Линклар

Олмаотада қочқинлар йўқолмоқда


Қозоқ ҳуқуқ ҳимоячилари¸ ўзбек қочқинларини Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси олиб кетаëтганини таъкидламоқда.

Қозоқ ҳуқуқ ҳимоячилари¸ ўзбек қочқинларини Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси олиб кетаëтганини таъкидламоқда.

Қозоғистонда бошпана изловчи мақомида юрган ўзбек қочқинларини ов қилиш давом этмоқда. 11 июн куни Олмаотада қочқинлардан бирининг фуқаро кийимидагилар томонидан ушлаб кетилгани, яна бирининг эса, пайшанба куни бедарак йўқолгани маълум бўлди.



Ўзбекистондаги таъқиблардан қочиб¸ учинчи давлатдан бошпана олиш ниятида Қозоғистонга ўтган ўзбек диндорларига нисбатан 9 июн куни Олмаотада қозоқ ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан бошланган ов ҳамон давом этмоқда. Олмаотадаги ўзбек қочқинларидан бири Озодлик мухбирига 11 июн жума куни яна бир ўзбек қочқинининг фуқаролик кийимидаги кишилар томонидан қўлга олиниб, номаълум йўналишда олиб кетилганини маълум қилди.

- Эрталаб биз ҳаммамиз йиғилдик УВКБ ООН олдига йиғилдик, соат 10 яримларда. УВКБ ни олдида “Silk Way” деган катта гипермаркет бор. Шунинг ичида, иккинчи қаватда Интернет-кафе бор. Шу ерга Жалолхонов Саидакбар билан яна бир нечта қочқин кирган Интернетда ишлаш учун. Компютерда ўтирган пайти, иккита одам келиб, биз миграция ҳодимларимиз, деб документини сўраган Саидакбарнинг. Документини кўриб, юринг биз билан, деб машинага ўтказиб олиб кетган. Уни кўрган бошқа қочқинлар, “Улар КНБ ходимлари эди, биз уларни таниймиз, улар бизни ушлаган ҳодимлар эди”, дея айтишаяпти. Уни миграция департаментига олиб кириб кетишаётганини кўришибди, ўша ердан бир қочқин чиқиб кетаётган пайти кўрибди, дейди ўзбек қочқинларидан бири.

Унинг қўшимча қилишича, ўзбек қочқини Жалолхонов Саидакбарни қўлга олишдан аввал, граждан формасида бўлган кишилар уни бир неча соат давомида кузатиб туришган. Қўлга олинган ўзбек қочқини Жалолхонов Саидакбар, БМТ нинг қочқинлар иши бўйича Олмаота ваколатхонасида томонидан берилган бошпана изловчи шахс сертификатига эга бўлиб, қозоқ миграция департаментида ҳам рўйхатдан ўтган бўлган.

Озодлик мухбири билан суҳбатда бўлган ўзбек қочқинининг айтишича, кеча Олмаотада яна бир ўзбек қочқини бедарак йўқолиб, ҳозирда унинг қаерда экани номаълумлигича қолмоқда.

- Кеча кечқурун йўқолиб қолган битта қочқин, Холбоев Шуҳрат деган. Уйига келиши керак бўлган кечқурун, уйига келмасдан йўқ бўлиб қолган, йўқолиб қолган. Қидирувда бўлган. Миграцияга документини топшириб қўйиб, олишга борганида, ўша ерга олиб кириб кетиб қолишган. Денис Живага деган инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси ҳаракат қилиб, бориб, уни олиб чиқиб, документларини тўғирлаб, ҳаммасини қонуний қилиб чиқаришган эди. Кеча кечқурун оилалари безовта бўлиб телефон қилишганди, йўқолиб қолибди ўша одам, дейди ўзбек қочқини.

Озодлик мухбири билан суҳбатда бўлган инсон ҳуқуқ ҳимоячиси Денис Живага, бугун граждан кийимидаги кишилар томонидан қўлга олинган ва 10 июн куни бедарак йўқолган ўзбек қочқинларининг Қозоғистон миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан қўлга олинганига шубҳа қилмаслигини айтади.

- Бу ерда Қозоғистон махфий хизматларининг қўли борлигини аниқ, дейди ҳуқуқ ҳимоячиси. Ўзбек қочқинларини қўлга олиш яна давом этиши мумкин. Энг асосийси, ҳозир қочқинларни бир-иккита қилиб ушлаб, Ўзбекистонга бериб юбормасликларига эришиш лозим. Аммо бундай бўлмаслигига ҳеч ким кафолат беролмайди. Бунинг учун ҳар бир ўзбек қочқини ёнига қўриқчи қўйиш керак бўлади, дейди Денис Живага.

Эслатиб ўтсак, 9 июн куни Олмаотада 50 га яқин ўзбек қочқини қўлга олинганди. Уларнинг 25 таси ҳозиргача қозоқ ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ҳибсда сақланмоқда.

11 июн куни ўша 25 қочқин Олмаота шаҳри Ички ишлар департаментининг тергов ҳибсхонасига ўтказилгани ва улар устидан тергов ишлари бошлангани маълум бўлди. Ўзбек қочқинлари Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ва Бош прокуратураси сўрови асосида, қозоқ махфий хизматлари томонидан қўлга олинган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG