Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:16

Каримов қирғиз халқига ҳамдардлик билдирди


ШҲТ нинг Тошкент саммитига раислик қилган Ўзбекистон президенти Қирғизистондаги вазият хусусида ташвиш билдирар экан¸ қирғиз халқи билан бирдамлигини айтди¸ уларга ҳамдардлик изҳор қилди. Тошкент раҳбари Ўшдаги воқеаларнинг Қирғизистон ички иши эканига шама қилди.


Қирғизистон жанубидаги миллатлараро низо Ўзбекистон пойтахти Тошкентда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг саммити ўтаётган бир пайтда рўй берди ва муваққат ҳукумат раҳбари Роза Ўтунбоева¸ мамлакат жанубида миллий асосдаги низо бошланганини тан олишга мажбур бўлди.

Саммитда Қирғизғистон жанубидаги вазиятдан хавотир билдирилди ва ташкилотнинг вазиятни барқарорлаштириш ҳамда Қирғизистон ҳукуматининг қонунийлигини таъминлаш йўлида ҳар томонлама кўмак беришга тайёр экани таъкидланди.

Саммитга мезбонлик қилаётган Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Қирғизистондаги вазиятдан ташвишда эканлигини айтиб, қирғиз халқига бирдамлик изҳор қилди.

- Саммит декларациясида бу воқеаларга нисбатан умумий позициямиз акс этди. Биз қирғиз халқига қўлиқ ҳамдардлигимизни билдирамиз ва бу республикадаги мураккаб вазият юзасидан ташвиш изҳор қиламиз, деди жумладан саммитга раислик қилаëтган Ислом Каримов.

Ўз чиқишида Тошкент раҳбари Қирғизистон жанубидаги воқеалар мамлакатнинг ички иши деб айтилган Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг апрел ойидаги баёнотини такрорлаган.

- Қирғизистон борасидаги ўзининг қисқагина баëнотида Ислом Каримов Қирғизистондаги 7 апрел кунги воқеалар борасидаги Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг 9 апрел кунги расмий баёнотини такрорлади. Яъни Каримов Қирғизистондаги ҳодисалар мамлакатнинг ички ишидир¸ деб айтди. Бундан келиб чиқадики¸ ташқи кучлар Қирғизистон жанубидаги вазиятни барқарорлаштиришга аралашмоқчи эмас, дейди ШҲТ саммитини ёритаётган россиялик журналист Аркадий Дубнов.

Тошкентда ўтаётган ШҲТ саммитида қатнашаётган Қирғизистон делегациясига ушбу давлат Ташқи ишлар вазири Руслан Қозоқбоев раҳбарлик қилмоқда. У саммит қатнашчиларига Қирғизистон жанубида юзага келган вазият ва юзага келган тарангликни юмшатиш, низонинг катталашиб кетиши олдини олиш учун муваққат ҳукумат барча имкониятларни сафарбар этаётганини билдирди.

Россия президенти Дмитрий Медведев ҳам Қирғизистондаги вазият ҳақида гапирди ва ШҲТ вазиятни кузатиш учун Қирғизистонга махсус кузатувчилар гуруҳини юборишини билдирди.

- Қирғизистон Шанхай ҳамкорлик ташкилоти асосчиларидан биридир ва бу давлат иттифоқчимиз, яқин ҳамкоримиз ҳамдир. Қирғизистондаги ички низолар иложи борича тезроқ барҳам топиши ва ижтимоий-иқтисодий муаммоларни еча оладиган ҳукуматни шакллантириш жараёни тезроқ амалга ошишидан манфаатдормиз, деди Россия президенти Дмитрий Медведев.

ШҲТга раислигини қўлга олаётган Қозоғистон Қирғизистонда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш асосий вазифалардан бири бўлишини қайд этди.

Тошкентдаги саммитда қатнашаётган Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Қирғизистон тинчлик ва барқарорликни қарор топтириш учун бу мамлакатга ҳам гуманитар ҳам молиявий ёрдам бериш керак деган таклифни илгари сурди ва бу ШҲТга Қозоғистон раҳбарлик қиладиган даврида устивор вазифа бўлажагини урғулади.

Қирғизистон муваққат ҳукумати раҳбари Роза Ўтинбоева миллий телевидение орқали мурожаатида Ўшдаги воқеалар ҳақида гапира туриб қонли низонинг Тошкентда ўтаётган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити билан айни кунга тўғри келгани бежиз эмаслигини таъкидлади.

- Ҳозир ШҲТ саммити бўлиб ўтмоқда. Энди мана шу барча ўйинларни бошлаганларнинг узоқни кўзлаган ниятларини тасаввур этаверинг, деди Ўтинбоева. Аммо сўнгги чиқишида муваққат ҳукумат раҳбари бу мамлакатдаги ички кучлар иши бўлиши мумкинлигини қайд этди.

Россиялик таҳлилчи Санобар Шерматова фикрича, қирғиз муваққат ҳукумати раҳбари тахминларида жон бор.

- Қўшни давлат етакчилари, шунингдек Россия ва Хитой раҳбарлари ШҲТ саммитига йиғилар эканлар¸ кузатаётганимиз воқеалар сценарийси муаллифлари Қирғизистон жанубида кенг кўламдаги миллий низо оловини ёқсак¸ қўшни давлатларнинг ўз қўшинларини мамлакатга киритиш каби радикал чоралар қўллашдан бошқа чораси қолмайди¸ деб ўйлаган бўлишлари эҳтимолдан холи эмас.Сабаби қўшин киритиларкан¸ муваққат ҳукумат обрўси ер билан баравар бўлиши тайин ва уюштирувчилар айнан мана шунга кўз тиккан бўлишларини тахмин қилиш мумкин, дейди Санобар Шерматов.
XS
SM
MD
LG