Линклар

logo-print

Ўшдаги зўравонликларда 26 киши нобуд бўлди



Ўш шаҳрида рўй берган зўравонликлар оқибатида, сўнгги маълумотларга кўра, камида 26 киши, жумладан аёллар ва ёш болалар нобуд бўлган.

Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги тарқатган хабарга кўра, шу соатгача 450дан ортиқ шахс турли тан жароҳати билан маҳаллий шифохоналарга ётқизилган.

Воқеа гувоҳларининг билдиришича, Ўшда асосан ёшлардан иборат гуруҳлар ўртасида тўқнашувлар юз берганидан сўнг улар дўконларни талон-тарож қилган, кўчада турган енгил машиналарни ёқиб, уйларга ўт қўйган.

Зўравонликларда мингга яқин одам қатнашгани айтилмоқда. Гувоҳларнинг Озодлик радиосига билдиришича, Ўш шаҳрининг турли туманларида ўқ овозлари эшитилмоқда.

Бугун телевидение орқали чиқиш қилган Қирғизистон ўтиш даври президенти Роза Ўтунбаева мамлакат аҳолисини осойишталикка чақириб, Ўшда вазият барқарорлашганини билдирди.

- Биз қўллаган чоралар натижасида Ўш шаҳридаги бузғунчилик ҳаракатларини тўхтатишга муяссар бўлинди. Бу мақсадда ҳавога ўқ узилди ва шаҳар кўчаларига бронетехника киритилди, деди Роза Ўтунбаева.

Бундан ташқари Қирғизистон муваққат ҳукумати жумага ўтар кечаси Ўшда фавқулодда ҳолат эълон қилди.
XS
SM
MD
LG