Линклар

logo-print

Бакиевлар ҳақидаги маълумот учун мукофот берилади


7 апрел кунги Бишкек воқеалари айбдорларини топиш бўйича энг катта мукофот Қирғизистоннинг ҳокимиятдан четлатилган президенти Қурмонбек Бакиев ҳақидаги маълумот учун берилиши айтилмоқда.

7 апрел кунги Бишкек воқеалари айбдорларини топиш бўйича энг катта мукофот Қирғизистоннинг ҳокимиятдан четлатилган президенти Қурмонбек Бакиев ҳақидаги маълумот учун берилиши айтилмоқда.

Қирғизистон муваққат ҳукумати Қурмонбек Бакиев, унинг ўғиллари, ака-укалари, собиқ Бош вазир Дониёр Усенов ҳамда 30 дан ортиқроқ собиқ амалдорларнинг қаерда экани тўғрисида маълумот берган шахсларга 20 минг доллардан 100 минг долларгача мукофот берилиши ҳақида эълон қилди.

7 апрел воқеаларидан сўнг президент Қурмонбек Бакиевнинг ўғиллари ва ака-укалари халқаро қидирувга берилган эди.

Муваққат ҳукумат расмийларига кўра, Бакиевларга нисбатан очилган жиноят ишларининг 80 фоизи якунланган. Жумладан, собиқ президентнинг ўғли Марат Бакиев давлат маблағини ўта катта миқдорда ўзлаштирганликда, бизнес тузилмаларини тортиб олганликда, Бакиевнинг укаси Жаниш эса 7 апрел куни норозиларга қарши ўқ отишга буйруқ берганликда айбланмоқда.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, Қурмонбек Бакиев, унинг ўғиллари, ака-укалари, собиқ бош вазир Дониёр Усенов ҳамда 30 дан ортиқроқ собиқ амалдорларнинг қаерда экани тўғрисида маълумот берган шахсларга белгиланган мукофот тўлалигича берилади, яъни бу пулдан солиқ олинмайди.

Қурмонбек Бакиев оила аъзолари ҳақида маълумот берганларга 100 минг доллар, Миллий хавфсизлик хизматининг собиқ раҳбари Мурат Суталиновнинг қаерда эканини аниқлаб берганларга 50 минг доллар, қолган амалдорлар ҳақидаги маълумотларга эса 20 минг доллардан мукофот берилади.

Ҳуқуқ-тартибот тузилмалари томонидан астойдил қидирилаётган шахс эса 7 апрел куни норозиларга қарши ўқ отишга буйруқ берганлигини журналистлар билан суҳбатларида тан олган Жаниш Бакиевдир.

- Бакиев Жанибек Салиевич 15 апрелдан бошлаб халқаро қидирувга берилган. Уни қўлга олиш учун барча тадбирлар қўлланилаяпти, деди Ички ишлар вазирлиги расмийси Самат Бакеев.

Унинг айтишича, айни пайтда Қирғизистон собиқ раҳбарларининг деярли барчаси турли жиноятларда айбланиб қидирилмоқда. Улар асосан давлат маблағини ўзлаштирганликда ва Бакиевнинг ўғлига бизнеснини ноқонуний йўллар билан ривожлантиришга кўмаклашганликда айбланмоқдалар.

- Ҳозирги кунда Қирғизистон ҳудудида 36 киши қидирувга берилган. Улар собиқ президент Қурмонбек Бакиевнинг оила аъзолари ва унинг атрофидаги мулозимлардир, деди Самат Бакеев.

Расмий маълумотларга кўра, собиқ амалдорлардан фақат Давлат мулки вазирлиги раҳбари Турсун Турдумамбетовгина ўз ихтиёри билан ички ишлар вазирлигига келган ва кўрсатма берган.

Шу кунларда собиқ Ички ички ишлар вазири, собиқ мудофаа вазири, президент котибиятининг собиқ раҳбари тергов қилинмоқда. Қолган амалдорлар эса апрел воқеаларидан сўнг қочиб кетишган.

Бишкеклик таҳлилчи Ўрўзбек Молдалиев фикрича, муваққат ҳукумат томонидан Бакиев ва бакиевчилар тўғрисидаги маълумотларга мукофот эълон қилингани, қидирувдагиларнинг тез кунларда қўлга олиниши мумкинлигидан дарак бермайди.

- Биринчидан, акл, профессионаллик етишмаяпти ҳуқуқ-тартибот тузилмаларида. Профессионализм бўлмаганидан кейин ҳар қанча мукофот ваъда қилинмасин, ҳуқуқ-тартибот тузилмалари қидирувдагиларни қўлга олишга ожизлик қилади, дейди таҳлилчи.

Бошқа таҳлилчилар эса ҳуқуқ-тартибот тузилмаларида Қурмонбек Бакиев тарафдорлари кўплигини, куч ишлатар тузилмаларда тозалаш ўтказилмагунича Бакиев ва бакиевчиларнинг қўлга олиниши даргумон эканлигини айтадилар.

Ҳукмронлигининг сўнгги йилларида Қурмонбек Бакиев куч ишлатар тузилмаларга жуда катта имтиёзлар ва эркинликлар берган, бу тузилмалар томонидан қонун бузишларга кўз юмиб келган эди. Бу эса ҳуқуқ-тартибот тузилмалари хоидмларининг Бакиев сиёсатига мойил бўлишини таъминлаган.
XS
SM
MD
LG