Линклар

Жума куни Тошкентда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги саммити бошланди. Ташкилотнинг айнан Тошкент йиғинида ўз аъзолари сонини кўпайтириш қоидаларини қийинлаштириши кутилаëтгани боис¸ унда Эрон ва Ҳиндистон раҳбарлари иштирок этмаëтир.



Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг 11 июн кунги саммити ташкилотга аъзо давлат раҳбарлари даражасидаги 10 - учрашув бўлади.

Ўзбекистон раислигида ўтадиган саммитда иштирок этиш учун ШҲТга аъзо Хитой, Россия, Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистон раҳбарлари¸ шунингдек кузатувчи мақомидаги айрим давлат раҳбарлари 10 июн куни бирин-кетин Тошкентга келди.

Жума куни бошланадиган йиғин кун тартибидан, икки муҳим ҳужжат: янги аъзоларни қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом ва ШҲТ процедуралари қоидаларининг муҳокама қилиниб, қабул қилиниши кутилмоқда.

Айнан ана шу масалаларнинг муҳокама этилиши билан Тошкент 2010 саммитининг ШҲТнинг аввалги йиғинларидан фарқ қилиши айтилмоқда.

Янги аъзоларни қабул қилиш тартиби саммит иштирокчилари томонидан маъқулланса, бу ташкилотга янги аъзоларни қабул қилишга жорий қилинган мораторийни бекор қилади, лекин айни пайтда ШҲТда кузатувчилик мақомига эга бўлган ва унга тўлақонли аъзо бўлиб киришга умид қилиб келган Эрон, Ҳиндистон ва Покистон каби давлатлар учун тўлақонли аъзолик истиқболларини йўққа чиқаради. Чунки янги тартибга кўра, халқаро санкциялар жорий қилинган ва бошқа давлатлар билан ҳудудий баҳслари бўлган давлатлар ташкилотга қабул қилинмайди.

Саммитни ёритиш учун Тошкентга келган Россиянинг “Время Новостей” газетаси халқаро шарҳловчиси Аркадий Дубнов, мазкур ҳужжат айнан Тошкент саммитида муҳокама қилинаётгани бежиз эмас, деган фикрда.

- Бу саммитда имзоланиши кутилаётган ҳужжатлардан бири Эроннинг бу ташкилотга аъзо бўлиши учун эшикларни ёпиб қўяди. Чунки Эронга нисбатан БМТ санкциялари жорий қилинган. Боз устига, Тошкент саммити арафасида БМТ Хавфсизлик кенгаши Эронга нисбатан тўртинчи давра санкцияларини жорий қилиш бўйича резолюция қабул қилди. Ўзи янги аъзоларни қабул қилиш тартиби ҳам айнан Эроннинг ШҲТга аъзо бўла олиш умидларини пучга чиқариш учун ишлаб чиқилди, дейди Дубнов.


Тошкентда иш бошлаган ШҲТ давраси.
Москвадаги Жамоатчилик ҳуқуқини тадқиқ қилиш маркази директори Аждар Куртов фикрича, Ғарб билан муаммолари бўлган Эрон ШҲТга тўлақонли аъзо бўлиш орқали мавқеини ошириш таъмасида бўлган. Бу эса шундоқ ҳам халқаро майдонда ҳали яхши ўрнашиб улгурмаган ташкилот учун муаммо ярата бошлади.

- Бу ташкилот дунёнинг иккита йирик давлати ва БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзолари Россия ва Хитойни расман бирлаштиради. Бу вазиятда эса, баъзи давлатлар ташкилотга тўлақонли аъзо бўлиш орқали ўз мавқеини оширишга умид қилиб келди. Хусусан, Эрон ва Покистон ташкилотга аъзо бўлиш ниятларини кўпдан бери айтиб келади. Айнан ана шу сабабдан ШҲТ янги аъзоларни қабул қилишга мораторий эълон қилган эди. Шунинг учун Тошкентда муҳокама қилинадиган ҳужжатга Эроннинг ташкилотга аъзо бўлиши имконларини бутунлай йўққа чиқарадиган шартлар киритилди. Буни билган Эрон президенти Аҳмадийнажод Тошкентга келмади, дейди Куртов.

Тошкент саммитида кузатувчи мақомидаги Ҳиндистон раҳбари ҳам қатнашмаяпти.

2005 йилда Эронга ШҲТда кузатувчи мақоми берилганида ташкилотга аъзо давлатлар, айниқса Россия Эрон, Покистон ва Ҳиндистон каби давлатларнинг кузатувчилик мақоми ШҲТнинг халқаро майдонда нуфузи ошиб бораётганидан дарак эканини таъкидлаган эди. Бундай мулозаматдан хурсанд бўлган ва ШҲТдан Ғарб билан мунозараларида минбар сифатида фойдаланишга умид қилган Теҳрон 2008 йилда ташкилотга тўлақонли аъзо бўлиш учун расман ариза топширган эди.

Кейинги йилларда халқаро сиёсатдаги майдонда вазиятнинг ўзгариши Эронни ШҲТ аъзолиги учун исталмаган давлатга айлантирди.

“Время Новостей” газетаси шарҳловчиси Аркадий Дубнов гапиради.

- Ҳеч ким ўз ташкилотига бошқа бир давлатни ер юзидан сидириб ташлаш билан таҳдид қилаётган давлатни доимий аъзо сифатида қабул қилишни истамайди. Мен Аҳмадийнажод ва унинг “Исроилдаги сионист режимини” ер юзидан ўчириб ташлаш қабилидаги баёнотларини назарда тутяпман. Бу ҳақда кеча, саммит арафасида Россия президенти Дмитрий Медведев ҳам аниқ айтди. Бу қабул қилиб бўлмайдиган ҳол ва ШҲТ ичида радикаллашувга олиб келадиган вазиятни яратишга ҳожат йўқдир. Эронга кузатувчи мақоми Аҳмадийнажод ҳокимият тепасига келишидан аввал берилган эди. У президент бўлганидан кейин эса, у билан ишлашнинг анча мушкул эканлиги аён бўлди. Бундан ташқари, янги тартибга кўра, бошқа бир давлатга нисбатан ҳудудий даъволари бўлган давлатларнинг ҳам ШҲТга қабул қилинмаслиги кўзда тутилган. Бу эса, кузатувчи мақомига эга ва ўзаро ҳудудий даъволари бўлган Покистон ва Ҳиндистоннинг ҳам ташкилотга аъзо бўла олмаслигини англатади, дейди россиялик таҳлилчи.

Айни пайтда, ШҲТнинг жорий аъзолари ўртасида ҳам норасмий бўлса-да, ўзаро ҳудудий даъволар ҳамда бошқа муаммолар бор ва бу ташкилотнинг асосий бошоғриқларидан биридир, дея давом этади Дубнов.

- Бундан ташқари, бу ташкилот бошида Ўзбекистоннинг иштирокисиз тузилган эди. ШҲТ Хитой ва собиқ иттифоқ мамлакатлари ўртасидаги чегараларда хавфсизликни таъминловчи механизм давомчиси сифатида тузилган эди. Булар Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистондир. Ўзбекистон эса ШҲТга 2001 йилда охиргиларида қабул қилинган. Ва ҳозирда кўпчилик дипломатлар ўзаро суҳбатларда, Тошкентнинг ташкилотга аъзо қилинганининг хато бўлгани, Ўзбекистон қўшни давлатлар билан муаммолари боис ташкилот ичида таранглик яратганини¸ айтишади. Мен бу фикрларга қўшиламан, дейди “Время Новостей” газетаси халқаро шарҳловчиси Аркадий Дубнов.

Тошкент саммитида қабул қилиниши кутилаётган ШҲТ процедуралари қоидаларига оид ҳужжат, халқаро тузилма сифатида шу пайтгача қарор қабул қилиш тартибини белгилаб берувчи муҳим қоидаларсиз фаолият юритиб келган ШҲТ учун фойдадан холи бўлмади, дейди таҳлилчи Аждар Куртов.

- Бу ҳар қандай ташкилотнинг ишчи низомига тенг келадиган ҳужжатдир. Яъни прцедуралар қоидаси нафақат энг юқори даражада, балки ШҲТ доирасидаги ҳар қандай структура даражасида қарорлар қабул қилиш қоидасини белгилаб беради. ШҲТнинг бундай ҳужжатсиз фаолият юритиб келгани ташкилотнинг обрўсига яхши бўлмаган. Чунки бундай ҳолда ҳар қандай ташкилот шунчаки йиғилиб, декларациялар қабул қилиш билан шуғулланиши мумкин холос, амалда эса ҳеч қандай натижалар бўлмайди, дейди Москвадаги жамоатчилик ҳуқуқини тадқиқ қилиш маркази директори Аждар Куртов.

Ана шу иккита ҳужжат муҳокамаси ва уларнинг қабул қилиниши ҳисобга олинмаганда, ШҲТнинг навбатдаги саммитидан Ўзбекистон пойтахтида кўрилган хавфсизлик чоралари боис тошкентликлар учун ноқулайликлар яратишидан бошқа амалий натижаларни кутиш қийин, дейди таҳлилчилар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG