Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:19

Ўшда ўзбек телеканаллари тўхтатилди


Ўш кўчалари ҳарбий кучлар назоратида турган бир маҳал¸ маҳаллий телевидение табиат ҳақида дастурлар берди.
Ўш кўчалари ҳарбий кучлар назоратида турган бир маҳал¸ маҳаллий телевидение табиат ҳақида дастурлар берди.

Шаҳар миллий асосдаги қонли тўқнашувлар гирдобига тортилаëтган бир пайтда¸ маҳаллий ҳокимият сўрови билан Ўшдаги ўзбек тилидаги телеканаллар ўз дастурларини тўхтатди¸ ахборот узатиш ташаббусини эса блогер ва твиттерчилар ўз қўлига олди.


- ”Мезон”, ЎшТВ”лар кўрсатмаяпти. Асосан Бишкек каналларини кўрсатаяпти - КТР, ЭлТР, 5-канал. Улар ҳаммаси маркази Бишкекда жойлашган. Улар ҳам жудаям бир томонлама маълумот бераяпти¸ деди Ўшдан Озодликка сим қоққанлардан бири.

Дарҳақиқат¸ 11 июн куни "Ўш Тв”, “Мезон”, “Пирамида” ва “ДДД” телеканаллари раҳбарияти маҳаллий ҳокимият илтимосига кўра ўз фаолиятини вақтинча тўхтатганини билдирди.

“Мезон ТВ” телеканали раҳбари Жавлон Мирзахўжаев бу қарорга шундай изоҳ беради:


- Кеча "Мезон ТВ" офисимизга хуруж қилинди. Ойналар синдирилди. Бугун яна бир қанча одамлар телефон орқали одамларни қўрқитишга ҳаракат қилди, бизнинг ишчиларимизни. Бу ечимга келишимизнинг асосий сабаби - бизда ишлаётган ходимларнинг жонини сақлаб қолиш. Шунинг учун бугун “ЎшТВ”, “МезонТВ” раҳбарлари, ўзимиз келишилган ҳолда, ундан ташқари мэрия ходимлари телефон қилишиб, агар имконият бўлса тўхтатиб турсанглар яхши бўларди¸ деган фикрларини билдиришганди. Шу учун ишимизни вақтинчалик тўхтатдик, деди Озодлик билан суҳбатда "МезонТВ" раҳбари Жавлон Мирзахўжаев.


Қирғизистон муваққат ҳукумати раҳбари Роза Ўтунбоева халққа қилган мурожаатида Ўшда икки миллий жамоа ўртасида тўқнашув юзага чиққанини тан олиб турган бир пайтда¸ бу воқеаларни ëритиш оммавий ахборот воситалари учун жиддий муаммога айланмоқда.

Воқеаларни ўз номи билан аташ миллий низо оловига ўт қўйиши мумкинлиги¸ айтмаса¸ воқеаларни объектив ëритиш миссиясига хилоф бўлиши айни пайтда жиддий ахборот воситаларини ўйлантираëтган жумбоқдир.

Ўшдаги қонли воқеалар ҳақида биринчи бўлиб хабар тарқатган “Фарғона.ру” ахборот агентлиги раҳбари Даниил Кислов бундай воқеаларни ўта эҳтиёткорлик билан ёритиш лозимлигини айтади.

- Биз буни икки миллий жамоа ўртасидаги низо деб атамоқдамиз. Бунинг сабабларини ҳали ўрганиш керак. Ана шу сабабларнинг қандай бўлишидан бу воқеаларнинг номи келиб чиқади. Рус тилидаги матбуотда хатолар кўп. Ўшдаги ўзбек жамоасини ўзбек диаспораси деб бериб ётибди. Бу умуман хато.Ўзбеклар жанубда доим яшаб келган, улар қирғиз давлатчилигининг ажралмас қисми. Матбуот ёритаётганда ортиқча айбловларсиз ёритиши керак. Ҳозир на қирғизларни, на ўзбекларни айблаш керак. Фақат эҳтиёткорлик билан ёритиш даркор, дейди Ўшдаги қонли воқеаларни дақиқама-дақиқа ëритаëтган “Фарғона.ру” ахборот агентлиги раҳбари Даниил Кислов.

Кисловга кўра, аксар оммавий ахборот воситалари Ўшдаги воқеаларни айрим доиралар манфаатидан келиб чиққан ҳолда ëритаëтган бир пайтда¸ интернетда ўз кундалиги - блог орқали турли воқеаларни ёритиб турувчи қирғизистонлик блогерлар бу тўполонларни ëритишда эҳтиросларга берилмоқда.

- Қирғиз блогерлари баъзан ўзлари гувоҳи бўлмаган Ўшдаги воқеаларни ёзишиб, унга эҳтиросга берилиб шарҳлар ёзишаяпти. Бу ўзаро нафратни кучайтираётир. Ҳозир мана шундан узоқроқ бўлиш керак, дейди Фарғона.ру ахборот агентлиги раҳбари Даниил Кислов.

Ўшдаги тартибсизликлар нафақат блоглар¸ балки Твиттер каби микроблог тизимида ҳам ёритилмоқда. Бироқ Твиттерда бу сафар Қирғизистонда апрел ойида бўлган воқеаларни ёритган каби фаоллик кўринмаяпти. Қирғизистонлик блогер ва твиттерчи Мирсулжан Намазалиев буни шундай изоҳлайди:

- Блогер ва твитерчилар у қадар кенг ёритмаётганлигининг сабаби Ўш шаҳрида блог ва твиттер фойдаланувчилари жуда кам. Шу сабаб уларнинг кўпчилиги форумларда Ўшдан ахборот, расм беришмоқда. Энг машҳур форум бу албатта diesel.elcat.kg форумидир. Акипресс, 24.kg, kloop.kg кабилар ахборотларни соатма-соат бериб туришибди, дейди Мирсулжан Намазалиев.

Бу суҳбатдошга кўра¸ қирғиз матбуоти Ўш воқеаларини бир тарафлама ëки ниҳоятда эҳтиёткорона ëритаëтганини айтади.

- Газеталар бу воқеаларни ёритганича йўқ. Эртага чиққан сонида кузатиш керак энди қандай ёритилганини. Аниғи ҳозирча, Ўшда маҳаллий телеканаллари ҳам, марказий телеканалларнинг кўпчилиги ҳам тўхтатилган. Марказий телеканаллардан “КТР” билан “ЭлТР” кўрсатилмоқда, деди қирғизистонлик блогер ва твиттерчи Мирсулжан Намазалиев.
XS
SM
MD
LG