Линклар

Ўзбекистонлик муҳожирлар Россиядан пул жўнатишда биринчи


2010 йил баҳорига келиб Россия қурилишларининг қайта жонлангани натижасида бу қурилишлардан иш топган ўзбек мардикорлари сони ҳам ошди.

2010 йил баҳорига келиб Россия қурилишларининг қайта жонлангани натижасида бу қурилишлардан иш топган ўзбек мардикорлари сони ҳам ошди.

Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари Россиядан ўз ватанига пул ўтказиш бўйича МДҲ давлатлари фуқаролари орасида биринчиликни сақлаб келмоқда. Бу эса¸ Россиядаги меҳнат муҳожирлари сони бўйича ҳам ўзбекларнинг биринчи экани билан изоҳланмоқда.


Ўзбекистон МДҲ мамлакатлари ичида Россиядан пул ўтказиш бўйича биринчиликни сақлаб келмоқда. Трансакциялар ҳажми бўйича иккинчи ва учинчи ўринларни Тожикистон ва Украина эгаллади.

Россия Марказий банки хабарига кўра, жорий йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги пул ўтказишлар 385 млн АҚШ долларни ташкил қилган ва бу ўтган йилги кўрсаткичдан қарийб 100 миллион долларга кўпроқдир. Айни пайтда Ўзбекистондан Россияга пул ўтказишлар миқдори камайди - агар 2009 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистондан Россияга пул ўтказиш миқдори 73 миллион доллар бўлган бўлса¸ бу қарам 2010 йилнинг биринчи уч ойида 53 миллионга тушган.

Россиядан Ўзбекистонга пул ўтказиш миқдорининг ўсиш жараëни борасида гапирар экан, “CONTACT” пул ўтказиш халқаро тизими бошқаруви раиси муовини Сергей Блудов бунинг сабабларига тўхталди:

- Бу асосан иккита объектив омил билан боғлиқ. Биринчиси, 2009 йилнинг биринчи чорагида биз ҳақиқатан жуда оғир вазиятнинг юқори нуқтасига етган эдик. Ўша пайтда Россия, қолаверса жаҳон иқтисодиётини ноаниқ келажак кутмоқда эди. Ҳамма кутиш ҳолатини танлади, савдо сотиқ сусайди, қурилиш тўхтатилди, пул ўтказишлар камайди. Натижада меҳнат муҳожирлари сони ҳам камайиб кетди.

2009 йилнинг ўрталарига келиб умумий ҳолатнинг бирмунча яхшиланиши кузатилди. Биламизки¸ Марказий Осиёдан келаётган меҳнат муҳожирлари салмоғи хизмат кўрсатиш соҳасида сезиларли, лекин аксарият меҳнат муҳожирлари¸ сўзсиз¸ қурилишдадир. Шундай қилиб¸ йилнинг иккинчи ярмида Россияда қурилиш жонланди. Мана 2010 йилнинг биринчи чорагида барча соҳалар бўйича ўсиш борлигига эътиборингизни қаратмоқчиман.

Демак айтганимдек, беркитилган пуллар муомалага чиқа бошлади, рубл ўсаяпти, лекин шунга қарамасдан биз 2008 йилнинг биринчи чораги кўрсаткичларига етканимиз йўқ - 2008 йилнинг биринчи чорагида Россиядан Ўзбекистонга 407 миллион долларга етган эди, дейди “CONTACT” пул ўтказиш халқаро тизими вакили Сергей Блудов Озодлик билан суҳбатда.

Сергей Блудовга кўра¸ Россияга иш излаб келаëтган меҳнат муҳожирлари сони пул ўтказиш жараёнида муҳим аҳамиятга эга:

- Пул ўтказувчилар сони жорий йилнинг биринчи чорагида 32% ўсди! Бу катта кўрсаткич. Бу Россияда ишлаб чиқариш бозори жонланганидан даракдир.

Бу бизга ҳам таъсир этмай қолмади. Сўнгги 10 йил ичида биз тарифларимизни 2009 йилнинг декабригача ўзгартирмасдан келдик. Лекин бозорда пайдо бўлган майда компаниялар мижозларимизни тортиб кета бошлади ва биз ҳам ўз сиёсатимизни қайта кўриб чиқишга мажбур бўлдик. Яна бир янгиликни сизга айтмоқчиман, охирги вақтда Россия қонунчилигида бўлаётган ўзгаришлар нафақат банклар¸ балки банк агентларига ҳам пул ўтказиш имконини очиб бермоқда. Бу нима дегани? Яқин келажакда пулни оддий банкоматга ўхшаган терминаллар орқали ўтказиш ҳам мумкин бўлади.

Озодлик: Менинг билишимча¸ Ўзбекистонга фақат доллар ўтказиш мумкин..

- Мана бугунга келиб сизнинг қўшниларингиз Тожикистон ва Қирғизистонга пул ўтказишларнинг деярли ярмисини Россия рубли ташкил этмоқда. Бу¸ албатта¸ Ўзбекистоннинг ички қонунчилиги билан бевосита боғлиқ. Маҳаллий банк вакилари Ўзбекистонда асосан доллар ва сўм юришини, рублга талабнинг йўқлигини айтишмоқда¸ дейди “CONTACT” пул ўтказиш халқаро тизими вакили Сергей Блудов.

Ўзбекистонга Россия рублидан кўра доллар ўтказишнинг афзалликлари сабабини Москвада меҳнат қилаётган Расулбек содда қилиб тушунтириб берди:

Расулбек: Агар иш ҳақи нормалний бўлиб қолса¸ ойига 500-600 доллардан юбориб турамиз.

Озодлик: Сиз ўзингиз нима иш қиласиз?

Расулбек: Бўëқчиман.

Озодлик: Қандай қилиб пул ўтказасиз? Бировдан бериб юборасизми?

Расулбек: Банкка бориб¸ адресни айтиб жўнатиб юборамиз.

Озодлик: Бир пайтлари пул ташувчи одам бўларди. Шундан бериб юборишарди.

Расулбек: Қозоғистонда ишлаган пайтларда ўзимиз ҳам қилганмиз.

Озодлик: Неча йил бўлди шунга?

Расулбек: Тўрт йилча бўлиб қолди. Тўрт йил олдин Қозоғистонда пулни бирор киши кетаëтган бўлса¸ ўша билан бериб юборардик.

Озодлик: Тугунда қанча бўларди?

Расулбек: Ўзимизнинг пулга ҳисоблаганда 11 миллионгача олиб борган пайтларим бўлган.

Озодлик: Қўрқмаганмисиз?

Расулбек: Нима қиласиз? Бир бошга бир ўлим. Йўлда менти бор¸ бошқаси бор. Ҳаммасидан ҳам пул билан ўтиб кетса бўлади.

Озодлик: Масалан¸ мен биламан шип-шийдон қилиб пулини ечиб олган.

Расулбек: Кўрганмиз¸ гувоҳ бўлганмиз.

Озодлик: Улар қолганларнинг олдида қандай қилиб жавоб беради?

Расулбек: Гувоҳлар бўлса нима¸ агар бўлмаса тўлаб беради. Бошқа нима қилади. Инсофи бўлса беради¸ инсофи бўлмаса кетди. Милиция ходимлари олади¸ ўзларининг рекетчилари бўлади¸ таксида кетсангиз¸ баъзан таксичиларнинг ўзи ҳам шундай бўлади. Чимкентдан ўтаëтган пайтда бўладида. Ҳозиргача ҳам бор. Таксичи билан гаплашиб¸ келишиб “Фалон сўм берамиз. Ўтириб ташла” дейсиз. У 1000-1500 танга сўрайди. Шундай бўлса ҳам йўлда тўхтатиб “Мана шу ерда туриб туринглар. Ҳозир иккинчи такси келиб чегарадан яширинча йўл билан олиб кетади” деб уйига оли кириб қолган пулни ҳам олиб қўйишади.

Озодлик: Сиз асосан қайси пул ўтказмаларини ишлатасиз?

Расулбек: Контакт.

Озодлик: Асосан долларда жўнатасизда-а?

Расулбек: Ҳа.

Озодлик: Нимага фақат долларда?

Расулбек: Курс тарафдан фойдали ҳам эмасда долларда жўнатмаслик. Бир рублнинг давлат баҳоси 40 сўм бўлса¸ бу ердан 1000 рубл юборсангиз¸ ўзимизнинг пулга 40 минг бўлади. Бу ердан 1500 рублга 50 доллар олиб юборсак¸ қора бозорда 100 мингдан ортиқ пул бўлади. Доллар выгоднода.

Озодлик:
Қанча ютаяпсиз шунда?

Расулбек: Ўзимизнинг давлат баҳосида 40 сўмдан бўлса¸ 90 минг бўлади. 50 доллар қилиб юборсангиз¸ у 110 минг бўлади. 20 минг фарқ ютяпмиз.

Озодлик: Энг катта ўтказган суммангиз қанча бўлган?

Расулбек: 3500 доллар.

Озодлик: Карточка деган нарса пайдо бўляпти? Шу ҳақда нима дейсиз?

Расулбек:
Бу ерда яхши. Ўзбекистонда карточка¸ ўқитувчилар ойлигини ололмаяпти. Карточка бўлса¸ яна аввалги нимага қайтсак керак. Ўзимиз олиб кетиш¸ бировлардан бериб юбориш. Тўғрисини айтсам¸ ўзимизнинг Тошкентдан яхши. Тошкентда Қорақалпоғистоннинг болалари бундай қилиб юра олмайди.

Озодлик: Нима чуун?

- Ментлар ушлаб “Нимага келдинг? Нима қиляпсан? Нима қилиб юрибсан? Документинг қани? Прописканг қани” деб¸ ўзимизнинг элимизда бу ерда юргандай юра олмаймиз¸ дейди Расулбек.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG