳовлида гулят қилиб юрса¸ болалар майдончасида ўйнаб юришса¸ хотиним билан қизчам бетма-бет ўйнаб ўтиришган¸ кучук хотинимнинг орқасидан келиб¸ хотиним кўра олмай қолган буни¸ келиб қизчамнинг прямо бетидан узиб олган. Хотиним сразу ажратишга ҳаракат қила бошлаган. Ит бўлса ириллаб қизимга ëпишган. Кейин қанақадир ўрис бола келиб ëрдам қилган. Ажратиб бўлганидан кейин иккинчи кучук келиб хотинимнинг оëғидан тишлаб ғажий бошлаган. 10-15 минутдан кейин кучукнинг эгаси келиб равнодушно¸ как скотина¸ тварь бўлиб шундай узоқдан бир қараб турган. Орада 30-50 метр. Яна ҳеч нарса билмагандай¸ кўрмагандай қочиб кетган. Кейин уни местний болалар топиб¸ битта-иккита уриб¸ телевидениега чиқиб. Кейин менга болалар айтиб бердида¸ улар постоянно алкоголик¸ уже 10-15 йилдан бери эри ҳам¸ хотини ҳам ишламасдан короче доим пиëнисталик қилиб юрган¸ дейди Ботир Ғоипов

Жамиланинг отаси бу ҳужумнинг икки ҳафта олдин содир бўлганига қарамай итнинг эгаси Сергей Циферовнинг ҳамон озодликда юрганидан ғазабда:

- Ҳозир итнинг эгаси қаердалигини даже билмайман. Ҳозир РОВДдан телефон қилишди. Мен у боланинг озодликда юрганини билганимда¸ шокка тушиб қолдим. Мен сразу прокуратурага бордим. “Нима сизларга вообшеми? Сизлар просто кўзларингни юмиб¸ тамом короче. Такое ошушение как будто пофигу. Значит так и должно быт” дедим. Нима учундир 1- каналда прокуратурага борганимни кўрсатишмади.

Озодлик: Прокуратурада нима дейишди сизга?

- Прокуратурада “Мы не имеем права пока его посадить” дейишди¸ дейди Ботир Ғоипов.

“Қотил-ит” номи билан машҳур ва айиқ ҳамда ҳўкизларни овлашга мўлжалланган питбуллар ўз йиртқичлиги билан бошқа итлардан фарқ қилади ва улар асосан махсус қурилган ит уйларида сақланади. Бироқ Жамила ташланган Серëжа исмлик питбул эгаси пиëниста Сергей бир эмас¸ иккита йиртқич ит билан 50 квадрат метрлик бир хоналик квартирада яшаган ва бу итлар йиллардан бери атроф-маҳаллани доимий қўрқувда ушлаб келган. Жамилага ҳужумдан сўнг¸ бу ҳужумга алоқаси бўлмаса¸ итлардан бири дарҳол ўлдирилган¸ Жамилага ташланган ит эса ҳозирда Самарадаги ветеринария бўлимида сақланмоқда. Афтидан, уни ҳам биринчи итнинг тақдири кутмоқда.

Жамиланинг тақдирини барбод қилган бу воқеа учун ким жавобгар ва нима учун итнинг хўжайини Сергей бугунги кунда бемалол озодликда юрибди? Бу саволга жавоб олиш мақсадида мазкур воқеани ўрганаëтган Самара шаҳар Саноат тумани Ички ишлар бўлимининг Тергов бўлими терговчиси Александра Сурковага сим қоқдик:

- Ҳозир айбланувчининг отаси Сергейни шаҳарни тарк этмаслик шарти билан ўз уйига олиб кетиб қараяпти. Сергей ўзи 1969 йилда туғилган, бизда асалари боқиш билан шуғулланади деб ёзилган... Аслида доим маст ҳолда юрган бу одамнинг қачон ишлашга вақт топгани номаълум, дейди терговчи Александра Суркова .

Самара шаҳар Ички ишлар бошқармаси бошлиғи муовини¸ милиция майори Игорь Юсупов Озодлик билан суҳбатда, йиртқич итни болалар майдончасига қўйиб юбориб¸ боз устига унинг 1¸5 яшар қизалоқни ғажишига томошабин бўлиб турган Сергей Циферовнинг бу қилмиши учун 2 йил муддатга озодликдан маҳрум этилиши мумкинлигини билдирди:

- Тергов жараёнида қизчанинг соғлигига жиддий зарар етказилганлиги аниқланган. Унинг бурни синган, қулоқлари йиртилган, жағининг юқори қисми шикастланган ва бир қатор нерв ва мушаклари узиб ташланган. Бу воқеа Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 118-моддаси 1-банди бўйича эҳтиётсизликдан соғлиққа оғир жароҳат етказиш сифатида таснифланади¸ дейди Самара шаҳар Ички ишлар бошқармаси бошлиғи муовини¸ милиция майори Игорь Юсупов.

Жамиланинг ҳозирги аҳволини билиш мақсадида Самара шаҳридаги Калинин номли шифохонага мурожаатимизга, шифокорлардан бири онаси билан бирга сақланаëтган қизчанинг аҳволи яхшиланаëтганини билдирди.

Айни саволни Жамиланинг отасидан ҳам сўрадик:

Озодлик:
Ҳозир Жамиланинг аҳволи қандай?

- Норналнийку¸ шрам-прам қолади лекин. Яхшиям мени Останкино биринчи каналдаги “Пусть говорять” га таклиф қилишган эди. Бордим. У ерда катталардан Яковлева типо обешат қилдиларки¸ что давлат бюджетидан детский лечение таъминланади. Сосотояниеси¸ Худога шукур яхши ҳозир.

Озодлик: Ҳозир касалхонадами?

- Ҳа¸ ҳозир болницада¸ дейди Ботир Ғоипов.

Россия 1-каналининг машҳур бошловчиси Андрей Малаховнинг Жамила тақдири муҳокама этилган “Пусть говорят” кўрсатувида қатнашган Россия Давлат Думаси вакили¸ дарҳақиқат Жамиланинг тибиий муолажаси¸ ҳатто хорижда даволаниши учун давлат ҳисобидан маблағ ажратилишини ваъда қилди. Ўзининг айбдорлигини қайта-қайта тан олган Сергей Циферов ва унинг 76 яшар отаси Жамила учун умрбод товон пули тўлашларини билдирдилар. Аммо депутатнинг ўз ваъдаси устидан чиқиш-чиқмаслиги¸ пиëнистанинг эса¸ Жамила учун пулни қачон ва қай усул топиши ҳозирча мавҳум бўлиб турибди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG