Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:03

БМТ Эронга қарши жазо чоралари қўллайди


БМТ Хавфсизлик Кенгаши ўз ядровий дастури борасида халқаро ҳамжамият билан ҳамкорлик қилишдан бош тортаётган Эронга қарши янги санкциялар қўллаш ҳақидаги резолюция лойиҳасини 9 июн куни 12 га 2 та қарши овоз билан маъқуллади.

БМТ Хавфсизлик кенгашининг вето қўйиш ҳуқуқига эга бўлган бешта доимий аъзоси, яъни АҚШ, Британия, Франция, Россия ва Хитой ҳам мазкур ҳужжатни қўллаб овоз берди.

Туркия ва Бразилия резолюция лойиҳасига қарши овоз берди. Ливан эса бетараф қолди.

Ғарб давлатлари Эронни тинч мақсадни кўзлаган ядровий дастуридан атом қуролига эга бўлиш мақсадида фойдаланаётганликда гумон қилмоқда. Теҳрон эса бундай айбловларни рад қилиб келмоқда.

Овоз берилганидан кейин Оқ Уйда сўзлаган АҚШ президенти Барак Обама БМТ чоралари “Эроннинг муросасизлиги ўзига қимматга тушаётганига ёрқин мисол" эканини айтди.

- Бу Эрон ҳукумати дуч келган илк кенг қамровли санкциялардир. Бу санкциялар Эроннинг ядровий фаолияти, баллистик ракеталар дастури ва биринчи марта оддий ҳарбий қуролларини чеклашга қаратилган, деди Обама.

АҚШнинг БМТдаги элчиси Сюзан Райс Эрон ядровий қуролларни тарқатмаслик ҳақидаги шартнома мажбуриятларини бажармай, халқаро тинчлик ва барқарорликка жиддий таҳдид солганига жавобан Хавфсизлик кенгаши шундай чора кўрганини айтди.

- Эрон ҳукумати Атом энергияси халқаро агентлиги доирасида ўз зиммасига олган мажбуриятлари ҳамда Хавфсизлик кенгаши резолюциялари талабларини бажаришдан бош тортгани учун биз шундай чора кўрдик. Халқаро ҳамжамиятнинг доимий ва узоқ вақт давом этган талабларга қарамай, Эрон уранни бойитиш ишлари ва бошқа фаолиятини тўхтатмади, дея баёнот берди БМТдаги АҚШ элчиси.

Бразилиянинг БМТдаги элчиси Мария-Луиза Рибейро Виотти ўз мамлакати резолюция лойиҳасига қарши овоз берганини санкциялар муаммога ечим бўла олмайди, деган фикрда экани билан изоҳлади.

- Афтидан, санкциялар Эрон халқига азият олиб келади ва мулоқот олиб боришни хоҳламаган икки томон расмийлари манфаатига хизмат қилади. БМТ фаолияти, хусусан, Ироқ борасидаги тажриба, санкция ва таҳдидлар фожиали оқибатларга олиб келиши мумкинлигини кўрсатди, деди БМТдаги Бразилия элчиси.

Туркиянинг БМТдаги элчиси Эртуғрул Апакан санкциялар жорий қилиш ҳақидаги ҳужжат овозга қўйилишидан олдин ўтган ой Теҳрон билан эришилган ёнилғи алмашиш ҳақидаги келишув амалга тадбиқ этилиши учун кўпроқ вақт берилиши кераклигини айтди.

- Теҳрон Декларацияси дипломатик музокаралар учун янги ва муҳим имконият яратади. Уни амалга ошириш учун етарли вақт ва имконият бериш керак эди. Биз санкциялар жорий қилиш ҳақидаги резолюция лойиҳасининг қабул қилингани декларация яратган имкониятга ва умумий жараёнга салбий таъсир қилишидан чуқур хавотирдамиз, деди Туркия элчиси.

9 июн куни Душанбе шаҳрида сўзлаган Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажод БМТ қарорини Эронга қарши “фойдасиз зарба”, дея атади.

- Мен улардан бирига сизнинг бизга қарши резолюцияларингиз фойдасиз зарбага ўхшайди, дедим. Шунга қарамай, Худога шукур, улар Эронга зарба бера олмади ва биз уларнинг хатти-ҳаракатларини баҳолаяпмиз. Бугунги кунда сиёсий саҳна айёрлик, ёлғончилик, босқинчилик ва экспансия саҳнасига айланди, деди Эрон президенти.

Маҳмуд Аҳмадийнажод Эрон ядровий қурол яратишни режалаётгани ҳақидаги иддаолар мамлакатни жазолаш учун шунчаки бахона эканини сўзига қўшимча қилди.
XS
SM
MD
LG