Линклар

Ўзбекистондаги тинчлик таги бўшашмоқда

  • Сарвар Усмон

"Глобал тинчлик индекси" тўрт йилдан бери дунëдаги тинчлик ва барқарорлик даражасини чамалаб келмоқда.

"Глобал тинчлик индекси" тўрт йилдан бери дунëдаги тинчлик ва барқарорлик даражасини чамалаб келмоқда.

2009 йили дунë бўйлаб тинчлик ва барқарорлик вазияти таҳлил этилган "Глобал тинчлик индекси" тадқиқоти муаллифлари рейтинги бўйича Ўзбекистон аввалги 106 ўриндан 110 ўринга туширилди. Бу эса¸ мамлакатдаги тинчлик пойдеворининг янада мўртлашганини англатади.


Тадқиқот авторлари жаҳоннинг 149 мамлакатидаги жиноятчилик даражаси, террор ҳуружлари эҳтимоли, қўшни давлатлар билан муносабатлар аҳволи, мудофаа мақсадларига сарфланаётган маблағ миқдори ва бошқа шунга ўхшаш омилларни ўрганган.

Рейтингда биринчи ўрин Янги Зеландияга берилган бўлиб¸ бу биринчилик¸ муаллифлар мезонича¸ бу мамлакатда тинчлик ва барқарорлик устунлари дунëда энг бақувват деганидир.

“Глобал тинчлик индекси” тадқиқотини тўртинчи йилдикир¸ Австралияда жойлашган Иқтисодиёт ва Тинчлик институти ўтказмоқда.

Тадқиқотчилар рейтингни тузиш учун 20 дан зиёд маҳаллий ва халқаро омилни ўрганиб чиқади.

Бу йил австралиялик олимлар БМТ, Халқаро Амнистия ва бошқа шу каби ташкилотлар тақдим этган маълумотларни ҳамда ўрганилаётган соҳалар бўйича экспертлар фикрларини таҳлилдан ўтказган.

Биринчи тадқиқот 2007 йили эълон қилинган бўлиб, бу йилгиси тўртинчисидир.

Иқтисодиёт ва Тинчлик институти бошқаруви раиси Clude McConaghy ортда қолган йил ҳақида гапирар экан, жумладан мана бундай деди:

- Умуман олганда, ўтган 12 ой ичида дунёдаги тинчлик даражаси ички, маҳаллий омиллар туфайли пасайди. Жаҳон бўйлаб қотилликлар сони ўсгани, коррупция кучайгани, сиёсий барқарорлик заифлашгани кузатилди. Буларнинг ҳаммаси дунё бўйлаб тинчлик даражасини, таъбир жоиз бўлса, 1 ёки 2 фоизга пасайтирди¸ деди Иқтисодиёт ва Тинчлик институти бошқаруви раиси Clude McConaghy.

У ёки бу давлатнинг рейтингдан ўрин эгаллашига ташқи омиллар ҳам таъсир қилди. Масалан, 2008 йил августида бўлиб ўтган Россия – Грузия қуролли тўқнашуви ва бу тўқнашув туфайли икки мамлакат ўртасида зиддиятнинг такрорланиши эҳтимоли сақланиб қолиши Россияни 143-ўринга тушириб қўйди.

Террор хуружларининг кўплиги, аҳолиси орасида қочқин ва кўчкинларнинг кўплиги, ҳудудида Халқаро кучлар мавжудлиги туфайли Афғонистон рейтинг охиридаги Ироқдан икки нуқта юқоридаги ўрин – 147-ўриндан жой олди.

Қўшни Покистон эса, бу йил аввалги йилги рейтингдаги ўрнидан 3 нуқта пастлаб 145-ўринга тушиб қолди.

Рейтингга кўра¸ Қозоғистон Марказий Осиёдаги энг тинч мамлакатдир. У 95-ўринда.

Айни пайтда Ўзбекистон 2009 йилги кўрсаткичлар бўйича “Глобал тинчлик индекси”да 110-ўринни эгаллаган.

Тинчлик ва барқарорликнинг зарурлиги ҳақида Ўзбекистон расмийларидай кўп гапирадиган, тинчлик барқарорликнинг мавжудлигидан Ўзбекистон расмийларидай кўп мақтанадиган бўлмаса керак.

Қолаверса, ҳар бир ўзбек ҳам ҳар гал қўлини дуога очар экан, оиласи ва юртига Оллоҳдан тинчлик тилайди.

Чунки, дейди ўзбекистонлик бир социолог олим, ўзбеклар тарихда муттасил зулм остида яшаб келган. Мазлумлик ўзбекнинг барқарор ҳолати. Мамлакат ҳудуди учта хонликка бўлинган даврда ҳам, ундан олдин ҳам, ундан кейин ҳам ўзбек жамиятида эркинлик бўлмаган. Зулмдан бироз холироқ яшашни миллат тинч яшаш, деб тушуниб келган ва ҳар гал ўрни келсаям, келмасаям тинчликни тилайвериш ана шундан.

“Глобал тинчлик индекси”да берилган баҳо Ўзбекистон ҳукуматига берилган баҳодир, дейди олим.

- Қўшнилари билан муносабати, милиция ва ҳарбийларни кучайтиришга зўр беришига қараб, Ўзбекистонни чиндан ҳам агрессив давлат, дейиш мумкин, дейди социолог олим.

Келинг, энди, дунёнинг ишларидан хабари бор, лекин касб-корига кўра миллионлаб ўзбекдан фарқ қилмайдиган бир фермер билан ўтказганимиз мулоқотни эшитинг.

Суҳбатдошимиз – наманганлик фермер Шуҳрат ака.

Озодлик: Бир миллат сифатида жуда тинчликсевармиз. Лекин ҳукумат нимага бунақа ўринга тушиб қолди?

Шуҳрат ака: Менинг назаримда¸ ҳақиқатан ëтсак ҳам¸ турсак ҳам тинчлик бўлсин деб дуо қиладиган халқмиз. Давлатнинг ҳарбий доктринаси ўзининг халқининг менталитетига мос бўлиши керак. Яъни бизлар тинчликсевар давлатларнинг олдинги қаторларида бўлишимиз керак агар халқимиз менталитетига мос давлат бўлганимизда. Фуқаро сифатида кўчаларда¸ бозорларда юрамиз. 10 та оддий халқ бўлса¸ иккита-учта ë солдат¸ ë милиция ë бошқа формадаги одамни кўп кўрамиз. Шундан кўриниб айтиладики¸ шунинг бизда сони кўпроқмикан. Ҳар қандай оила бой бўлиб кетса¸ уйига битта яхши итни боғлаб қўядики¸ ҳовлимни қўриқлайди деб. Лекин ўша ҳовлига тўртта-бешта итни боғласа¸ ҳалиги одамнинг топган пули қўриқчи итларни боқишга етмай қолиши мумкин.

Озодлик: Балки сиз айтган даражада ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларини сақлаш¸ уларни вақтида ойлик билан таъминлаш – шунга қандайдир бир таҳдидлар бордирки шундай қилаëтгандир. Ëки ҳукумат адашяптими? Ҳукумат ўйлаганчалик таҳдидлар йўқми?

- Менинг назаримда¸ 1993-1994 йиллардан бери "Соқол қўйган художўйлар¸ исломчилар¸ мужоҳидлар кўпаяяпти¸ ҳар хил оқимлар кўпаяяпти" деб расмий матбуотда кўпайиб кетди. Лекин мен 15-16 йилдан бери бирорта шунақа одамнинг менинг ҳаëтимга ëки маънавиятимга дахл қилганини кўрганим йўқ. Лекин “У ердан ўтяпти. Бу ердан ҳужум қиляпти” деб халқнинг ичида ваҳимага ўхшаган нарса бор. Лекин реал кўрганим йўқ. Менинг назаримда¸ ваҳима қиладиган даражада бизнинг давлатимизга¸ халқимиз манфаатига таҳдид қиладиган кучлар шу даражада йўқ. Лекин нималарнинг сонини оқлаш учун расмий матбуотда бўрттириб кўрсатилаëтганга ўхшаяпти. Бундан ташқари “Мана тинч яшаяпмизку. Ҳаëтимиз яхши ўтмаëтган бўлса ҳам бизда уруш бўлмаяптику. Тинчлик бўляпти” деган гап жуда кўп учрайдида. Миннат қилинадиган даражага боряпти. Лекин биз бу тинчлик учун қанча товон тўлашимиз керак? Неча йиллаб ëмон яшашимиз керак? Ахир умр ўтяпти¸ дейди Шуҳрат ака.

Суҳбатдошимиз куйиниб ўртага ташлаган сўнгги саволларга аниқ-тиниқ жавоб берилган тақдирда Ўзбекистон "Глобал тинчлик индекси" рейтингидаги юқори ўринларга кўтарилиб кетса керак.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG