Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:15

Ўш вилоятидаги воқеалар: кун манзараси


Кўпчилик ўшликлар учун шаҳар кўчаларидаги ҳарбийлар таҳдид манбаи бўлиб кўринмоқда.
Кўпчилик ўшликлар учун шаҳар кўчаларидаги ҳарбийлар таҳдид манбаи бўлиб кўринмоқда.

Ўшда "қонли жума" тугаб¸ вилоятга яна тун қоронғулиги чўкди. Вилоятнинг аксар туманлари кунни Ўш шаҳридан кўра тинчроқ ўтказган бўлса-да¸ қонли воқеалардан саросимага тушган одамлар кўнглига тунда бизни нималар кутмоқда¸ деган қўрқув кўланка ташлаб турибди.

11 июн – кун давомида Озодликка ўнлаб ўшлик қўнғироқ қилди.

Баъзи ўшликлар билан ўзимиз боғландик.

Ўшликларнинг айтишича, шаҳарнинг аксар маҳаллаларида тартибсизликлар юз бергани йўқ.

Лекин шаҳар четидаги Фурқат мавзеида, шаҳар марказидаги баъзи маҳаллаларда, айниқса шаҳарнинг Черемушки мавзеида юз берган тартибсизликлар бутун шаҳар аҳолиси кайфиятини белгилаб берди.

Ўшлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Иззатулло Раҳматуллаев мана буларни айтиб берди:

- Кеча кечки пайт соат 9 ларда тўртта ўзбек ëшлари билан тўртта қирғиз ëшлари урушиб кетган. Шу баҳона миллий жанжал келиб чиқиб ҳозирги маҳалгача давом этяпти. Шаҳарда ўзбекларга тегишли бўлган мулкларга ўт қўйилди. Ўлганлар бор¸ ярадорлар бор. Вақтли ҳокимият тўлиғича вазиятни назоратга ололмаяпти.

Озодлик: Эрталабдан бери ўз кўзингиз билан кўрган воқеаларни тасвирлаб берсангиз. Мана эрталаб турдингиз. Шундан бошлаб нималарни кўрдингиз?

- Эрталаб Фрунзейскийдаги иккита супермаркетнинг ëнаëтганига гувоҳ бўлдим. Ундан нарига милиция ходимлари ўтказишмади. Қайтиб келиб халқ дипломатияси деб маҳалла-кўйдаги ўзбек оқсоқоллари билан қирғиз оқсоқолларини йиғиб¸ ўртада бир қирғиз-ўзбек халқини муросага келтирайлик¸ деган тадбирлар ўтказдик. Ўзимнинг кўрганим фақат шу. Қолганларини кўзим билан кўрганим йўқ. Телефон орқали боғланиб турибмиз¸ дейди ўшлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Иззатулло Раҳматуллаев.

Ўшнинг Черемушки мавзеидан бир неча қўнғироқ келди.

Телефон қилганлардан бири мана бундай ҳикоя қилди.

- Бутун Черемушки ҳозир ëняпти. Ўрта ҳисобда 30-40 фоиз уй ëняпти. Ўчиришнинг иложи йўқ. Ўт ўчирувчилар йўқ. Лекин булар у ëққа кетиб барибир талончилик ва убийствой занимается. Булар нега бундай қилишди биз уларга нападение қилмасак? Олдида автоматчиклар. Агар автоматчиклар бўлмаса¸ биз ўзимиз тўхтатсак бўларди. Лекин автоматчиклар борлиги учун уларни тўхтатишнинг иложи йўқ эди. Биринчи қатордагилар бизнинг ëш болаларни отиб ташлади. Ҳозир жуда ҳам кўп талофат. Мана ëнимизда битта келинни ҳам ўлдириб чиқиб кетишди¸ дейди Ўшнинг Черемушки мавзеидан телефон қилганлардан бири.

Шаҳар четидаги Фурқат қишлоғида жума намози ўқилаётган соатда юз берган воқеалар тўғрисида бир фурқатлик мана бундай ҳикоя қилди.

- Ҳозир тинчиди¸ лекин жуда катта талофатнинг ҳисобига тинчиди.

Озодлик: Нима бўлди? Қанақа талофат бўлди?

- Ўзбекларнинг беш-олтита уйи куйиб кетди. 10 тача қонга бўялган¸ лойга бўялган одамни машиналарга юклаб касалхонага олиб кетишди. Ўликми тирикми билмайман¸ дейди фурқатликлардан бири.

Суҳбатдошларимиз айтиб берган воқеалар тўғрисида бошқа бир неча черемушкалик ва бир неча фурқатлик айни гапларни айтиб берди.

10 июндан 11 июнга ўтар кечаси бошланиши биланоқ Ўш шаҳри, Қорасув, Ўзган ва Аравон туманларида комендантлик соати жорий этилгани тўғрисида хабар қилинди.

11 июн кунги Ўзгандаги вазият тўғрисида ўзганлик суҳбатдош мана бундай хабар қилди:

Озодлик: Ҳозир Ўзганда соат 3 дан 5 минут ўтди. Шу соатдаги вазият қандай?

- Ўзганда вазият тинч¸ Худо хоҳласа. Ҳеч ер ишламаяпти. Одамлар йўқ¸ кўча бўм-бўш. Ҳамма паникада юрибди. Бошқа тинч.

Озодлик: Миллатлараро можаро йўқми?

- Худо хоҳласа можаро йўқ. тинч ака¸ дейди ўзганлик.

Ўш вилоятининг Новқат туманида яшайдиган суҳбатдошимиз мана бундай деди.

- Тинчлик бўлиб турибди энди. Оллоҳ сақласин энди. Ҳамиша тинч бўлайлик ҳаммамиз ҳам¸ ҳар қаерда ҳам. Қаерда бўлсак ҳам ҳаммамиз тинч бўлайлик.

Озодлик: Демак¸ Новқатда тинчлик-а?

- Новқат яхши энди Худо хоҳласа ҳозир¸ дейди новқатлик.

Вилоятнинг Аравон туманида куннинг биринчи ярмида тартибсизликлар йўқ эди.

Озодлик: Аравонда вазият қандай?

- Шу тобда мана биз ҳозир Жумадан чиқиб келяпмиз. Милиция ходимлари “дўконларни ëпинглар” деяпти. Телефонга пул солишнинг ҳам иложи бўлмади. Бир амаллаб қайсидир бир жойда ишлаëтган экан¸ шунга бориб телефонимизга пул солдик. Қандайдир бир ваҳима бор. Ҳар кунгига қараганда файзсизроқ.

Озодлик: Миллатлараро можаро йўқ.

- Йўқ¸ миллатлараро можаро йўқ. Ҳамма ëқ ҳар кунгидай эмасда. Дўконлар ëпиқ¸ транспорт қатнови ҳар кунгидан кам¸ дейди аравонлик.

Кечга яқин Арвондан бир-бирини инкор этувчи хабарлар келди. Баъзи манбалар барқарорликка путур етмади, деса, бошқалари вазият бироз кескинлашганини хабар қилди.

Суҳбатдошларимиздан бирининг айтишича, можарога аралашмай турганлар, инсоний муносабатларни ҳамма нарсадан устун қўйгувчилар ҳам бор.

- Қирғиз дўстим бор яқин. Жуда ҳам яхши бола. Менга телефон қилиб “Уйдан чиқманг” деб менга илинаяптики¸ “Маҳаллий қирғиз болалар ҳарбийлардан автоматларни тортиб олишди. Улар ҳам бериб қўйиб ўтиришибди. Ҳозир Черемушкида бир маҳаллага кириб отиб чиқди. Кўрмайсизми бу ахмоқларни” деб менга ўзи телефон қиляпти. Яқин дўстимиз¸ дейди суҳбатдошларимиздан бири.
XS
SM
MD
LG