Линклар

Умид Ëқубов озодликка чиқди¸ бироқ ҳамон таъқибда


Россия ҳибсхонасидан озод бўлган эса-да¸ Умид Ëқубовнинг эртаси ҳозирча қоронғу бўлиб қолмоқда.

Россия ҳибсхонасидан озод бўлган эса-да¸ Умид Ëқубовнинг эртаси ҳозирча қоронғу бўлиб қолмоқда.

Россиянинг Рязан шаҳрида ҳибсга олинган ўзбекистонлик Умид Ёқубов 9 июн куни озод этилди. Эндиликда ўзбекистонлик бу диндор йигит ҳимоячилари унинг учинчи давлатдан қочқинлик мақомини олиши учун ҳаракат қилишмоқда.


Тўрт ой Рязандаги вақтинча тергов изоляторида ҳибсда сақланган Умид Ёқубов 9 июн куни озод этилди. У ҳибсхонани ўз ҳимоячиси Светлана Колбнева ҳамроҳлигида тарк қилди.

- У ердан ҳимоям остидаги Умид Ёқубовни олиб йўлга тушдик. Бизнинг ҳайдовчимиз орқамиздан икки машина таъқиб қилаëтганини айтди. Буни мен ҳам, Умид ҳам сездик. Ойналари қорайтирилган икки номаълум машина бизни шаҳар бўйлаб кузатди. Ҳатто Умид яшаб турган уйгача кузатувини давом эттирди, дейди Умид Ёқубовнинг ҳимоячиси.

1969 йилда туғилган Ўзбекистон фуқароси Умид Ёқубов 1999 йилдан буён мунтазам тарзда милицияга чақиртирилиб турилган, бир неча бор улар томонидан калтакланган. Ҳуқуқ –тартибот идоралари томонидан унга исломий ташкилотларга алоқадорлик айби қўйилган, дейди унинг ҳимоячиси Светлана Колбнева.

2008 йилда Ўзбекистондан қочиб чиқган Умид Ёқубов бир йил ўтиб, Россияга келган.

Бироқ шу йил бошида Ëқубов Ўзбекистон томонидан диний ташкилотларга аъзолик ва мамлакатни ноқонуний тарзда тарк этишда айбланиб халқаро қидирувга берилганлиги боис у Рязанда ҳибсга олинди. Кўп ўтмай Рязан суди Ëқубовни Ўзбекистонга экстрадиция қилиш ҳақида ҳукм чиқарди¸ бироқ 4 феврал куни Европа инсон ҳақлари суди Умид Ёқубовни Ўзбекистонга жўнатмаслик ҳақидаги қарори билан Россия суди ҳукми ижросини тўхтатиб қолди.

- 8 июн куни суд уни махсус тергов изоляторида тўрт ойдан ортиқ ўтирганидан сўнг сақлаб туриш ноқонунийлиги тўғрисида ажрим чиқарди, дейди Умид Ёқубовнинг ҳимоячиси Светлана Колбнева.

Ҳибсдан чиққан Ëқубовнинг айни пайтдаги вазияти қалтис ва биз унга тезлик билан тегишли мақом олиб беришга ҳаракат қилаяпмиз¸ деб давом этади ҳуқуқшунос.

- Биз ҳозир Россия Федерал миграция хизматига шикоят узатдик. Менинг фикримча, рад жавоб кучида қолади. Агар шундай бўлса, биз унга вақтинча бошпана изловчи мақоми берилишини сўраб БМТ нинг Қочқинлар ишлари бўйича Олий комиссарлигига ҳам мурожаат қилиб кўрамиз. Рязандаги миграция хизмати ҳам бизга шуни тавсия этмоқда¸ дейди Ëқубовнинг ҳимоячиси.

Ҳимоячи Светлана Колбнева Умид Ёқубовнинг айни пайтда соғлигидан шикояти йўқлигини айта туриб¸ хавфсизлик нуқтаи-назаридан унинг ҳозирча оммавий ахборот воситалари ходимлари билан суҳбатлашмай туриши маъқуллигини таъкидлайди.

Москвадаги Инсон ҳуқуқлари институтининг “Бошпана ҳуқуқи” лойиҳаси раҳбари Елена Рябинина Умид Ёқубовнинг ҳимояси билан у ҳибсга олинган илк кундан бери шуғулланиб келмоқда.

- Дастлаб¸ уни маъмурий қонунбузарчиликда айблаб қарор чиқарилган эди. Россияда агар экстрадиция қилиниши керак бўлган Ўзбекистон фуқаросига нисбатан экстрадиция бекор қилинса, маъмурий жавобгарлик билан шартта жўнатиб юборилади. Умид Ёқубовни ҳам шундай қилмоқчи бўлишган, дейди ҳуқуқ фаоли Елена Рябинина.

Россиялик ҳуқуқ ҳимоячиси¸ Умид Ёқубов Ўзбекистон махфий хизматлари ўз россиялик ҳамкасбларидан тутиб беришни талаб қилаётган ягона ўзбекистонлик диндор эмаслигини таъкидлайди.

- Уларга халқаро қидирувга берилганлардан қайси бири Россия ҳудудида бўлса¸ шуларнинг бари керак. Ўзбекистон хукумати фақат Ёқубовни ўзигага беришни сўраётгани йўқ. Бу каби ҳолатлар Россияда кўп такрорланган. Рустам Мўминов, Абдували Камолиевлар бундай экстрадиция мисоллари, дейди Москвадаги Инсон ҳуқуқлари институтининг “Бошпана ҳуқуқи” лойиҳаси раҳбари Елена Рябинина.

Айни пайтда Умид Ёқубовга қочқинлик мақоми олишнинг жуда қийин жараёнл эканини тан олса-да Елена Рябинина¸ Ўзбекистон ҳукумати ов қилаëтган бу қочқинни таҳдиддан қутқаришнинг БМТ қочқинлар идораси орқали учинчи давлатдан сиëсий қочқинлик мақомини олишдан бошқа йўли йўқлигини айтади.

- Икки йилдан бери, учинчи давлат томонидан бошпана берилган ўзбекистонлик қочқинларнинг бирортаси шу пайтгача Россиядан чиқиб кета олгани йўқ. Умид қиламизки¸ Умид Ëқубов ишидан сўнг бундай пайсалчиликка ҳам барҳам берилади ва қочқинлик мақомини олган ўзбекистонликлар учинчи давлатга жўнай бошлайдилар, дейди россиялик ҳуқуқ фаоли.
XS
SM
MD
LG