Линклар

Эрон Афғонистон орқали Душанбе-Машҳад темир йўлини қуради ва Ўзбекистон билан Тожикистон муносабатларининг яхшиланишида воситачи бўлади. Бу борада Эрон президенти 9 июн куни Тожикистон президенти билан учрашуви чоғида билдирган.

Эрон ва Тожикистон президентлари ҳамда томонлар делегацияларининг Душанбе шаҳридаги учрашувлари ёпиқ эшиклар ортида ўтди.

Аммо музокаралар жараёнида қатнашган ва исми ошкор этилмаслигини сўраган тожик мулозимининг маълум қилишича, Эрон томони Душанбе ва Тошкент алоқаларини дипломатия йўли билан тиклашга ҳаракат қилажагини билдирган. Ўз навбатида, Эрон делегацияси аъзолари сўнгги вақтларда ўзбек-тожик муносабатларининг тобора кескинлашаётганида ташвишда эканларини яширмаган.

Манбага кўра, музокаралар чоғида Эрон томони Тожикистонни Афғонистон орқали Эрон билан боғловчи Душанбе-Машҳад темир йўлини қуришни ваъда қилган ҳамда янги темир йўл лойиҳасини техник-иқтисодий асослаш учун 1 миллион АҚШ доллари миқдорида сармоя ажратишини билдирган.

Айтилишича, июн ойи охирига қадар Эрон, Тожикистон ва Афғонистон давлат раҳбарлари мазкур лойиҳа борасидаги ўзаро шартнома имзолайди.

9 июн куни тушдан кейин Эрон давлат раҳбари расмий музокаралардан сўнг Тожикистондаги эронликлар ва маҳаллий зиёлилар билан ҳам учрашди.

Тахминан уч соат давом этган бу учрашувда Маҳмуд Аҳмадийнажод БМТ Хавфсизлик Кенгашининг ўз давлатига қарши янги санкциялар жорий қилишни назарда тутган резолюция лойиҳасига ҳам муносабат билдирди.

- Ўнгу сўлдан бизга санкциялар ёғилмоқда. Аммо бу санкцияларнинг Эрон миллати учун сариқ чақачалик қиймати йўқ. Мен ўша санкциялар қўллаётганлардан бирига “биз учун бу санкцияларингиз бурунни тозалаб, ахлатга ташланадиган рўмолча кабидир”, дедим. Лекин биз бардошлимиз, бунинг ҳаммасига чидай оламиз, дея билдирди президент Маҳмуд Аҳмадийнажод.

Эрон президенти мазкур учрашувда дунёнинг айрим йирик давлатлари сиёсатидаги заифроқ мамлакатларга тажовузни ҳам эътибордан четда қолдирмади.

Гарчи Аҳмадийнажод бирор давлатнинг номини тилга олмаган бўлса-да, Афғонистон, Эрон ва Фаластинда террорчиликка қарши амалиётлар олиб бораётган ва бунинг ортидан ўнлаб тинч аҳоли жонига зомин бўлаётган Америка ва унинг иттифоқдошларига кўпроқ ишора қилинаётганини пайқаш қийин эмас эди.

- Улар террорчиларга қарши жанг қилаётганларини айтишади. Террорчилар нечта, неча кишини ўлдирди? Террорчилик жуда ёмон. Лекин террорчилик билан кураш баҳонасида бир давлатни забт қилиб олиш ундан ҳам ёмон. Сизлар террорчилик баҳонасида келиб бир тарихий мамлакатни забт қилдингиз ва шу кунгача 100 мингдан ортиқ кишини ўлдирдингиз. Бизнинг сизлардан: “Нега бунча одамни ўлдирдингиз?” деб сўрашимиз аҳлоқ доирасидан ташқари эмас. Ироқда 1 миллиону 300 минг тинч аҳоли ўлдирилди. Қайси гуноҳи учун? дея савол билан залда ўтирганларга мурожаат қилди Эрон давлат раҳбари.

Аввалроқ Тожикистон президенти матбуот хизмати масъуллари Душанбега иш сафари билан келган Маҳмуд Аҳмадийнажод Имомали Раҳмон билан бирга 10 июн куни Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида қатнашиши учун Тошкентга сафар қилиши мумкинлигини айтган эди.

Аммо кейинроқ бу маълумотлар тасдиқланмади ва маълумотларга кўра, Эрон президенти Шанхай шаҳрида бўлиб ўтаётган ЭКСПО-2010 кўргазмасида иштирок этиш учун Тожикистондан Хитойга учиб кетди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG